Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Фарғона тинчлик форуми биринчи йиғилишида Фарғона водийсининг янги иқтисодий имкониятларига бағишланган маъруза билан иштирок этди.
О. Хакимов жорий йил март ойида Хўжанд шаҳрида имзоланган тарихий давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги битим узоқ муддатли барқарорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратганини таъкидлади: «Биз олдимизга қўйган асосий вазифа — “тинчлик дивиденди”ни барқарор иқтисодий ўсишга айлантириш, ишончли таъминот занжирларини яратиш, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини оширишдир».
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Фарғона водийсининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича янгиланган таҳлилини тақдим этди. Саккиз йил давомида водийнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) жорий нархларда деярли тўрт баробарга ошиб, 7,9 млрд доллардан 19,8 млрд долларгача етди. Шу даврда реал ўсиш 60%ни ташкил этиб, ўртача иқтисодий кўрсаткичдан 56%га ошди.
Ўзбекистон ЯИМда Фарғона водийсининг улуши 17,2%ни ташкил этмоқда. Аҳоли сонининг сезиларли даражада 15%га ошганига қарамай, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал ЯҲМ 37 %га етди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020-2024 йилларда Night-Time Light маълумотлари асосида ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур давр мобайнида Фарғона водийсида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 68%га ўсиб, 1,8 минг доллардан 3,0 минг долларга етган.
Тармоқлар таркибий тузилмаси ўзгармоқда. Хизматлар соҳасининг улуши 40,3%гача, саноат ва қурилиш соҳаларининг улуши эса 28%гача ошди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариши ҳам учдан бир қисмига кўпайди. Водий экспорти 2,7 млрд долларгача ошиб, 2,4 баробарга кўпайди. Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо айланмаси 1,6 млрд долларгача ошиб, уч баробардан зиёдга кўпайди.
2017–2024 йиллар давомида 31,2 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди ва 975 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Камбағаллик даражаси эса 13,9%дан 8,6%гача камайди.
Алоҳида тарзда «умумқамровли» ўсиш инфратузилмасини шакллантираётган лойиҳалар қайд этилди. «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси 210 гектаргача кенгайтирилди, 2026 йил охиригача 1 млрд долларгача инвестиция жалб этиш ва 12 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Наманган ва Андижонда аэропортлар ва юк ташиш марказлари (карго-узеллар) модернизация қилинмоқда, янги ишлаб чиқариш майдонлари ва туристик кластерлар ривожланмоқда. Бу эса логистика харажатларини камайтиради ва минтақа экспорт салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари асосида Обид Хакимов чегара тартиб-таомилларини ягона тартибга солиш ва «яшил коридорлар»ни жорий этиш, қўшма саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш, логистика хаблари ва карго инфратузилмасини ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек узоқ муддатли молия ресурсларини жалб этган ҳолда сув-энергетика ва «яшил» лойиҳаларни мувофиқлаштиришни ўз ичига олган амалий ташаббуслар пакетини тақдим этди.
Сўзининг якунида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори икки томонлама келишувлар тўпламидан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги тизимли уч томонлама ҳамкорликка ўтиш зарурлигини таъкидлади. Бу йўл чегарада ягона стандартларни жорий этиш, инфратузилма инвестицияларини ўзаро мувофиқлаштириш ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйишни назарда тутади; натижада барқарорлик мустаҳкамланиб, Фарғона водийсининг иқтисодий ривожланиши тезлашади.
Ҳисобот ва инфографиканинг тўлиқ матни билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш