Ўзбекистон илк бор БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ЭКОСОС аъзолигига сайланди - эксперт шарҳи (+видео)

Ўзбекистон илк бор БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ЭКОСОС аъзолигига сайланди - эксперт шарҳи (+видео)

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов “Ўзбекистон 24” телерадиоканалининг “Ахборот” янгиликлар дастурига БМТнинг энг асосий органларидан бири бўлган, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш сайловидаги Ўзбекистон мувофақияти ва унинг аҳамияти ҳақида ўзининг мулоҳазаларини билдирди.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг БМТнинг мазкур Кенгашига сайланиши Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳада ўтказилаётган изчил бунёдкорлик ислоҳотларининг натижаси ҳамдир. Шу билан бирга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги амалга оширилаётган кенг қамровли трансформация жараёнларини халқаро даражада нуфузли ташкилотлар томонидан юксак баҳоланаётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон мазкур ташкилотнинг глобал кун тартибига минтақамиздаги Марказий Осиё масалаларни ҳам баралла айтиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Шу орқали Ўзбекистонда ва минтақа мамлакатларида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида йирик ташаббуслар ва лойиҳаларни ишлаб чиқилишига, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга халқаро грант ва инвестицияларни жалб қилишда ҳам самарали фойдаланиш мумкин бўлади.

Шу жиҳатдан ушбу ташкилотга аъзолик Ўзбекистоннинг минтақамиздаги етакчилиги ва минтақадаги ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг БМТ ЭКОСОС Кенгашига сайланиши унинг халқаро мақомини мустаҳкамлаш, БМТ ресурслари ва тажрибаларидан фойдаланиш, шунингдек, улкан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш учун янги имкониятлар очади”, деди М.Холмуҳамедов.

Бошқа мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибаларига эътибор қаратадиган бўлсак, Эфиопия (2017-2019) ташкилотга аъзолик даврида камбағалликка қарши курашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий дастурни амалга ошириш учун БМТ ва донорлардан катта миқдорда маблағлар (тахминан 1 млрд доллар) жалб қила олди.

Бу йўналишда қўшнимиз Қозоғистоннинг тажрибасини кўрадиган бўлсак, 2013-2015 йилларда ЭКОСОС аъзоси сифатида БМТнинг Марказий Осиё учун Кўп томонлама тараққиёт дастурини яратишни фаол илгари сурган. Натижада ушбу дастур 2015 йилдан амалга оширила бошлаган.

Вьетнам (2016-2018) ташкилотга аъзоликдан соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларда техник ҳамкорликни кучайтириш йўлида фойдаланган.

Бразилия (2020-2022) эса коррупцияга қарши кураш ва демократик институтларни мустаҳкамлаш соҳаларида ўз ислоҳотларини илгари сурди.

Ўзбекистон ушбу мақсадларга эришиш учун ўзининг минтақавий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ЭКОСОС резолюциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиши керак бўлади.

Бундан ташқари, биз Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий статистика ва таҳлилларни такомиллаштиришда БМТ ресурсларидан фойдаланишимиз, мутахассисларимиз илмий салоҳиятини, малакасини ошириш имкониятларига эга бўламиз.

ЭКОСОС аъзолигидан самарали фойдаланиш мамлакатимиз учун ички ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда ўзининг минтақавий ва глобал мавқеини мустаҳкамлашда катта имкониятлар эшигини очиб беради.

Охирги йилларда халқаро муносабатлар борасида Ўзбекистон янги босқичга қадам қўйди. Жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётган давлатимиз кўплаб глобал ташаббусларни илгари суряпти. Дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакати билан дипломатик алоқлар ўрнатилган, 100 дан зиёд халқаро ташкилотга аъзо, турли кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан шериклик жадал ривожоанмоқда. Ислоҳотларга монанд яна бир тарихий воқейлик, Ўзбекистон илк бор БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ЭКОСОС аъзолигига сайланди.

Мазкур тузилма тизимдаги ташкилотларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган асосий органдир. У барқарор ривожланишнинг барча 3 йўналиши – иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилган саъий ҳаракатлари марказида туради. Кенгаш таркибига 3 йил муддатга сайланадиган 54 та давлат киради. Ўзбекистон эса ўз тарихида илк бор 2025-2027 йилларга мўлжалланган ЭКОСОС аъзолигига сайланиб, барча давлатлар орасида энг кўп – 185 та овоз тўплади.

Ўзбекистоннинг ушбу муҳим органга сайлангани юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кузатилаётган изчил ислоҳотлар, халқаро ҳамжамият ва БМТга аъзо давлатлар томонидан кенг этироф этилганидан далолат.

Қайд этиш керакки, БТМнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига сайланиш Ўзбекистонга глобал иқтисодий-ижтимоий фаровонликни оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш ҳамда халқаро жарёнларда фаол иштирок этиш учун янги имкониятлар очади. Шунингдек мамлакатга иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, таълим, гендер тенглиги, атроф-муҳит ва самарали бошқарув каби муҳим соҳаларда муваффақиятли халқаро тажрибани жалб қилишга ёрдам беради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар