2026 йил 1 май куни Тошкент шаҳридаги IT Park Uzbekistan ҳудудида “Таълим, энергетика ва ҳудудлар ривожида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг ўрни” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ва Жанубий Кореядан экспертлар, олимлар, давлат органлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Тадбир ташкилотчилари сифатида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Center for Economic Research and Reforms) Осиё тараққиёт банки институти (Asian Development Bank Institute), Сеул миллий университети (Seoul National University) ҳамда Тошкент Ахборот технологиялари университети (Tashkent University of Information Technologies) билан ҳамкорликда иштирок этмоқда.
Форум доирасида сунъий интеллект технологияларининг олий таълимни трансформация қилишга таъсири ва уларни самарали жорий этиш стратегиялари, рақамлаштиришнинг камбағалликни қисқартириш ва ҳудудлар ривожидаги ўрни, шунингдек Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда энергетика соҳасини технологик модернизация қилиш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистонда ҳудудларни манзилли ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш воситаси сифатида амалга оширилаётган “Маҳаллабай” тизимига алоҳида эътибор қаратилади. Маҳаллий бошқарув, рақамли ечимлар ва идоралараро ҳамкорликка асосланган ушбу ёндашув халқаро экспертлар ҳамжамиятида инклюзив ҳудудий ривожланиш ва манзилли ижтимоий сиёсатнинг самарали модели сифатида қизиқиш уйғотмоқда.
Тадбирда Сеул миллий университети вице-президенти ва Глобал ривожланиш институти директори д-р Килкон Ко, Осиё тараққиёт банки институти декани ва бош директори д-р Бамбанг Броджонегоро, Сонгюнгван университети Давлат бошқаруви олий мактаби профессори Ги Хон Квон, Сеул миллий университети Қишлоқ хўжалиги коллежи Халқаро ҳамкорлик маркази профессори Чонгук Ли, шунингдек Корея электр энергетика корпорацияси вакиллари иштирок этади.
Ўзбекистон томонидан тадбирда давлат органлари, экспертлар ҳамжамияти, соҳавий вазирликлар, энергетика компаниялари, IT Park Uzbekistan ҳамда мамлакат олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этади.
Форум қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш ва илғор тажрибалар алмашиш учун самарали майдонга айланиши кутилмоқда. Ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва инновацион ривожланишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Биз тадбирда иштирок этиш учун экспертлар ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини таклиф этамиз (иштирок этиш учун аризалар қуйидаги манзил орқали қабул қилинади: CERRUZB)
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш