Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда, ҳукумат раҳбарлари даражасида ўзаро ташрифлар амалга оширилди.
2023 йил апрель ойида Чехия Бош вазири Петр Фиала Тошкентга ташриф буюрди, шу йил октябрь ойида эса Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов жавоб ташрифи билан Прагага борди.
Ушбу ташрифлар давомида 800 млн евродан ортиқ миқдорда инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди. Бу эса томонларнинг ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга бўлган интилишини намоён этади.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги ўзаро савдо жадал ривожланмоқда. 2017–2025 йиллар давомида товар айланмаси 2,2 баробарга, экспорт 4 баробарга, импорт эса 2 баробарга ошди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Чехия билан савдо айланмаси 190,4 млн долларни ташкил этди. Шундан экспорт – 28 млн доллар, импорт – 162,4 млн доллар.
2025 йилда Чехияга экспорт таркиби: саноат маҳсулотлари (текстиль, мис маҳсулотлари) – 2,4 млн доллар (8,6%); озиқ-овқат маҳсулотлари (қуритилган мева-сабзавотлар) – 894,3 минг доллар (3,2%); турли тайёр маҳсулотлар – 228,4 минг доллар (0,8%); кимё маҳсулотлари – 95,1 минг доллар (0,3%); хизматлар (асосан телекоммуникация ва суғурта) – 24,2 млн доллар (86,6%).
Импорт таркиби: машина ва транспорт ускуналари – 83 млн доллар (51,1%); кимё маҳсулотлари (дори воситалари) – 24,2 млн доллар (14,9%); турли тайёр маҳсулотлар – 16,2 млн доллар (10%); саноат маҳсулотлари – 11,2 млн доллар (6,9%); хизматлар (асосан телекоммуникация) – 26 млн доллар (16%).
Инвестициявий ҳамкорлик
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Чехия инвестициялари иштирокида 44 та корхона фаолият юритмоқда.
2024 йилда Чехиядан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) ва кредитлар ҳажми 2023 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошиб, 63,1 млн доллардан 141,1 млн долларга етди.
2016–2024 йиллар давомида Чехиядан жалб қилинган инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 213,3 млн долларни ташкил этди.
Инвестициявий ҳамкорлик машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, Логистика, IT соҳаларида ривожланмоқда.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари
Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли соҳалари сифатида, хусусан, машинасозлик, фармацевтика тармоғи, кончилик саноати, энергетика ва бошқа соҳалар алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу соҳаларда кооперациявий ҳамкорликни ривожлантириш хом ашёни янада чуқур қайта ишлашга, янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш