Блокчейн технологиясини ҚҚС механизмига жорий этиш қандай имкониятлар яратади

Блокчейн технологиясини ҚҚС механизмига жорий этиш қандай имкониятлар яратади

Иқтисод фанлари доктори Исломбек Ниязметов ҳамда Блокчейн технологиясини ўрганиш ва таҳлил қилиш бюроси мутахассиси Жалил Байкалонов блокчейн технологиясининг электрон ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва энг муҳими хуфёна иқтисодиётни қисқартиришдаги аҳамияти ҳақида гапирдилар.

2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентга 2021 йил учун Мурожаатномасида глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш Президентдан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифаси бўлмоғи даркорлиги таъкидланди. Мамлакатимизда сўнги йилларда солиқ тизими тубдан ислоҳот қилинмоқда. Бу борада соҳада амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари яхши натижа бермоқда.

Солиқ тизимини рақамлаштириш биринчи навбатда солиқ тўловчиларнинг эҳтиёж ва имкониятларига қаратилган бўлиши лозим. Механизм қанчалик қулай ва содда бўлса, фуқароларга давлат олдидаги барча солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш шунчалик осон бўлади. Бугунги кунда жаҳонда кенг тарқалиб бораётган блокчейн технологиясини солиқ маъмурчилиги, жумладан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) механизмига жорий этиш солиқ назорати тизимини соддалаштириш, бухгалтерия ҳисоби, тўловлар ва активларни ўтказиш ҳамда ҳисобга олиш жараёнини автоматлаштиришда катта имкониятларни яратади. Мазкур технологиядан нафақат тараққий этган мамлакатларда, балки ривожланаётган мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўплаб соҳаларда (иқтисодиёт, молия, давлат кадастри ва картография, пул ўтказмалари, соғлиқни сақлаш ва ҳ.к.) фойдаланиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Маълумот учун, “Blockchain” термини инглиз тилидан кириб келган бўлиб, “занжирли механизм” маъносини англатади. Бошқача айтганда, блокчейн технологияси маълум бир электрон тизим доирасида амалга оширилган битимлар ёки бошқа рақамли ҳодисалар мажмуини ўзида акс эттирган маълумотлар базасидир. Блокчейн технологияси асосида сақланадиган маълумотлар хавфсиз ва шаффоф бўлиб, уларни ўзгартириш имконсиздир. Маълумотлар алмашинуви марказлашган серверларга қараганда анча тез ишлаши каби имкониятлари блокчейн технологиясини интернет оламида оламшумул янгилик даражасига олиб чиқди. Шу сабабдан ҳам ушбу технологияни занжирли механизмга асосланган ҚҚС маъмурчилигида қўллаш бугунги кунда жуда долзарбдир.

ҚҚСни ундириш тизимидаги муаммолар

Европа иттифоқи комиссиясининг таъкидлашича, ҚҚС давлат бюджети учун муҳим аҳамият касб этадиган солиқ тури ҳисобланиб, айрим мамлакатларда солиқ тушумларининг катта салмоғи мана шу солиқ турига тўғри келади. Ўз навбатида, ҚҚСни ундириш тизимининг ҳозирги ҳолатига кўра ҳам миллий, ҳам халқаро даражада қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, солиқ декларациялари ва ҳисоб-китоблари белгиланган муддат ичида (ойлик ёки чораклик) ҳисоблаб чиқилганлиги сабабли ҳисоб-китоблар ҳақиқий операциялардан (масалан, ҳисоб-китоб саналаридан) фарқ қилиши мумкин. Бундан ташқари, мавжуд тизим солиқ органлари учун ҚҚС тўловлари устидан мониторингни қийинлаштирмоқда. Натижада ҚҚС билан боғлиқ фирибгарликнинг ҳар хил турлари юзага келмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда ҚҚС манфий тафовутини қоплаш (ортиқча тўловни қайтариш) қўйидагича тартибда амалга оширилади. Тадбиркор ҚҚСдаги салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига шахсий кабинети орқали белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади. Солиқ органлари аризани кўриб чиқиш учун умумий тартибда камерал солиқ текширувларини ўтказади. Шундан сўнг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаш ҳақидаги хулоса тайёрланиб, ғазначиликка юборилади. Ғазначилик ҚҚСнинг ортиқча тўлов суммасини тадбиркорнинг банк ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Бу жараён 60 кун, яъни 2 ойгача чўзилиши мумкин.

Европа иттифоқи блокчейн технологиясини ҚҚСда жорий этишга қандай қарайди?

ҚҚС билан боғлиқ ташқи операцияларни, халқаро даражадаги ҚҚС маълумотларини назорат қилиш янада муаммолироқ. Чунки, ҳар бир мамлакат ҚҚС маъмурчилиги бўйича ўз тартиб-қоидаларига эга. Бу эса ҚҚС операциялари устидан назоратни янада қийинлаштиради. Европа комиссияси маълумотларига кўра, 2017 йилда Европа Иттифоқи давлатлари ҚҚС тушумларидан 137 млрд eвро (151 млрд доллар) йўқотиш қилган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 140 млрд еврони ташкил этган. 2019 йил 6 декабрда Белгиянинг Брюссел шаҳрида Eвропа комиссиясининг солиқ ва божхона ишлари бўйича (DG ТАХUD) томoнидан ташкил этилган “Рақамли даврда ҚҚС” конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда ҚҚС маъмурчилигига янги технологияларни жорий этиш, жумладан, блокчейн технологиясининг ҚҚС механизмидаги имкониятлари ҳақида фикрлар алмашилди. Бунда Европа иттифоқи блокчейн технологиясини ҚҚСда жорий этиш самарали ечим эканлигини таъкидламоқда.

Солиқ тизимига, жумладан, ҚҚС маъмурчилигига блокчейн технологиясини жорий этиш қўйидаги афзалликларга эга:

  • - ҚҚС механизмининг бехато ишлашини таъминлаш. “Ақлли шартнома”ларга (smart contract) асосланган битимлар шаффоф бўлиб, ҚҚС тизимида фирибгарлик ва хатоликлар хавфини камайтиради.
  • - Солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш. ҚҚС манфий тафовути суммаларини қайтариш жараёнини максимал даражада соддалаштириш, солиқ органлари юкини камайтириш, вақт ва ҳисоб-китоб сарфини тежаш имконини беради.
  • - Энг кичик солиқ операцияларини ҳам кузатиб бориш (товарнинг ишлаб чиқарувчидан то истеъмолчига етиб боргунча бўлган босқичларида ҚҚС мониторинги).
  • - Реал вақт режимида ҳеч қандай ўзгартиришларсиз ёзувларни сақлаш.

Блокчейн технологияси солиқ тизимида шубҳасиз янги имкониятларни юзага келтиради. Бироқ, ҳар қандай мукаммал нарсанинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бўлгани сингари блокчейн технологияларининг ҳам баъзи камчиликлари мавжудлигини таъкидлаш жоиз. Жумладан, ушбу технология асосида тўпланадиган маълумотларнинг вақт ўтиши билан йирик ҳажмларда кўпайиб бориши уларни тармоқда сақлаш муаммоларини келтириб чиқаради. Шунингдек, блокчейн нисбатан янги технология бўлганлиги сабабли унга дастурлар ишлаб чиқадиган ва тегишли инфратузилмани бошқаришга қодир мутахассисларнинг камлиги ҳам муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Қўшилган қиймат солиғи механизмида блокчейн технологиясини қўллаётган мамлакатлар

Хорижий мамлакатлар амалиётида блокчейн технологиялари давлат бошқарувини рақамлаштиришда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Хусусан, хорижий тажрибаларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда кўплаб давлатлар солиқ тизимида блокчейн технологияларидан фойдаланиш бўйича тажриба-синов амалиёти ўтказиб келинмоқда.

Солиқ тизимида блокчейн технологиясини қўллаш бўйича Европа давлатлари орасида Финландия ва Эстония етакчилардандир. Жумладан, Эстония ҳукумати бир неча йиллардан бери солиқ тизимида блокчейн технологиясини қўллаш бўйича тажрибалар ўтказиб келмоқда. Хусусан, Эстониянинг “Guardtime” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “Keyless Signature Infrastructure” (Калитсиз имзо инфратузилмаси) деб номланувчи маълумотлар базаси ўзига блокчейн технологиясини интеграциялаштирган технология ҳисобланади. Бу технология солиқ тўловчиларга ўз шахсий кабинетларига кириш, солиққа оид тафсилотларни билиш, уларни ўзгартириш, интернет орқали онлайн тарзда солиқларни тўлаш, ортиқча тўланган ҚҚС суммаларини қисқа вақт ичида қайтариб олиш имкониятини беради. Cолиқ органларига эса солиқларнинг ўз вақтида тўланишини онлайн назорат қилиш, солиқ тизими шаффофлигини таъминлаш ва солиқ операцияларини реал вақт режимида кузатиш имкониятини беради. Бугунги кунга келиб, Эстонияликларнинг 98 фоизи ўз даромадларини солиқ органларига онлайн тарзда декларация қилишмоқда. Бу солиқ тўловчиларга қулай имконият бўлиб, унда солиқ тўловчилар декларация тақдим этиш учун беш дақиқадан кам вақт сарфлашади.

Осиё давлатлари ичида Хитой ва Таиланд блокчейн технологиясини ўз солиқ тизимида муваффақиятли қўллаётган давлатлардан ҳисобланади. Жумладан, Хитойнинг Шенчжен шаҳри маъмурияти биринчилардан бўлиб блокчейн технологиясига асосланган ҳисоб-фактураларни солиқ амалиётига татбиқ этган. Шенчжен округи маъмурияти эса блокчейн технологияси орқали солиқ тизимида тўлиқ тартиб ўрнатишга ва бу орқали солиқлар тушумини сезиларли даражада оширишга ҳаракат қилмоқда[1].

Таиланд блокчейн технологияси асосида сайёҳларга улар тўлаган ҚҚС суммаларини қайтариб берадиган мобил иловани дунёда биринчи бўлиб ишга туширди. Таиланд солиқ маъмуриятининг таъкидлашича, бу самарали тизим сайёҳларга қулайлик яратибгина қолмасдан, ҚҚСни қайтариш жараёнини ҳам тезлаштиради. Энг асосийси, бу технология давлат харажатларини камайтириш ва туризмни ривожлантириш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

МДҲ давлатлари орасида Қозоғистон Республикаси блокчейн технологиясини ҚҚС механизмида қўллаш бўйича лойиҳаларни бошлаган. Унга кўра реал вақт режимида ҚҚСнинг молиявий оқимларини кузатиб бориш, солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари шаффоф бажарилишини таъминлаш ҳамда ҚҚС манфий тафовутини қоплаш муддатини 55 кундан 15 иш кунигача қисқартириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ҚҚС маъмурчилигида блокчейн технологиясидан фойдаланиш орқали 2025 йилга келиб давлат бюджетига қўшимча 1,5 трлн тeнге даромад келтириш прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистонда ҚҚС маъмурчилигини рақамлаштириш ҳолати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5116 сонли фармони (18.07.2017 й.) соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди. Фармонга биноан солиқ маъмурчилиги тизимида энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, мамлакатимизда ҚҚС механизмини рақамлаштириш борасида ишлар олиб борилиб, бугунги кунда ушбу солиқнинг ягона автоматлаштирилган тизими (ҚҚС тўловчилари реестри) ишлаб чиқилган. Ҳозирда ҚҚС манфий тафовут суммаларини қоплаш “my.soliq.uz” портали орқали амалга оширилмоқда. Бугунги кунга келиб жами 106195 та ҚҚС тўловчилардан 98191 таси (93%) электрон ҳужжат айланиш тизимидан фойдаланишга ўтган. Айни вақтга қадар улар томонидан шакллантирилган ЭҲФлар (Электрон ҳисоб-варақ-фактура) сони 12,1 млн.дан ортиқ. Мамлакатимиз солиқ тизимига блокчейн технологияси жорий этилмаган бўлсада, солиқ маъмурчилигида бошқа илғор технологиялардан фойдаланилмоқда. Хусусан, улар ичидан “Mongo sharding” (sharding key by TIN) дастури маълумотларни сақлаш учун керак бўлса, “Redis” (Remote Dictionary Server) дастури маълумотларни хотирада сақлаш базаси бўлиб ҳисобланади ва реал вақт режимида ишлайдиган дастур вазифаларини ҳам бажаради. “RabbitMQ” эса маълумотлар тезкор алмашинуви учун жуда зарур дастурий таъминот ҳисобланди.

Солиқ маъмурчилиги тизимига блокчейн технологиясини жорий этиш ҳукуматнинг солиққа оид қонунларига ҳам туб ўзгаришларни киритишни талаб қилади. Шунингдек, интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўзгартириш ҳам лозим. Бироқ, блокчейн технологиясининг электрон ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва энг муҳими ҳуфёна иқтисодиётни қисқартиришдаги аҳамиятидан келиб чиқадиган бўлсак, қонун ҳужжатларини ўзгартириш билан боғлиқ мураккабликлар ўзини оқлашини таъкидлашимиз мумкин.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни кучайтириш мақсадида блокчейн технологиясини дастлаб солиқ маъмурчилигининг бир қисмига, хусусан ҚҚС механизмига тажриба сифатида қўллаб кўриш ва унинг афзалликларидан баҳраманд бўлган ҳолда янгилик сари қадам ташлаб боришни таклиф этган бўлар эдик.

Исломбек Ниязметов

Иқтисод фанлари доктори

Солиқ ва божхона-тариф сиёсатини такомиллаштириш лойиҳаси

бўлим бошлиғи

Жалил Байкалонов

Блокчейн технологиясини ўрганиш ва таҳлил қилиш бюроси

биринчи тоифали мутахассиси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар