2025 йилнинг 9 ойи давомида Жиззах вилояти иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этди. Статистик маълумотларга кўра, йилнинг 9 ойи давомида деярли барча йирик тармоқларда ижобий динамика кузатилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 37,8 трлн сўмни ташкил этиб, 8,8 фоизлик ўсишга эришди – ушбу кўрсаткич республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори натижа ҳисобланади.
Вилоят иқтисодиётининг асосий драйверлари саналмиш саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари мос равишда 14,1 фоиздан ўсиш қайд этди. Саноатда 26,8 трлн сўмлик, қишлоқ хўжалигида эса 24,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам сезиларли фаоллашиб, 16,9 трлн сўмлик ҳажм билан 14,5 фоиз ўсишни қайд этди. Чакана савдо айланмаси 8,5 трлн сўмга етди ва 8,9 фоизга ошиб, аҳоли истеъмол фаоллигининг ортиб бораётганини кўрсатди.
Қурилиш соҳаси 17,3 фоизлик ўсиш билан энг жадал ривожланаётган йўналишлардан бирига айланди, бу соҳа ҳажми 5,9 млрд сўмни ташкил этди. Асосий капиталга киритилган инвестициялар эса 18,7 трлн сўмга тенг бўлиб, 2,1 фоизлик ўсаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, ташқи савдо айирбошлашида пасайиш кузатилди: экспорт 121,4 млн долларгача тушиб, 20,3 фоизга камайди, импорт эса 1 167 млн доллар атрофида бўлиб, 20,5 фоизга пасайди.
Шунингдек, истеъмол нархлари индекси 100,6 фоиз атрофида сақланиб, инфляция паст даражада эканини ва макроиқтисодий вазият барқарорлигини кўрсатди.
Умуман олганда, Жиззах вилояти 2025 йилнинг 9 ойида иқтисодиётнинг асосий йўналишларини ривожлантиришда юқори суръатларни намоён этди. Ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар секторидаги ўсиш вилоят иқтисодий салоҳиятининг ортганини тасдиқлайди.
Изоҳ қолдириш