2021 йил 1 январдан солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлади

2021 йил 1 январдан солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлади

Молия вазирлиги юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2021 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисидаги ахборот хабарини Давлат солиқ қўмитаси, ҳудудий бошқармалар ва қуйи бўғин ташкилотларга юборди.

Солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича асосий ўзгаришлар

ҚҚС

Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек, солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда. Тушум ҳажмидан қатъи назар ҚҚС тўловчиси корхоналар доираси қуйидаги корхоналар ҳисобига кенгайтирилмоқда.

  • Алкогол маҳсулотлари, шу жумладан, пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;
  • Бозор ва савдо комплекслари.

Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига бир миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак этиб белгиланмоқда.

Акциз солиғи

Акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда. Акциз солиғи ставкалари Солиқ кодекси (289(1) ва 289(3) моддалари) билан белгиланмоқда. Ушбу моддаларда товар позициялари мавжуд бўлмаган товарлар позицияларига акциз солиғи ҳисобланмайди. 73 турдаги товарлар бўйича акциз солиғи бекор қилинмоқда, шу жумладан, электротехника маҳсулотлари, тракторлар ва ярим тиркамалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳ.к.

Фойда солиғи

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг 2020 йилда амалда бўлган тартиби, шунингдек солиқ ставкалари сақланиб қолинмоқда. 2021 йилнинг 1 январдан бошлаб, Солиқ кодексининг 304-моддасининг 8-, 9-, 14-, 15- ва 17-бандларига мувофиқ, келиб тушган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган), шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзлари берилганлиги натижасида бўшаган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган) мол-мулклар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилмайди ва амортизация қилинмайди.

Амортизацияланадиган активнинг қиймати қайта баҳолашни ҳисобга олмаган бошланғич қийматидан ҳисобланадиган амортизация ажратмалари орқали харажатлар жумласига киритилади.

Жисмоний шахсдан олинадиган даромад солиғи

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек, 12 фоиз миқдорда солиқ ставкаси сақлаб қолинмоқда. Қатъий белгиланган миқдордаги солиқни тўловчилари учун қуйидагилар назарда тутилган:

Ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун ставкалар Солиқ кодексида белгиланмоқда. Бунда, 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари миқдори сақлаб қолинмоқда;

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олган даромадига 12 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида солиқ солинади;

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги солиқ суммаларини ЯТТ фаолиятини амалга оширадиган жой хусусияти, шунингдек, фаолияти турининг мавсумий тусдалигини инобатга олиб, 0,7дан 1,3гача бўлган оралиқдаги камайтирувчи ёки оширувчи коэффициентлар белгилаш ҳуқуқи сақлаб қолинмоқда;

ЯТТ билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўлов манбаида солиқ агенти – ЯТТ томонидан солиқ тўловчига даромад тўланганда ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади.

Ижтимоий солиқ

Ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек 2020 йилда амалда бўлган юридик шахслар учун 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз миқдорида солиқ ставкалари сақланиб қолмоқда. Айрим тоифадаги шахслар учун қуйидагилар назарда тутилмоқда.

Меҳнат стажи ҳисобланиши учун йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдорида солиқ тўланиши қуйидагича амалга оширилади:

Ихтиёрий тартибда:

  • Ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар;
  • меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари, чет давлатларда ташкилот этилган савдо уйлари, ваколатхоналар (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда) ва ташкилотларда ишлаётган шахслар томонидан.

Мажбурий тартибда:

  • «Устоз-шогирд» мактаблари ўқувчилари томонидан улар йигирма беш ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврида;
  • деҳқон хўжаликлари, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд эллик бошдан кам бўлмаган хонаки парранда парваришлаётган жисмоний шахслар. Бунда, деҳқон хўжалиги раҳбари солиқни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди.

Ушбу тоифадаги жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш муддати ҳисобот йилининг 1 декабригача белгиланади.

Айланмадан олинадиган солиқ

Айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда. Риэлторлик хизматини кўрсатувчи шахсларга солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача камайтирилди. Қолган солиқ тўловчилар учун 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари сақлаб қолинмоқда.

Мулк солиғи

Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шунингдек, юридик шахслар учун базавий солиқ ставкаси 2 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.

Солиқ кодексининг 415-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган объектларга нисбатан пасайтирилган солиқ ставкасини 0,2дан 0,4 фоизга ошириш йўли билан юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкасини босқичма-босқич базавий ставкага етказиш давом эттирилмоқда. Юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкаси 2020 йил 1 январдан бошлаб, аввал солиқ имтиёзлари тақдим этилган объектлар бўйича жорий этилган эди.

Жисмоний шахслар учун 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари 1,15 бараварига индексация қилинади. Бунда, жисмоний шахслар учун 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган солиқ суммаси, 2020 йилда ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 30 фоиздан кўп оширилиши мумкин эмас.

Туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар