Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 21 январда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ушбу қарор инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида қабул қилинди.
2021 йилда Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10 фоиздан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.
Иқтисодий фаоллик. 2020 йилнинг IV чорагида иқтисодиётнинг тикланиш тенденцияси давом этди. Йил якуни бўйича кўплаб макроиқтисодий ва тармоқ кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банк базавий прогноз кўрсаткичларидан (1-1,5 фоиз) юқори бўлиши кутилмоқда.
Бу биринчи навбатда, 2020 йил январь-ноябрь ойларида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 0,7 фоизга (январь-сентябрь ойларида 2,7 фоизлик пасайиш бўлган), чакана савдо айланмасининг 2,4 фоизга, хизматлар ва қурилиш ҳажмининг мос равишда 2,2 ва 8,7 фоизга ўсиши билан изоҳланади.
Бундан ташқари, иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичлари ҳам макроиқтисодий кўрсаткичларнинг дастлабки прогнозлардан юқори бўлишини кўрсатмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг III-IV чоракларида Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми барқарор ўсиш динамикасига эга бўлди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг IV чорагида 2019 йилнинг мос чорагига нисбатан 1,3 барабарга ошди.
2020 йилнинг IV чорагида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган битимларнинг умумий сони ўтган чоракка нисбатан 17,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми қарийб 20 фоизга ошди.
Марказий банк томонидан иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфиятини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровлар натижалари улар бўйича индексларнинг 2020 йил июль ойидаги пасайишидан сўнг III-IV чоракда яхшиланганлигини кўрсатмоқда.
Изоҳ қолдириш