Долзарб кун тартиби (2026 йил март - апрель)

Долзарб кун тартиби (2026 йил март - апрель)

Самарқанд намунавий ҳудуд сифатида

18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Самарқанд ишсизлик, камбағаллик, инвестиция ва экспорт каби барча йўналишларда намунавий вилоят бўлиши шартлиги қайд этилди. Бунинг учун вилоят маҳаллалари инфратузилмасини яхшилашга 100 млн. доллар, Ургут туманига қўшимча 50 млн. доллар ажратилди. Умуман, вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 трлн. сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга қўшимча равишда яна 18 трлн. сўм кредит ресурслари берилаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, Самарқанд вилояти раҳбарияти олдида камида 9 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 144 трлн. сўмдан ошириш, 3 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб этиш ва экспортни 1,2 млрд. долларга етказиш вазифаси турибди. Шунингдек, 100 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 31 минг оилани камбағалликдан чиқариш ва вилоятни ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда жаҳондаги нотинчликлар туфайли логистика занжирларининг узилиши, нефть нархи ва транспорт харажатларининг ошиб бораётгани озиқ-овқат нархларига таъсир қилиши табиий экани таъкидланди. Шу билан бирга, дунёда қарийб 100 млн. турист саёҳат учун тинч ва хавфсиз мамлакатларни қидираётгани қайд этилди. Бундай шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, туризм ва сервис соҳаларидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳокимларнинг энг асосий вазифаси бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бир қатор қарорлар қабул қилинди. Яйлов ерларини тўғридан-тўғри шартномалар орқали ижарага бериш тартиби яна бир йилга узайтирилиши белгиланди. Вилоятнинг тўртта туманида жамоат яйловлари ташкил этилиб, маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади. Лаборатория ускуналари ва наслли қорамол хариди учун 10 йилга 12 фоизли кредит ажратилади. Жорий йил 1 майдан бошлаб балиқчилик хўжаликларига қуёш панелларини ўрнатиш учун 16 фоизли кредит тақдим этилади. Картошка етиштириш масалалари ҳам алоҳида тилга олинди.

Президентимиз туризм соҳасидаги вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича катта кампания бошланиши қайд этилди. Апрелдан июнгача бўлган давр учун алоҳида дастур тайёрланиб, “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинади.

Ушбу муддатда авиакомпанияларга янги рейсларни йўлга қўйиб, олиб келинган ҳар бир хорижий сайёҳ учун 100 доллардан субсидия берилади. Шунингдек, уларга аэропорт хизматлари учун 20 фоиз чегирма тақдим этилади. 1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой мобайнида жалб қилинган ҳар минг нафар хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳисобига Самарқандга йил якунига қадар 6 млн. сайёҳ олиб келиш мақсади белгилаб олинди.

Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар

Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Сўнгги йилларда Наманганда саноат, хизматлар ва тадбиркорлик соҳаларида катта ўсиш кузатилиб, вилоят кўплаб йўналишларда бошқа ҳудудлар учун намунага айланди. Хусусан, саккиз йилда 40 мингдан зиёд янги корхона иш бошлаган, ишлаб чиқариш ҳажми эса 6 бараварга ошиб, 40 трлн. сўмга етган. 2025 йил якунлари бўйича вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 85,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 8,2 фоизга тенг бўлган. Саноат маҳсулотлари ҳажми 40,1 трлн. сўмни, хизматлар ҳажми эса 56,3 трлн. сўмни ташкил қилган. Вилоятга 3,3 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, экспорт ҳажми 916 млн. долларга етган.

Давлат раҳбари жаҳон бозоридаги беқарор вазият шароитида Наманганда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва янги “ўсиш нуқталари”ни ишга солиш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026 йилда вилоят раҳбарияти олдига иқтисодиётни 9,2 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматлар соҳасини 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш, туризм хизматлари экспортини эса 1,7 баравар кўпайтириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, хорижий инвестициялар ҳажмини 5 млрд. долларга, экспортни 1,2 млрд. долларга олиб чиқиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, йил якунигача ишсизликни 3,5 фоизга, камбағаллик даражасини 2,5 фоизга тушириш, Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Наманган, Косонсой, Норин ва Уйчи туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги шароитда энг долзарб масалалардан бири экани қайд этилди. Шу боис, вилоятда кам самарали 2,5 минг гектар боғлар ўрнида замонавий интенсив боғлар ташкил қилиш ва 8 минг гектар ерни ўзлаштириш вазифаси қўйилди. Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши қўшимча даромад манбалари ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Йиғилишда йирик инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг “Сабзазор” массивида умумий қиймати 547 млн. долларлик 15 та лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун қўшимча электр подстанцияси қуриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳозиргача бу ерда 215 млн. долларлик 7 та лойиҳа ишга туширилган.

Шунингдек, қиймати 20 млн. доллар бўлган замонавий IT-парк биносини барпо этиш таклифи билдирилди. Давлатобод туманини “ақлли шаҳар”га айлантириш, Наманган давлат техника университетига қарашли бўш объектлар негизида сунъий интеллект илмий лабораторияси ва стартаплар клубини ташкил этиш ташаббуслари ҳам муҳокама қилинди. “Наманган – ақлли шаҳар” ягона рақамли платформаси орқали коммунал хизматлар, чиқиндиларни бошқариш, экологик мониторинг ва транспорт инфратузилмаси тизимларини босқичма-босқич интеграция қилиш режалаштирилгани айтилди.

Вилоятни водий туризми марказига айлантириш мақсадида Поп туманида “Арашан” кўллари атрофида замонавий ва инновацион туризм мажмуаси, Қамчиқ довони ҳудудида Qamchiq Mountain Resort халқаро кўп функцияли тоғ дам олиш зонаси, Чодак қишлоғи Гулистон маҳалласида туризм маркази, Косонсой тумани Олмазор маҳалласида йирик туризм масканини ташкил этиш, Янгиқўрғон тумани Нанай ҳудудида сунъий кўл лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди.

Ижтимоий соҳада ҳам йирик ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Наманган шаҳрида 2026 йилда 15 минг ўринли мактабгача таълим ташкилотларини ташкил қилиш, 21 та таълим муассасасидаги бўш турган 42 минг квадрат метр ер майдонларини давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуриш учун ажратиш таклиф қилинди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия марказининг Наманган филиалини ташкил этиш, онкология ва радиология марказини замонавий ПЭТ-томограф аппарати билан жиҳозлаш, кўп тармоқли тиббиёт марказини реконструкция қилиш ва юқори технологияли операцияларни йўлга қўйиш каби ташаббуслар кўриб чиқилди.

Бухоро вилоятининг иқтисодий салоҳияти

2 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бухоро вилояти саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳеч бир ҳудуддан кам бўлмаган улкан имкониятларга эга. 2025 йилда ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ошиб, 86,6 трлн. сўмга етди, саноатда 7,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,3 фоиз, хизматлар соҳасида 14 фоиз ўсиш қайд этилган. Ишсизлик 2024 йилга нисбатан 4,7 фоизгача, камбағаллик даражаси 6 фоизгача пасайган.

Йиғилишда Бухоро вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари кўриб чиқилди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 102,1 трлн. сўмга етказиб, 9,1 фоиз ўсишга эришиш, саноат ҳажмини 9,1 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,9 фоизга, хизматлар ҳажмини эса 20,1 фоизга ўстириш вазифалари белгиланди. Ишсизлик ва камбағаллик даражасини 2 фоизгача қисқартириш, 381,5 минг нафар аҳолини даромадли қилиш назарда тутилган.

Инвестиция ва экспорт йўналишида 2026 йилда 3,3 млрд. долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, 1,5 млрд. долларлик экспортни таъминлаш, умумий қиймати 9,2 млрд. долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Саноатни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Саноат тармоқлари кесимида 61 та йирик лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,2 млрд. долларни ташкил қилади. Натижада 18 минг та янги иш ўрни яратиш, аҳоли жон бошига саноат ҳажмини 25,6 млн. сўмдан 29,6 млн. сўмга етказиш мўлжалланган. Хусусан, Когон туманида йилига 80 мингта электр ва гибрид автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Қоровулбозор туманида йилига 100 минг тонна минерал ўғит ишлаб чиқариш, Когон туманида гипсокартон ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалари ҳам муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, 61 та мавжуд саноат зонасидаги бўш ер майдонларида жойлаштириладиган янги ишлаб чиқаришлар учун устувор йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, Бухоро шаҳри ва Бухоро туманида озиқ-овқат ва мебелчилик, Вобкентда чарм ва енгил саноат, Когон ва Қоровулбозорда нефть-кимё, Шофиркон ва Пешкуда фармацевтика ҳамда озиқ-овқат, Ғиждувонда қурилиш материаллари йўналишларига устуворлик берилади.

Йиғилишда вилоятдаги 3 млн. гектар яйлов ерларидан самарали фойдаланиш бўйича янги ёндашувларни жорий этиш ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда 59,2 минг гектар майдонга тўлиқ озуқабоп экинлар экиш режалаштирилган. Бундан ташқари, умумий қиймати 454 млрд. сўм бўлган 82 та чорвачилик лойиҳасини амалга ошириш, бу мақсадда четдан 20 минг бош наслли қорамол, 30 минг бош қўй ва 200 бош от олиб келиш кўзда тутилган.

Пахтачилик, ғаллачилик ва сувдан оқилона фойдаланиш йўналишларида ҳам аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, 2026 йилда пахта ҳосилдорлигини 52 центнерга, ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга етказиш, 96,8 минг гектарда сув таъминоти ва мелиоратив ҳолатни яхшилаш, 453,5 млн. куб метр сувни иқтисод қилиш, 742 та қишлоқ хўжалиги техникасини олиб келиш режалаштирилган.

Хизматлар ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида маҳаллалар ихтисослашуви асосида 49 та лойиҳа амалга оширилиши, 33 та савдо ва сервис кўчаси, 2 та соҳил бўйи ҳудуди, 4 та туризм маҳалласи ва 10 та йўл бўйи лойиҳаси ташкил этилиши белгиланди. Бунинг учун жами 12,5 трлн. сўм молиявий ресурс, жумладан, 7,5 трлн. сўм кичик ва ўрта бизнесга йўналтирилади.

Туризм соҳаси ҳозирда асосан Бухоро шаҳри ҳисобига тўғри келаётгани қайд этилди. Жондор, Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл ва Вобкент туманларида аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий дам олиш муҳитини шакллантириш бўйича катта имкониятлар бор. Шу муносабат билан 2026 йилда 3,5 млн. хорижий ва 5,5 млн. маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, умумий туристлар сонини 9 млн.га етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун 2026 йилда 73 та янги жойлаштириш воситаси ишга туширилади, 15 та янги туроператор ташкил этилади. Шунингдек, Когон шаҳрида 6 та тарихий объект негизида туризм шаҳарчасини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди.

Йиғилишда аҳоли сонининг ўсишига мос равишда уй-жой ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш бўйича қатор вазифалар белгиланди. Маҳаллаларда йўл, электр, сув ва суғориш тармоқларини яхшилаш ишлари амалга оширилади. Бу мақсадларга жами 593 млрд. сўм маблағ йўналтирилади.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун 2026 йилда жами 4 трлн. 484 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши, бунинг ҳисобига мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ҳамда коммунал ва транспорт инфратузилмаси бўйича юзлаб лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилди.

Тошкент вилоятида келгусидаги устувор вазифалар

Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Сўнгги йилларда ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 2024-2025 йилларда Тошкент вилоятини ривожлантириш масалалари бўйича 23 та қарор қабул қилиниб, улар доирасида унинг ривожланишига бюджет маблағлари, банк кредитлари ва хорижий инвестициялар ҳисобидан йирик ресурслар йўналтирилди. Шу даврда 14 та янги саноат зонаси ташкил этилди, 115 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, 237 та янги экспортчи пайдо бўлди ва 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Ўтган бир йил ичида Паркент, Оҳангарон ва Олмалиқда электротехника, металлургия, фармацевтика, тўқимачилик, машинасозлик ва тоғ-кон соҳаларидаги йирик лойиҳалар ишга туширилди. Пойтахт экологиясига салбий таъсир кўрсатаётган 87 та корхона ва янги саноат лойиҳаларини Тошкент вилоятига кўчириш ишлари бошланди, ҳозиргача 15 дан ортиқ тўқимачилик корхонаси кўчиб келди ва 4,7 минг нафар фуқаро ўз яшаш жойида ишли бўлди.

Умуман, 2025 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 7,1 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,2 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 15,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 9,8 фоизга ўсди.

2026 йилда вилоят иқтисодиётини 9,1 фоизга, саноатни 8,8 фоизга, хизматларни 17,2 фоизга, қурилиш ишларини 15 фоизга ва қишлоқ хўжалигини 6,6 фоизга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 6,2 млрд. доллар инвестиция жалб этиш ва 2,8 млрд. доллар экспортни таъминлаш мўлжалланган.

Вилоятда саноатни бошқариш бўйича янги тизим жорий этилмоқда. Ҳокимнинг саноат масалалари бўйича ўринбосари фаолиятини баҳолаш мезонларига инвестиция ва экспортни кўпайтириш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича аниқ самарадорлик кўрсаткичлари киритилади.

Саноатдаги қўшимча ўсиш манбалари сифатида қатор янги лойиҳалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Ангрен шаҳрида керамик ва фарфор плитка, Нурафшон шаҳрида тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Янгийўл туманида “Тинчлик” кичик саноат зонаси, Паркент туманида “Паркент Фарма” эркин иқтисодий зонаси, Ўрта Чирчиқ туманида мебелчиликка ихтисослашган кластер, қўзиқорин етиштириш ва ширин маккажўхори ишлаб чиқариш, Янгийўлда балиқчилик мажмуаси лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш ва озуқа базасини кенгайтириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Умуман, 2026 йилда 2,1 трлн. сўмлик 78 та чорвачилик лойиҳаси амалга оширилиб, 496 та янги иш ўрни яратилади. Оққўрғон ва Оҳангарон туманларида паррандачиликни ривожлантириш бўйича қиймати 45 млн. долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Бўстонлиқдаги “Амирсой” қишки курорт мажмуаси ва “Белдерсой ресорт” маскани халқаро даражадаги туризм марказларига айланди. Эндиликда шундай лойиҳаларни Паркент, Ғазалкент, Оҳангарон ва Ангреннинг тоғли ҳудудларида ҳам амалга ошириш мумкин. Масалан, Паркентда “Олтин бел” чўққиси ва унга туташ ҳудудда тоғ-чанғи курорт зонаси, Оҳангарон туманида эса “Мовий тоғлар” дам олиш оромгоҳи негизида замонавий туризм мажмуаси ташкил этилади. Шунингдек, Лашкарак ва Янгиобод ҳудудларида “туризм қишлоқлари”, Бекобод туманида экологик ва ов туризми объектлари, Паркент туманида “Кумушкон” туризм мажмуаси ҳамда Паркентсойда оилавий дам олиш масканлари ва меҳмон уйларини ташкил этиш режалаштирилган. Вилоятда туризм хизматлари экспортини 600 млн. долларга, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини эса 16,5 млн.га етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда вилоятнинг “оғир” тоифадаги ва “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” туман, шаҳар ва маҳаллаларидаги 231 та лойиҳага 956 млрд. сўм ажратилгани қайд этилди. Маҳаллаларида уй-жой, электр, сув, канализация ва йўлларни яхшилаш ишларини жадаллаштириш топширилди. Хусусан, ичимлик суви бормаган 39 та маҳалла марказлашган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади, яна 81 та маҳалладаги 166,7 километр яроқсиз сув тармоғи реконструкция қилинади.

Йиғилишда жорий йилда 883 та маҳаллани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, 84,7 минг аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 37 минг норасмий иш ўрнини легаллаштириш ва 13,3 минг ишсиз фуқарони касбга ўқитиш вазифаси қўйилди. Тошкент вилоятини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб, бошқа ҳудудлар учун намуна кўрсатиш энг устувор вазифаси бўлиши белгиланди.

Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

9 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Таъкидланганидек, авваллари Сўх етиб бориш қийин, транспорт ва логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари заиф ҳудудлардан бири эди. Бугунги Сўх аста-секин минтақавий иқтисодий тизимга қайта қўшилмоқда.

Бугунги кунда Сўхдаги 25 та маҳаллада 88,6 минг аҳоли яшайди. Ҳудудда 29 та мактабгача таълим ташкилоти, 33 та мактаб, 2 та ўрта махсус таълим муассасаси, 14 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 2 та маданият объекти фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 13 минг 921 та иш ўрни яратилди, 1 667 та оила камбағалликдан чиқарилди. Шу билан бирга, туманда камбағаллик даражаси 7,9 фоиз, ишсизлик эса 5,5 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткичлар ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда туманнинг туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида 60 млн. доллар инвестиция жалб қилиш, қарийб 2 минг иш ўрни яратиш, туризм хизматлари ҳажмини 15 млрд. сўмга, экспортни эса 2 млн. долларга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Энг муҳим вазифалардан бири сифатида аҳоли яшаши ва меҳнат қилиши учун қулай инфратузилма яратиш, тадбиркорликни кенгайтириш ва бандликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир маҳаллада 10 тадан, жами 300 та микролойиҳа ишга туширилиб, 8,6 минг аҳоли касб-ҳунарга ўқитилади. Бу лойиҳаларга банклар томонидан 64 млрд. сўм кредит ресурси йўналтирилади, ижтимоий ва инфратузилма объектлари учун эса қўшимча 74,5 млрд. сўм ажратилади.

