Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

АҚШ 14 та савдо ҳамкорига нисбатан янги импорт божларини жорий этишни режалаштирмоқда (Reuters)

АҚШ маъмурияти жаҳон саноатидаги ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари бўйича саккиз ой давомида ўтказилган текширув якунларига кўра, 14 та савдо ҳамкорига нисбатан янги импорт божларини жорий этишни таклиф қилди. Бож ставкаларини Хитой учун 20 фоиз, Камбоджа, Индонезия, Малайзия, Таиланд ва Бангладеш учун 18 фоиз, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Тайвань ва Швейцария учун 15 фоиз, Сингапур учун 10 фоиз этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Ҳиндистон ва Вьетнам учун бож ставкалари савдо музокаралари натижаларига қараб, мос равишда 17-25 ва 20-35 фоизни ташкил этиши мумкин.

Хитойга нисбатан янги божлар аввал жорий этилган 25 фоизлик божларга қўшимча равишда қўлланилади. АҚШ ва Хитой ўртасидаги вақтинчалик савдо келишуви амал қилишдан тўхтаса, қўшимча бож ставкаси 20 фоиздан 40 фоизгача оширилиши мумкин. АҚШ, шунингдек, савдо ҳамкорларини (Европа Иттифоқи, Япония ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари) Хитойдан импорт ва инвестициялар оқимини чеклаш чораларини кучайтиришга чақирмоқда. АҚШ импорт божларининг оширилиши Хитой экспортининг бошқа бозорларга йўналтирилишига ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобатнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Янги божлар 2027 йил 25 январга белгиланган жамоатчилик муҳокамаларидан сўнг кучга кириши мумкин.

COP31 иқлим конференцияси якуний келишувсиз якунланди (UN Climate Change)

Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференциясида 100 минг иштирокчи қатнашди. Мамлакатлар нефть, газ ва кўмирдан фойдаланишдан воз кечиш масаласида ягона фикрга кела олмагани сабабли конференция якуний ҳужжат қабул қилинмасдан якунланди. Шу билан бирга, Арманистонда биологик хилма-хиллик ва Туркияда иқлим бўйича ўтказилган конференциялар якунларига кўра, Тропик ўрмонларни сақлаш халқаро жамғармасига (TFFF) йўналтирилиши эълон қилинган инвестициялар ҳажми 1 млрд долларга ошиб, 8,3 млрд долларга етди.

2025 йилда жаҳон энергетика соҳасига киритилган инвестицияларнинг 66,7 фоизи (2,2 трлн доллар) тоза энергетика ва энергия тежамкор технологиялар, 33,3 фоизи (1,1 трлн доллар) эса қазиб олинадиган ёқилғи турлари ҳиссасига тўғри келди. Шу тариқа, тоза энергетика ва энергия тежамкор технологияларга йўналтирилган инвестициялар анъанавий энергия манбаларига киритилган маблағлардан икки баравар кўп бўлди.

Юқори харажатлар “яшил” водород ишлаб чиқариш ривожини секинлаштирмоқда (Reuters)

Кўплаб мамлакатларда электр энергияси нархининг юқорилиги, ускуналарнинг қимматлашиши ва саноат корхоналари томонидан талабнинг етарли эмаслиги сабабли “яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳалари бекор қилинмоқда. Водороднинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Германия саноат корхоналарининг қўшимча харажатларини қоплаш учун 1,5 млрд евро, водород инфратузилмасини ривожлантириш учун эса 4 млрд евро ажратишни режалаштирмоқда.

Хитой 2030 йилга қадар “яшил” водород ишлаб чиқариш қувватларини 8 баравар ошириб, 2 млн тоннага етказишни режалаштирган. Халқаро энергетика агентлиги баҳоларига кўра, Хитойда “яшил” водород нарх жиҳатидан қазиб олинадиган ёқилғи асосида ишлаб чиқариладиган водород билан рақобатлаша олиши мумкин.

Водород ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришнинг истиқболли йўналишларидан бири электролиз технологияларини такомиллаштириш ҳисобланади. Британиянинг Supercritical Solutions компанияси электролиз жараёнида энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва иридий каби қимматбаҳо материаллардан фойдаланмаслик имконини берувчи мембранасиз электролизёрни ишлаб чиқди. Дастлабки баҳоларга кўра, мазкур технология “яшил” аммиак ишлаб чиқариш таннархини 21 фоизга пасайтириши, унинг ўғитлар ишлаб чиқариш, кимё саноати ва денгиз транспортида қўлланилиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар