Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан автомобил бозорида савдолар ўзгариши мунтазам таҳлил қилиб келинмоқда.
2022 йил февраль ойида 128,4 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди, бу ўтган йилнинг февраль ойига (51,5 минг) нисбатан 149,2%га ва 2020 йил январь ойига (57,5 минг) нисбатан эса 123,2%га кўпайди. Шу билан бирга, 2022 йил январига нисбатан ўсиш суръати 13,4%ни ташкил этди.
Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг жадаллик билан ўсишини ўтган ойдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божини базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида белгиланиши билан изоҳлашмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва/ёки вақтинчалик олиб киришда тўланадиган йиғим 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан бекор қилинди.
1-расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатдан ўтган автомобиллар сонини ўзгариши
Жорий йилнинг февраль ойида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 28,8 минг донани ташкил этди. Автомобил савдоси январь ойига нисбатан 3,2%га ошди. Иккиламчи бозорда ушбу кўрсаткич 99,6 минг донани ташкил этди (ўсиш 16,8%).
Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони ўтган ойга нисбатан Тошкент (63,2%), Қашқадарё (38,1%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (15,9%) сезиларли даражада ошган бўлса, Сирдарё (-27,8%), Фарғона (-22,3%), Наманган (-16,9%), Бухоро (-6,2%), Сурхондарё (-6,1%), Самарқанд (-4,8%), Жиззах (-1,9%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (-6,6%) камайиш кузатилди.
2 расм. Бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотилган автомобиллар
Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар олди-сотди шартномалари сони 2,4 минг донани ташкил этиб, бу январь ойига нисбатан 26%га кўпайди (2021 йил февраль ойига нисбатан ўсиш 2,7 баробар).
3-расм. Ички бозорда сотилган янги енгил автомобиллар
Иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларини расмийлаштиришлар сони энг кўп бўлган ҳудудлар Самарқанд – 12,5 минг (январь ойида - 9,7 минг), Фарғона - 11,8 минг (9 минг), Андижон - 10,2 минг (7,2 минг), Наманган - 9,4 минг (8,1 минг), Қашқадарё-8,3 минг (6,4 минг) вилоятлари ва Тошкент шаҳри - 11,7 минг (13,6 минг) бўлди.
Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамаотчилик билан ишлаш бўлими
Изоҳ қолдириш