Аҳоли даромадининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ экани инобатга олиниб, ушбу соҳада замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Мевали боғлар, заъфарон плантацияларини барпо қилиш, шунингдек, 100 гектар майдонда картошка етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди. Шунингдек, Навобод маҳалласида балиқчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа тақдим этилди.

Девайрон ва Тул-дашт ҳудудлари оралиғида 8 километр узунликда ўзи оқар суғориш тармоғи қурилиши ҳисобидан 500 гектар мевали боғ ва қўшимча 300 гектар экин майдонини ўзлаштириш имконияти мавжуд.

Урбанизация муаммолари ва вазифалари

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Сўнгги тўққиз йилда мамлакатимизда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхонаси иш бошлади. Айланмаси 1 трлн. сўмдан ошган 20 та, 100 млрд. сўмдан юқори кўрсаткичга чиққан 365 та йирик компания шаклланди. Лойиҳа ташкилотлари сони 2 мингдан ошиб, уларнинг 650 дан зиёди халқаро сертификат олди. Шу даврда қурилиш соҳасида рухсат бериш босқичлари 3 карра, муддатлар эса 4 карра қисқартирилди. 420 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари бирлаштирилиб, эскилари бекор қилинди ва 140 та янги норма ва қоида тасдиқланди.

Натижада ўтган йиллар мобайнида 210 млн. квадрат метр бино-иншоот, 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Қурилиш ишларининг ҳажми 2016 йилдаги 30 трлн. сўмдан ўтган йили 314 трлн. сўмга етди. Бугун қурилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва уларга ёндош соҳаларда 3,5 млн. аҳоли банд.

Йиғилишда урбанизация масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда юртимиз аҳолиси 38 млн.дан ошиб, урбанизация даражаси 51 фоизга етган, қарийб 20 млн. нафар аҳоли шаҳарларда яшамоқда. Вилоят ҳокимлари ҳамда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасига жорий йилнинг ўзида бюджет маблағлари ҳисобидан 6 та шаҳар ва 44 та шаҳарча бўйича бош режаларни, 104 та қишлоқ бўйича мастер-режаларни якунлаш, бундан ташқари, ташаббускор тадбиркорлар билан бирга яна 50 та аҳоли пункти учун шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни бошлаш топширилди.

Ер ва объектларни иқтисодий фаолиятга жалб этиш бўйича ҳам жиддий камчиликлар қайд этилди. Сўнгги тўрт йилда аукционда сотилган 11,5 минг гектар ернинг 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Шунингдек, аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси ва 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай тургани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди. Ўтган йили қурилиш билан боғлиқ 2,6 млн.дан зиёд аризанинг учдан бири рад этилгани, бу ҳолат ортида кўп ҳолларда коррупция ва ортиқча бюрократик ғовлар тургани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бундай муаммоларга барҳам беришнинг энг самарали йўли рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш эканини таъкидлади.

Қурилишга рухсат беришда сансалорликнинг яна бир сабаби сифатида жойларда шаҳарсозлик кенгашига аъзо 26 та идора ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш йўқлиги кўрсатилди. Шу муносабат билан шаҳарсозлик кенгашига Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг ўзи бошчилик қилиши, тадбиркор масаласига якуний ечим берадиган тизим жорий этилиши белгиланди.

Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини таъминлаш масаласи доимий диққат марказида бўлиши шартлиги таъкидланди. Сўнгги йилларда 56 та “Янги Ўзбекистон” массиви инфратузилмаси учун 4 трлн. 100 млрд. сўм ажратилган, жорий йилда эса ушбу мақсадлар учун яна 1 трлн. 400 млрд. сўм йўналтириш режалаштирилган. Жорий йил ҳудудларда 140 минг хонадонли кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш зарур. Бунда реновацияга алоҳида эътибор қаратиш муҳим.

Йиғилишда соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва креатив муҳитни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Архитектор, лойиҳачи ва урбанистика соҳаси мутахассислари учун биринчи креатив паркни Тошкент шаҳрида ташкил қилиш, кейинчалик бундай паркларни ҳудудларда ҳам барпо этиш ишларини бошлаш топширилди.

"Иқтисодий шарҳ" журнали №4/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар