Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.
2020 йил якунлари бўйича юртимиз иқтисодиёти 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга ўсган бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 580,2 трлн. сўмни ташкил этди.
Ялпи ички маҳсулот ўсишининг 0,76 фоизи қишлоқ хўжалигига (соҳадаги ялпи қўшилган қийматининг ўсиши 3,0 фоиз), 0,55 фоизи қурилишга (9,2 фоиз), 0,18 фоизи саноатга (0,7 фоиз) ҳамда 0,04 фоизи хизматлар кўрсатиш соҳаси (0,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, ҳисобот даврида ялпи қўшилган қиймат таркибида хизматлар 36,3 фоизни (2019 йилда 36,1 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 28,2 фоизни (28,0 фоиз), саноат 28,5 фоизни (29,3 фоиз), қурилиш 7,0 фоизни (6,6 фоиз) ташкил этди.
Коронавирус пандемияси халқаро бозорларга ўз таъсирини кўрсатганлиги оқибатида мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 36,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 13,1 фоизга қисқарган. Бунда экспорт 13,4 фоизга, импорт эса 12,8 фоизга камайган.
Бундан ташқари, 2020 йилда инвестицион фаоллик пасайиши ҳисобига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2019 йилга нисбатан 8,2 фоизга қисқарди ва 202,0 трлн. сўмни ташкил этди.
Пандемиянинг салбий таъсирига қарамай, Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн. сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4,2 трлн. сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар 2019 йил маълумотлари билан солиштирилганда 20,8 трлн. сўмга ўсди.
Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 144,1 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан24,8 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74,2 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,8 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 85,1 фоизи ёки 63,2 трлн. сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.
Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзининг ҳажми 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 21,1 млрд. доллар ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,5 фоизни, Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз 15,1 млрд. доллар эквивалентини, Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз эса, 6,0 млрд. доллар эквивалентини ташкил этади.
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилда ўтказилган 6 944 та молиявий назорат тадбирларнинг асосий қисми, яъни 4 729 таси (68%) бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан ўтказилган.
Назорат тадбирларида аниқланган 246 млрд. сўм миқдоридаги бюджет интизомининг бузилиши, пул ва товар моддий бойликлар камомади, қилинган асоссиз харажатлар учун 168,8 млрд. сўм бюджетга тикланиши таъминланган.
Изоҳ қолдириш