Инфографика: Ўзбекистоннинг 2021 йил январь-июнь ойи учун ташқи савдоси

Инфографика: Ўзбекистоннинг 2021 йил январь-июнь ойи учун ташқи савдоси

2021 йилнинг январь-июнь ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдо айланмаси (матнда ТСA) 18 012,8 млн. AҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2 150,3 млн. AҚШ долларига ёки 13,6 % га кўпайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

ТСAда экспорт ҳажми 7 055,5 млн. AҚШ долларига (12,3 % га кўпайди) ва импорт ҳажми 10 957,4 млн. AҚШ долларига (14,3 % га кўпайди) етди. Ҳисобот даврида – 3 901,9 млн. AҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.

Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми 2021 йил май ойида қайд этилиб, 4 250,1 млн. AҚШ долларини ташкил этди. 2020 йилнинг шу ойига нисбатан 2 078,9 млн. AҚШ долларига кўпайди.

2021 йил июнь ойида ташқи савдо айланмаси ҳажми 3 440,3 млн. AҚШ долларини ташкил этди ва 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 15,1 фоизга кўпайди.

2021 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 10 907,7 млн. AҚШ долларини ташкил этиб, биринчи чорак кўрсаткичидан 53,5 фоизга кўпдир.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан олтита давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Aфғонистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркия, Канада ва Эрон шулар жумласидандир. Қолган 14 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон жаҳоннинг 171 та мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСAнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикасида (18,2 %), Россия Федерациясида (17 %), Қозоғистонда (10,4 %), Туркияда (8,7 %), Корея Республикасида (4,6 %), Қирғиз Республикаси (2,4 %) ва Aфғонистонда (2,0 %) қайд этилган.

Республика ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 38,6 % улуш билан 6 946,6 млн. AҚШ долларини, энг қуйи улушни эса Сурхондарё вилояти 1,1 % улуш билан 202,7 млн. AҚШ долларини ташкил этди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар