Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони асосида молиявий қийинчиликка дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловлар 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилиши ҳамда якуний тўловлар муддатларининг берилган имтиёзли даврга мос равишда узайтирилиши белгиланган.
Шунингдек, қарздорлар пул оқимлари фоиз тўловларини қоплаш учун етмаган тақдирда, фоиз тўловларини ҳам кечиктириш бўйича Марказий банк томонидан тижорат банкларига тавсиялар берилди.
Бироқ бу кечиктириш давридан (яъни 2020 йил 1 октябрдан) кейин йиғилган тўловлар бир мартада тўланиши кераклигини англатмайди. Яъни, карантин вақтида кечиктирилган кредит тўловлари якуний тўловлар муддатларининг узайтирилганлигини ҳисобга олган ҳолда, тўлов жадвалининг қолган даврига тенг равишда тақсимланади.
Бундан ташқари, қатъий карантин чекловларининг дастлабки (апрель-май) ойларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, ижтимоий масофаланишни таъминлаш мақсадида қарздор-жисмоний шахслардан аризаларни қабул қилиб олишга ҳамда улар банкка ташриф буюришига имконият бўлмагани сабабли аксарият банклар, яъни 24 та тижорат банки ўз ташаббусига кўра жисмоний шахсларнинг кредитлари бўйича тўловларни 2-3 ойга автоматик тарзда кечиктириши ҳақида маълум қилган эди.
Бунда баъзи банклар томонидан автоматик тарзда кечиктирилган кредит тўловларини қолган даврларга тенг тақсимлаган бўлса, айрим банклар якуний тўлов давридан кейинги ойларга тақсимлаган.
Шу билан бирга, ушбу берилган 2-3 ойлик давр якунланганидан сўнг қарздор-жисмоний шахснинг молиявий ҳолати ва пул оқимлари тикланмаган тақдирда, тижорат банклари кредитлар бўйича тўловларни яна қўшимча даврга (яъни 2020 йил 1 октябрга қадар) кечиктириш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Изоҳ қолдириш