Икки кунлик сафар давомида туман ва шаҳарларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар билан танишди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича навбатдаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари аввало кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
Илгари вилоят даромадининг 70 фоизи нефт-кимё ва қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобидан шаклланарди.
Ўтган даврда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция эвазига 8 мингта замонавий қувватлар ишга тушди, тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс берилди, тижорат майдони 10 миллион квадратга кўпайди, 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ўсди.
Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ошди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди.
Маҳаллий буджет бўйича ҳокимларга жуда катта имконият яратилгани учун бу йил биринчи чоракда ҳар бир туманда камида 5-10 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди.
Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда.
Масалан, илгари Марғилонда бир хонадонда ўртача 2-3 оила яшарди. Бир йилда Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларининг ўзида 241 та эски ҳовлилар ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Марғилоннинг Наврўз маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради.
Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам жадал кетмоқда.
Сўнгги ўн йилда Фарғонада 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ҳамда 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. Шу билан бирга, 167 та хусусий мактаб пайдо бўлди, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим оляпти.
Таълим сифати кескин ошгани учун ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича вилоят республикада 3-ўринга кўтарилди.
Тиббиётда ҳам ўзгаришлар катта. Биргина Бешариқ туманида ўн йил олдин атиги 2 та хусусий клиника бўлган бўлса, ҳозир 50 тага етди.
Вилоятда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Бугун ишнинг кўзини билган боғбонлар гектаридан 500 миллион сўмгача даромад оляпти.
Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Бу республикада энг яхши кўрсаткич.
Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ўсмоқда. Тўққиз йилда 3 минг ўринли меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишга тушди. Ўтган йили хорижий туристлар илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар эса 3 миллиондан ошди. Туризм экспорти 185 миллион долларга етди.
“Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти”, – деди Президентимиз.
Жорий йил Фарғона вилояти раҳбарияти олдида иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 миллиард долларга етказиш вазифалари тургани кўрсатиб ўтилди.
Фарғона вилояти давлат идоралари, саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида замонавий технология, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.
“Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастури бўйича сертификат олган энг кўп ёшлар Фарғонага тўғри келади.
“Мана шундай ёшларимиз буюк аждодимиз Ал-Фарғоний бобомизнинг муносиб давомчилари бўлади деб ишонаман”, – деди Президентимиз.
Вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, 19 та туман ҳокими бундай иқтидорли ёшларни ёнига олиб, давлат идораларидаги ҳар бир хизматни, ҳар бир жараённи рақамлаштириб, аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиши зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллаларнинг устунликларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, иш ўрни, қўшилган қиймат, аҳоли даромадини кўпайтирадиган лойиҳалар ишлаб чиқилса, стартап клуб ташкил қилиниб, янги креатив ғоялар ҳаётга тезроқ жорий этилса, вилоят иқтисодиётида “катта сакраш”, одамлар ҳаётида туб бурилиш бўлиши таъкидланди.
Масалан, Ёзёвон тумани саноат бўйича вилоятда 18-ўринда, экспорт ва сервисда 17-, қишлоқ хўжалигида 15-ўринда турибди. Бу йил туманга тадбиркорлик инфратузилмаси учун буджетдан 30 миллиард сўм берилмоқда, биринчи чоракда туманда яна 5,5 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди.
Ёзёвондаги имкониятлар сунъий интеллект ёрдамида ўрганилганда водий марказида жойлашган, хомашё ресурси чекланган мазкур туманда асосий эътиборни логистикага қаратиш кераклиги маълум бўлди.
А-373 магистрал йўлнинг Ёзёвондан ўтган 35 километр қисмидан кунига 30 минг транспорт қатнайди. Туманда логистика марказлари ва йирик омборлар кўпайса, йўл бўйида меҳмонхона, ёқилғи шохобчаси ва овқатланиш жойларига талаб 2 карра ошади.
Туман ҳокимига логистикани туманнинг “драйвери”га айлантириш орқали сервис, саноат ва қишлоқ хўжалигини ҳам ривожлантириш, туман иқтисодиётидаги айланмани яна 1 триллион сўмга ошириш топширилди.
Сўнгги йилларда Фарғонада ИТ хизматлари 4 карра ўсди, экспорт 23 миллион доллардан ошди.
Бу йил Фарғона шаҳрида жами майдони 30 минг квадрат метр бўлган ИТ-Парк ишга туширилди. Яқинда Қувадаги 1-сонли техникумда “ИТ-кластери” фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур кластерда йилига 100 нафар ёшлар дастурлаш, робототехника, график дизайн ва хорижий тилга ўқитилади.
Мутасаддиларга янги ўқув йилидан Қува тажрибаси асосида яна 16 та туманда 1 тадан техникумда бундай кадрлар тайёрлашни бошлаш топширилди.
Фарғона шаҳрида ИТ-Парк университети, Марғилонда ИНҲА университетининг филиали очилиб, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дастурий муҳандислик йўналишларида йилига 1 минг нафар талабани ўқитиш йўлга қўйилиши белгиланди.
Ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий қилиш орқали харажатни 20 фоизгача қисқартириш, даромадни эса 30 фоизга ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Бунинг учун стартап экотизими керак. Мутасаддиларга хориждан нуфузли акселератор компанияни Фарғонага олиб келиб, 10 та йирик маҳаллий корхоналарга боғлаш, бу корхоналар негизида меҳнат унумдорлиги, таннарх, энергия тежамкорлик бўйича пилот лойиҳаларни бошлаш топширилди. Энг юқори самара берган лойиҳалар бошқа саноат корхоналарида ҳам оммалаштирилади.
Беш йилда юртимизда электрон тижорат ҳажми 20 карра ошди. Лекин Фарғонага бунинг бор-йўғи 2,5 фоизи тўғри келади. Электрон тижорат ҳозирги суръатда ривожланса, келаси беш йилда 3,5 миллион квадрат метрли тижорат омборлари керак бўлади.
Фарғонада камида 100 минг квадрат метрли омборхона ташкил қилиш, шунинг 30 минг квадрат метрини жорий йил ишга тушириш кераклиги қайд этилди.
Саноат ва ҳунармандчиликка ихтисослашган 126 та маҳалладаги 10 нафардан тадбиркорни электрон тижорат платформаларидан фойдаланишга ўргатиш топширилди.
Биринчи чорак якунида Фарғонада инфляция йиллик ҳисобда 7,5 фоизгача пасайгани билан республика кўрсаткичидан юқори бўлди.
Таҳлиллар Фарғонада инфляцияга таъсир қиладиган истеъмол саватидаги 517 хил товар ва хизматларнинг 480 таси вилоятнинг ўзидан чиқишини кўрсатмоқда.
Мутасаддилар шу маҳсулотларни кўпайтириб, нархини арзонлаштириш бўйича қаттиқ ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоятда 370 минг гектар суғориладиган ер, шундан 55 минг гектар боғ ва токзор бор. Шунингдек, 37 минг гектар қир ва адирлар мавжуд.
Лекин ҳозирда 5,5 минг гектар боғ ва токзор эскирган. Сабзавот, боғ ва токзор қилса бўладиган 6 минг гектар дашт ва адир бўш ётибди. Бу қўшимча 300 минг тонна мева-сабзавот, иқтисодиётга 2 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратиш бўйича захира экани қайд этилди.
Президентимиз “Қува Агростар” агромажмуаси тажрибасини қайд этди. Бу ерда кооперация асосида томорқа ва деҳқон хўжаликларига кичик цехлар қуриб бериш режа қилинган.
Бунда агромажмуа деҳқонларни ўқитиб, уларга ин-витро лабораторияда етиштирган кўчатларни тарқатади, тайёр маҳсулот экспортига кўмаклашади, деҳқонлар эса мева-сабзавот етиштириб, қайта ишлаб, бозорга тайёр қилиб беради.
Мана шундай ёндашувларни барча тумандаги томорқа ва деҳқон хўжаликларида жорий қилиш, ҳудуддаги жами 5,5 минг гектар эскирган боғларни тўлиқ янгилаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бундай лойиҳалар учун ускуна ва лабораторияларни сотиб олишга арзон кредит линияси очилади.
Президентимиз Фарғона, Ёзёвон, Қува ва Ўзбекистон туманида 7 минг 400 гектар пахта-ғалла майдонини қисқартириш таклифини қўллаб-қувватлади.
Бу йил Фарғона, Ўзбекистон туманларида 4 минг 400 гектарда ўрик, олхўри, бодом ва малина плантациясини яратиш, Қувада 1 минг 200 гектар дашт ҳудудида гилоснинг экспортбоп навларини экиш, Ёзёвонда 1 минг 800 гектарда истеъмол ва уруғлик учун чўл шароитига мос юқори ҳосилли шоли плантацияларини барпо этиш муҳимлиги қайд этилди.
Ёзёвонда шоличилик мактабини ишга тушириб, синов тарзида 100 гектар кўлнинг сув юзасида кассетали усулда органик шоли етиштиришни бошлаш топширилди.
Вилоятдаги 50 минг гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари ҳамда самараси кам боғлар ўрнида супер интенсив боғлар яратиш бўйича катта дастур қилинади.
Биринчи босқичда 10 минг гектар саноатлашган супер интенсив боғ барпо этиш бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, деҳқонлар учун имтиёзли кредит ёки лизинг асосида тайёр боғ қилиб бериш хизматларини йўлга қўйиш топширилди.
Фарғона туманидаги 15 та маҳаллада 5 мингдан ортиқ хонадон томорқада малина етиштирмоқда.
Деҳқонлар малина пишгандан кейин 2-3 кунда сотилмаса, нархи 20 фоизгача тушиши, сақлашга омборхона етишмаётганини айтмоқда.
Мутасаддиларга Фарғона туманидаги 10 та маҳаллада 50-100 тонналик кичик омборхона қуриб, деҳқонларга имтиёзли лизинг асосида бериш топширилди.
Умуман, бу йил 611 минг тонна мева, 252 минг тонна узум, 1,8 миллион тонна сабзавот, 119 минг тонна шоли етиштириб, мева-сабзавот экспортини 25 фоизга ўстириб, 500 миллион долларга етказиш муҳим экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари инвестиция масалаларига тўхталиб ўтди.
Вилоятдаги 1 минг 77 гектар экин ерлари саноат зоналари учун ажратиб берилган. Туман ҳокимлари инвестиция сифатини асосий мезон қилиб белгилаб, ҳар бир гектар ер йилига камида 50 миллиард сўмлик маҳсулот олиб келиши бўйича изланишлари шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Саноат зоналарида 5 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди. Бешариқдаги Андархон маҳалласидаги 7 гектар майдонда эркин савдо зонаси ташкил этилиши белгиланди.
Қўқондаги 11 гектарда жойлашган механика заводи бор-йўғи 20 фоиз қувватда ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу ерда 70 миллион долларлик йирик савдо комплексини барпо қилиш таклифи қўллаб-қувватланди.
“Тарихий обидалар ва бетакрор табиатни ўзида жамлаган Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади”, – деди Президентимиз.
Бунинг учун Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ва экотуризмга ихтисослаштириш зарурлиги қайд этилди.
Кеча Қувада “Каркидон” сув омбори ҳудудидаги туристик мажмуа билан танишилди. Ушбу сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Юртимизда алоҳида тоифаланган яна 25 та сув омбори бор. Уларни ҳам босқичма-босқич аҳоли ва туристлар гавжум масканларга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Кеча Марғилонда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур мажмуа миллий қадриятларимиз ва тарихимизни дунёга намоён қиладиган гўзал масканга айланади.
Фарғона туманида ҳам 2 минг 400 гектарда “Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонаси, “Водил” малина-агротуризм кластери, “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуаси, “Чимён” санаторий-курорт зонаси қурилмоқда.
Бундан унумли фойдаланиб, келаси йил якунигача 300 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.
Қўқонда 64 та маданий мерос обектини пиёда айланадиган 3 та туризм маршрути ишлаб чиқилди.
Бунинг учун шаҳардаги маданий мерос обектларида фаолият юритаётган давлат идораларини бошқа жойга кўчириш зарурлиги қайд этилди.
Йил якунигача собиқ “Қўқон нефтгаз пармалаш” заводи ҳудудидаги 4 қаватли бинони таъмирлаб, ҳокимлик ва 17 та маданий мерос обектида ишлаётган идораларни шу ерга кўчириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Сўх тумани экотуризм, агро ва тиббий туризм бўйича жуда катта салоҳиятга эга. Асосийси, сўхлик тадбиркорлар инфратузилма яхшилаб берилса, сармоя киритиб, бизнес қилишга тайёр.
Шу боис, Сўх дарёсининг Сариканда, Истиқлол ва Ровон маҳаллаларидан ўтган 5 километр қисмида 130 гектар майдонда йирик туризм комплексини барпо этиш учун шароит яратилади. Хорижий мутахассисларни жалб қилиб, Сўх туманини ривожлантириш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш топширилди.
Умуман, туманга янгича қиёфа олиб кириш бўйича уч йиллик катта дастур қабул қилиниши белгиланди.
Ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳитининг ўрни беқиёс. Бу заминда 300 дан зиёд шоир ва адиб яшаб, ижод қилган.
Шундай адибларни етиштирган Қўқон УНЕСCОнинг “Адабиёт шаҳри” мақомини олишга ҳам муносиб. Лекин бундай бой мерос ҳалигача тизимли ўрганилмагани, илмий тадқиқотлар олиб борилмагани қайд этилди
Шу боис, Қўқон адабий муҳити антологияси ва электрон платформасини яратиш, Адабиёт ва ижод мактабини ташкил этиш таклиф қилинди.
Ахборот хуружлари авж олаётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди. Шунинг учун бу йил вилоятдаги 100 та маҳаллада намунавий маҳалла кутубхоналари ташкил этилади, бук-кафе очган тадбиркорларга солиқ ва ижара тўловларидан имтиёз берилади.
Президентимиз “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш, ушбу тадбирга дунёнинг машҳур ёзувчи ва шоирларини таклиф қилиш ташаббусини билдирди.
“Фарғонага келган одамни яна бир нарса ўзига ром этиб қўяди. Бу асрлар давомида водий маданиятининг ажралмас қисми бўлган аския санъатидир”, – деди Президентимиз.
Кейинги йилларда мазкур ноёб санъатни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш бўйича катта ишлар қилинди. Марғилонда 2023-йилда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ишга тушди.
Лекин машҳур аскиячилар Хотамжон Ҳакимжонов, Абдулла Акбаров, Анвар Неъматов ва марҳум Мамасиддиқ Шераевнинг давомчилари бўлган ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш кераклиги таъкидланди.
Мутасаддиларга туман маданият марказлари ва мусиқа-санъат мактабларида аския, қизиқчилик маҳорати йўналишини ташкил қилиш топширилди.
Йиғилиш давомида вилоят ва туманлар раҳбариятининг ҳисоботлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари тингланди.
Изоҳ қолдириш