Марказий банк пластик карталардаги маблағларни хавфсиз сақлаш бўйича тавсия берди

Марказий банк пластик карталардаги маблағларни  хавфсиз сақлаш бўйича тавсия берди

Карантин пайтида банк картаси орқали тўловларни ўтказиш янада оммалашмоқда. Ушбу даврда имкон қадар банк картаси маълумотларининг хавфсизлигини сақлашда огоҳ бўлиш лозим. Жумладан, кибержиноятчилар ижтимоий тармоқлар орқали ҳар хил важлар билан карта эгаларига СМС-хабарномалар жўнатиши мумкин.

"Ҳурматли фуқаролар, агар мобиль телефонингизга шундай СМС-хабарлар келиб тушса, уларга асло жавоб берманг", дейилади хабарда.

Савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида тўловни амалга ошириш жараёнида бегона шахсларга шахсий ПИН-код рақамингизни ҳам ошкор қилмаслигингизни тавсия этилмоқда. Сабаби, ПИН-код – ҳар бир банк картаси эгасининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини ҳамда маблағларни бошқаришга банк картаси эгаси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлайди.

Банк карта эгаси сотувчидан терминал ускунасини тақдим этишини талаб қилиши ва мустақил равишда тўловни амалга ошириши лозим.

Ҳозирги кунда HUMO банк карталари NFC технологиясига эга бўлиб, ушбу карталар орқали 50 минг сўмгача (“Макро” ва “Корзинка” супермаркетларида 250 минг сўмгача) тўловни ПИН-кодни термаган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, халқаро банк карталари эгаларидан банк картаси реквизитлари ва CVV (CVC) кодларини бегона шахсларга ошкор қилмаслик ва интернет орқали “3D secure” хавфсизлик хизматини ишлатса, тўловларни амалга ошириш жараёнида ундан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар