Ўзбекистон автомобиль бозорида фаоллик юқори даражада сақланмоқда

Ўзбекистон автомобиль бозорида фаоллик юқори даражада сақланмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобиль бозори динамикасини мунтазам равишда таҳлил қилиб боради. Шарҳ автомобиль бозорининг асосий сегментлари ва ҳудудлардаги ўзгаришларни қамраб олади.

2026 йил июль ойи якунларига кўра, барча турдаги автотранспорт воситаларининг умумий савдоси қарийб 80 минг донани ташкил этди. Бу аввалги ой кўрсаткичига деярли тенг (-0,7%).

Енгил автомобиллар бозори

Июль ойида енгил автомобиллар савдоси аввалги ой даражасида сақланиб, 61,1 минг донани ташкил этди. Июнь ойида ушбу кўрсаткич 61,4 минг дона бўлган.

Янги енгил автомобиллар

Янги енгил автомобиллар савдоси 5,9%га ошиб, 25,4 минг донани ташкил этди.

Асосий ўсиш маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобига тўғри келди. Уларнинг савдоси 8,3%га ошиб, 20,4 минг донага етди.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 5 минг донани ташкил этиб, аввалги ойга нисбатан қарийб 3%га камайди.

Иккиламчи енгил автомобиллар бозори

Июль ойида ишлатилган енгил автомобиллар савдоси 4,4%га камайиб, 35,7 минг донани ташкил этди.

Электромобиллар бозори

Бир ой давомида бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 9,3 мингта электромобиль сотилди. Бу аввалги ойга нисбатан 10,8%га кўп.

Савдолар ўсиши республиканинг аксарият ҳудудларида қайд этилди. Энг юқори кўрсаткичлар Тошкент вилоятида — 699 та ва Фарғона вилоятида — 428 та электромобиль ҳиссасига тўғри келди.

Шу билан бирга, электромобиллар бозорида савдоларнинг асосий қисми ҳамон пойтахт ҳиссасига тўғри келмоқда. Июль ойида Тошкент шаҳрида 6 мингта электромобиль сотилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар сектори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар