Ҳудудларнинг ишбилармонлик фаоллигининг март ойидаги асосий кўрсаткичлари

Ҳудудларнинг ишбилармонлик фаоллигининг март ойидаги асосий кўрсаткичлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.

Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 31 мартигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,4%га ошган.

Жумладан, Бухоро (42,4%), Фарғона (40,8%), Хоразм (36,6%), Самарқанд (35,7%), Андижон (32,2%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (32,8%) ва Тошкент шаҳрида (49,0%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Солиқ тушумларининг ўсиши солиқ базасини кенгайтириш (солиқ ислоҳотлари ва солиқ имтиёзларини бекор қилиш), иқтисодий ўсиш (шунингдек, 2020 йилда жорий этилган карантин чектовларини юмшатиш), солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳисобига таъминланди.

Таҳлил қилинаётган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 45,7%га ошди. Даромаднинг энг катта ўсиши Жиззах (2,8 баробар), Сирдарё (2,0 баробар), Хоразм (1,9 баробар), Қашқадарё (77,8%), Бухоро (70,1%) ва Андижон (62,7%) вилоятларида кузатилди.

Божхона тушумларининг ўсиши импорт ҳажмининг ва валюта айирбошлаш курсининг ўсиши, божхона органлари томондан божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, товарларни эркин муомалага чиқариш жараёнларини тезлаштириш ва божхона маъмуриятчлигига янги методларни жорий этиш ҳисобига таъминланди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,2%га ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг ўсиши Қашқадарё (63,4%), Наманган (44,2%), Фарғона (38,1%), Самарқанд (35,4%), Сирдарё (29,1%) ва Навоий (17,6%) вилоятларида қайд этилди.

Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.

Жорий йилнинг 1 январидан 31 мартигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,5%га ўсди.

Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Андижон (83,5%), Самарқанд (59,5%), Фарғона (26,3%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (18,5%) кузатилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, базис даврда (2021 йил январь ва февраль) иқтисодиётнинг реал секторидаги йирик лойиҳаларга кредитлар ажратилган. Ҳисобот даврида асосан ушбу лойиҳалар учун кредитларни қайтариш бўйича операциялар амалга оширилмоқда.

Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 43,8%га ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Навоий (62,7%), Жиззах (60,3%), Хоразм (46,6%) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида (64,7%) ва Тошкент шаҳрида (92,3%) кузатилди.

Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қора металлар, пахта толаси, катод қопламали металл, полиэтилен, озуқабоп буғдой, қурилиш материаллари, спиртли ичимликлар ва бошқалар каби товарлар савдосини кўпайтириш орқали таъминланган.

Бу даврда 49 923 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (6 149), Фарғона (4 702), Тошкент (4 305), Андижон (4 119), Қашқадарё (3 835) вилоятларида ва Тошкент (6 990) шаҳрида рўйхатга олинган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Юсуп Жумабаев


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар