Ўзбекистон цемент саноати тенденциялари

Ўзбекистон цемент саноати тенденциялари

Қурилиш соҳасининг ўсиши саноатлаштириш ва қурилиш материаллари бозорини кенгайтириш асоси сифатида

2017 йилдан бери қурилиш сектори Ўзбекистонда саноатни ривожлантиришнинг асосий драйверларидан бирига айланди. Қурилиш ишлари ҳажмининг барқарор ўсиши асосий қурилиш материалларига катта ички талабни шакллантириб, ишлаб чиқариш қувватини ўстиришнинг инвестициявий цикли учун олдиндан айтиб бўладиган бозор асосини яратди.

2017-2024 йилларда қурилиш материаллари тармоғи тизимли ўсишни намойиш этди. Ишлаб чиқариш ҳажми тўрт бараварга – 11,4 трлн. сўмдан 47,1 трлн. сўмгача ошди. Бозор ҳажми 3,5 млрд. долларга етди, ўртача йиллик реал ўсиш суръати 9,2 фоизга тенг бўлди. Тармоқнинг ЯИМга қўшган ҳиссаси 1,3 фоизни ташкил этди, бу иқтисодиётнинг саноат тузилмасида унинг роли ўсиб бораётганини тасдиқлайди. Шундай қилиб, қурилиш сектори динамикаси қисқа муддатли конъюнктура омили эмас, балки саноатлаштириш асосларидан бири бўлиб хизмат қилди.

Миқёсланиш катта инвестиция оқими билан бирга кечди: саккиз йил ичида секторга 10,8 млрд. доллар, жумладан, 2024 йилда 2,2 млрд. доллар маблағ йўналтирилди. Бу эса асосий маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг кескин ошишини таъминлади: цемент ишлаб чиқариш 18 млн. тонна (2 баравар ўсиш), керамика маҳсулотлари – 143 млн. квадрат метр (15 баравар ўсиш), қурилиш ойнаси – 26 млн. квадрат метр (3,6 баравар ўсиш), лак-бўёқ маҳсулотлари – 112 минг тонна (2 баравар ўсиш), ПВХ қувурлари ва фитинглар – 175 минг тоннага (3,5 баравар ўсиш) етди.

Тармоқнинг институционал базаси ҳам мустаҳкамланди: корхоналар сони 9,6 мингтага ошди, бандлик 98 минг кишига яқинлашди. Экспорт 11,7 баравар ўсиб, 831 млн. долларга етди, бу маҳсулотлар қаторининг кенгайиши ва ҳудудий бозорларга босқичма-босқич интеграциялашувни акс эттиради.

Шундай қилиб, 2024 йилга келиб қурилиш материаллари сектори тезлаштирилган миқдорий миқёслаш фазасини якунлади ва тўлақонли саноат платформасини шакллантирди. Вазирлар Маҳкамасининг 184-сон Қарорида тармоқ ривожланишининг кейинги босқичи йўналишлари белгилаб берилди: 2030 йилга келиб ишлаб чиқариш ҳажмини ўртача йиллик ўсиш суръати 7,5 фоиз бўлган ҳолда 73 трлн. сўмга етказиш, экспортни 1,3 млрд. долларга ошириш ва импортни 437 млн. долларга қисқартириш кўзда тутилган. Элликдан зиёд янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва бандликни янада кенгайтириш режалаштирилган.

Қурилиш тармоғини ривожлантиришнинг кейинги босқичи муқаррар равишда нафақат ҳажмларни янада кенгайтириш билан, балки самарадорликни ошириш, технологик модернизация ва тобора мураккаблашиб бораётган рақобат муҳитида барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ бўлади.

Ўзбекистон цемент тармоғи: етиб олувчи кенгайишдан тузилмавий етукликка ўтиш

Ўзбекистон цемент тармоғи жадал етиб олаётган кенгайиш даврини якунлаб, 2024-2025 йилларда тузилмавий етуклик фазасига кирди. Аввалги йилларда кузатилган ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулот ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ички талабнинг янада кенгайиши табиий равишда секинлашадиган миқёсга етишини таъминлади. Аҳоли жон бошига цемент ишлаб чиқаришнинг 0,54 тоннагача ошиши (Қозоғистонда қарийб 0,62 тонна бўлган) қурилиш сектори ривожланган минтақавий иқтисодиётларга хос бўлган тўйинганлик диапазонига яқинлашганидан далолат беради.

Бундай шароитларда қувватлар профицитининг шаклланиши аввалги инвестиция циклининг табиий натижасидир. Бу тармоқнинг заифлигини эмас, балки унинг саноатлаштириш кўламини ва тўпланган ишлаб чиқариш салоҳиятини акс эттиради. Янги линияларни жорий этиш суръати ички талаб динамикасидан ошиб кетмоқда, бу эса ўртача фойдаланишнинг 50-55 фоизгача пасайишига олиб келади. Бироқ, бозорнинг минтақавий тузилиши ва транспорт харажатлари улуши катта бўлгани сабабли нархлар барқарорлиги сақланиб қолмоқда.

Бу босқичдаги асосий масала ишлаб чиқариш ҳажми эмас, балки ўсиш моделининг барқарорлигидир. Етуклик фазасида рақобатбардош устунликлар қувватларни ўстириш ҳисобига эмас, балки капитал интизоми, инвестицион қарорларни мувофиқлаштириш ва операцион самарадорликни ошириш орқали шакллантирилади.

Секторнинг келгуси динамикаси стратегик бошқарув сифати билан белгиланади, чунки назоратсиз кенгайиш маржинал босимни кучайтиришга қодир, бошқариладиган мослашув эса инвестицион жозибадорликни сақлаб қолиш ва барқарор пул оқимларини таъминлаш имконини беради.

Шу тариқа, цемент саноати экстенсив ўсиш моделидан рационаллик ва самарадорлик моделига ўтмоқда. Профицит инқирозлиҳолат эмас, балки узоқ муддатли рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун ишлаб чиқариш базасини модернизация қилиш ва инвестиция сиёсатини янада аниқроқ созлашни талаб қиладиган таркибий ўзгаришлар босқичи бўлиб қолмоқда.

Таркибий профицит ва рақобатнинг янги иқтисодиёти: ҳажм ўрнига самарадорлик

Қувватлар профицитининг шаклланиши тез саноатлашаётган тармоқнинг табиий етуклик босқичидир. Ишга тушириш 50-55 фоиз даражасида бўлиб, экспорт роли чекланганда цемент секторининг рақобатбардош модели сифат жиҳатидан ўзгаради. Ишлаб чиқариш ҳажми рақобатбардош устунликнинг асосий манбаи бўлишдан тўхтайди; ўртача ортиқчалик шароитида маржани сақлаб қолиш қобилияти барқарорликнинг асосий омилига айланади.

Таркибий профицит фазасида янги қувватларнинг назоратсиз киритилиши нархларга босимни оширади ва бозорга мослашиш даврини узайтиради. Инвестицион қарорлар соҳавий рентабелликка бевосита таъсир қила бошлайди: мувофиқлашув етарли бўлмаганда капитал қўйилмалар ўсиш драйверидан маржинал эрозия омилига трансформация бўлиши мумкин.

Рақобат операцион самарадорлик юзасига кўчмоқда. Нисбатан паст таннархга, оптималлаштирилган логистикага ҳамда минтақавий истеъмолчилар билан барқарор шартномавий муносабатларга эга корхоналар устунликка эришади. Молиявий интизом, харажатлар назорати ва қувватлар рационаллиги номинал миқёсдан муҳимроқ бўлиб бормоқда.

Шундай қилиб, тармоқ янги рақобат иқтисодиётига қадам қўймоқда, унда қиймат ҳажмни кенгайтириш ҳисобига эмас, балки капитал ва ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини бошқариш орқали яратилади. Бундай шароитда секторнинг барқарорлиги экстенсив ўсиш моделидан таркибий оптималлаштириш ва бошқариладиган таклиф рационаллиги моделига ўтиш қобилияти билан белгиланади.

Профицит шароитида нархлар барқарорлиги: минтақавий парчаланиш ва логистик иқтисодиёт

Қувватлар профицити шаклланишига қарамай, цемент бозори нархлар кескин тушиб кетишини намоён этмаяпти. Бу тармоқнинг асосий таркибий хусусиятлари билан изоҳланади. Таннархда транспорт харажатлари улуши юқорилиги иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган етказиб бериш радиусини сезиларли даражада чеклайди, натижада бозор ягона миллий макон сифатида эмас, балки нисбатан автоном минтақавий кичик бозорлар тўплами сифатида амал қилади.

Бу шароитда битта минтақадаги ортиқча таклиф автоматик равишда бутун мамлакат миқёсида нарх босимига айланмайди. Рақобат динамикаси асосан маҳаллий хусусиятга эга: нарх параметрлари ва маржиналлик қувватлар жойлашуви географияси, охирги истеъмолчига яқинлиги, транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш имконияти ва шартномавий алоқалар барқарорлиги билан белгиланади.

Шу тариқа, профицит базасида нархлар барқарорлиги тармоқнинг маконий иқтисодиётига таянади. Айнан бозорнинг логистик конфигурацияси ортиқчалик таъсирини юмшатади ва миқёсли нарх беқарорлашувини чеклайди, рақобатни миллийдан минтақавий-тузилмавий шаклга ўзгартиради.

Етук саноатлаштиришнинг стратегик танлови: бошқариладиган самарадорлик ва модернизация

Ушбу хулосаларнинг барчаси узоқ муддатли барқарорлик қувватлар ҳажми билан эмас, балки стратегик танловларнинг сифати билан белгиланади деган тезисни тасдиқлайди. Тузилмавий чекловларни эътиборсиз қолдириш шунчаки мослашишни кечиктиради ва маржинал босимни оширади.

Ўзбекистон бозорининг ҳозирги конфигурацияси – қувватлардан 50-55 фоиз фойдаланиш, чекланган экспорт кўлами, юқори транспорт компоненти ва минтақавий парчаланиш – бошқариладиган самарадорлик моделига эҳтиёж борлигини кўрсатади. Қувватлардан фойдаланиш 60 фоиздан паст бўлганда янги қувватларни ишга тушириш қўшимча қиймат яратмайди ва рақобат босимини кучайтиради. Шунинг учун, инвестицион қарорларни мувофиқлаштириш ва назоратсиз экспансияни чеклаш устуворлик касб этади.

Экспортдан баланслашнинг ёрдамчи воситаси сифатида фойдаланиш мумкин, лекин у барқарорлик учун тизимли асосга айлана олмайди. Тамоман ташқи бозорларга таяниш глобал волатилликка таъсирчанликни оширади. Бундай шароитда рақобатбардошлик маҳаллий позициялаш: минтақавий талабни қондириш имконияти, логистика инфратузилмаси сифати, узоқ муддатли шартномалар ва таннарх даражаси билан белгиланади.

Активларни консолидация қилиш ва технологик модернизация стратегик воситаларга айланмоқда. Корхоналарни йириклаштириш, энергия самарадорлигига инвестициялар киритиш ва рақамлаштириш ўртача профицит шароитида маржани барқарорлаштириш ва чидамлиликни ошириш имконини беради. Бундан ташқари, CВАМ[i] талаблари ҳисобга олинган иқлим кун тартибини интеграциялаш узоқ муддатли рақобатбардошлик омили бўлмоқда, чунки углерод интенсивлиги аста-секин ташқи бозорларга киришга таъсир қилувчи иқтисодий параметрга айланиб бормоқда.

Шундай қилиб, миқдорий миқёслаш моделидан бошқариладиган самарадорлик моделига ўтиш Ўзбекистон цемент саноати учун оптимал ривожланиш йўлидир. Бу капитал интизоми, таклифни рационаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва иқлим талабларини стратегик режалаштиришга интеграциялашни назарда тутади. Бундай ёндашув нархларнинг беқарорлашуви хавфини минималлаштириш, минтақавий активларнинг инвестицион жозибадорлигини сақлаш ва ўрта муддатли истиқболда сектор барқарорлигини таъминлаш имконини беради.

[i] CBAM (Carbon Border Adjustment Mechanism, Углерод чегарасини созлаш механизми) – бу ЕИнинг маҳсулотлар (цемент, алюминий, ўғитлар, металлургия, водород, электр энергияси) ишлаб чиқаришдаги чиқиндилар учун импортчилардан ҳисобот беришни ва углерод сертификатларини тўлашни талаб қиладиган механизми. 2026 йилдан бошлаб импортчилар ҳар бир тонна чиқинди учун сертификатлар сотиб олишлари шарт. CBAM углерод сизиб чиқишини камайтиришга ва савдо амалиётида глобал декарбонизацияни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Азизбек Захидов,
мустақил тадқиқотчи, Халқаро Вестминстер университети
"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар