Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши фонида Вьетнамда кўмирдан электр энергияси ишлаб чиқариш рекорд даражага етди (Reuters)

АҚШнинг Хитой товарларига жорий этган божлари сабабли айрим ишлаб чиқариш қувватлари Хитойдан Вьетнамга кўчирилди. Бу Вьетнам саноатининг ўсишига ва электр энергиясига талабнинг ошишига олиб келди. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Вьетнамда кўмирдан электр энергияси ишлаб чиқариш 15 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 132,9 млрд кВт·соатга етди.

2018 йилдан буён Вьетнамнинг АҚШга ўртача ойлик экспорти 400 фоиздан зиёд ўсиб, 22 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич Хитойнинг АҚШга экспортига (22,9 млрд доллар) деярли тенглашди. Вьетнамда электр энергиясига талаб 2019 йилдан буён қарийб 50 фоизга ошди. 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмирнинг улуши 52 фоизга етди. Натижада мамлакатнинг кўмир энергетикасига боғлиқлиги ортиб бормоқда.

Осиёда энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун йилига 1 трлн доллар инвестиция талаб этилади (Mckinsey)

McKinsey баҳолашига кўра, Осиёда энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун келгуси 15 йил давомида ҳар йили 1 трлн долларгача инвестиция талаб этилади. 2040 йилга бориб, жаҳонда энергияга талаб ўсишининг қарийб 70 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келади. Осиёда 2040 йилга бориб энергия истеъмоли 370 млн теражоулга етиши кутилмоқда. Бу аввалги прогноздан 15 фоизга юқори.

Кўмир минтақанинг энергия таъминотида катта улушни сақлаб қолиши кутилмоқда. Чунки Хитойда кўмир истеъмолининг камайиши Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги ўсиш ҳисобига қопланади. Шу билан бирга, 2040 йилгача қуёш ва шамол энергетикасига ҳар йили 300 млрд доллар инвестиция йўналтирилиши кутилмоқда. Биологик ёқилғи ишлаб чиқаришни ривожлантириш эса ёқилғи импортини 90–100 млрд долларга қисқартириш имконини беради.

Болгария Европада энергия сақлаш тизимлари бўйича етакчига айланди (Reuters)

Сўнгги бир йилда Болгарияда аккумуляторли энергия сақлаш тизимлари қуввати 2 бараварга ошиб, 3 ГВтдан 6 ГВтга етди. Соҳа ривожига Европа Иттифоқининг 700 млн евро миқдоридаги грантлари ва хусусий инвестициялар ҳисса қўшди. Натижада электр энергияси экспорти 62 фоизга ўсиб, 3,5 млрд кВт·соатга етди.

Энергия сақлаш тизимлари қуёшдан олинган ортиқча электр энергиясини тўплаш ва талаб юқори пайтларда қўшни мамлакатларга экспорт қилиш имконини берди. Болгарияда электр энергиясининг солиқларсиз ўртача чакана нархи 1 кВт·соат учун 0,1117 еврони, Грецияда эса 0,1967 еврони ташкил этди.

Бироқ электр тармоқларининг ўтказиш қуввати чеклангани ва кундузги ҳамда кечки электр энергияси нархлари ўртасидаги фарқ қисқараётгани соҳанинг кейинги ривожланишини чекламоқда. Бу омиллар лойиҳаларнинг даромадлилигини пасайтирмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар