27 июль куни Ўзбекистон — Mercy Corps ташкилоти АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (УСДА) маблағ билан таъминловчи «Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат Макговерн-Доул халқаро дастури» доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан англашув меморандумини имзолади.
Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Бюджети 21,5 млн АҚШ долларига тенг ушбу дастур 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасини озиқ-овқат билан таъминлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган мактабгача таълим муассасасидаги 90 000 нафар бола учун овқатланиш ва таълим олишни такомиллаштириш учун қўшимча инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутади.
Мазкур маблағ мактабгача таълим муассасаларини кундалик озиқ-овқат билан таъминлаш, саводхонлик даражасини ошириш, ўқитувчилар ва тиббиёт ҳамшираларини ўқитиш, мактабгача таълим муассасалари, жумладан, синф хоналари, ошхона ва жамоат ҳожатхоналарини таъмирлаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
Дастур 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун сифатли таълим олишни кенгайтириш бўйича ҳукуматнинг таълим секторига оид режасини (2019−2023 йиллар учун) қўллаб-қувватлайди.
Тўлиқ мактабгача таълимни олиш мақсадида болалар жисмоний ва ақлий ривожланишини таъминлаш учун, бу дастур, шунингдек, овқатланиш, саломатлик ва гигиенанинг илғор усуллари ҳақида ҳамда мактабгача таълим муассасаларида таомларни хавфсиз тайёрлаш ҳақида хабардорликни оширишни ҳам ўз ичига олади.
Бу, айниқса, COVID-19 Ўзбекистон ва бутун дунёда болаларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатаётган бир пайтда жуда муҳимдир. Мактабгача таълим муассасаларида юқумли касалликлар тарқалишини бартараф этиш учун ушбу дастур санитария ва гигиена ҳолатларини яхшилаш ҳамда тегишли андоза ва амалиётларни қўллаш бўйича ўқитувчилар, тиббиёт ҳамширалари ва ошпазларни ўқитишни кўзда тутади.
Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг тўлақонли овқатланиши ота-оналар учун ўз болаларини мактабгача таълим муассасаларига қайта юбориш учун энг самарали рағбатлантирувчи омиллардан бири ҳисобланади, дея қайд этди АҚШ элчихонаси.
«Дунёдаги барча болалар қаторида Ўзбекистондаги болажонларга ҳам давом этаётган COVID-19 пандемияси салбий таъсир қилмоқда. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги ҳамкорликка қўшилиши саломатлик ва санитария ҳолатини янада яхшилашга имкон беради. Биргаликда ҳаракат қилиб, биз мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом ва хавфсиз бўлишларини таъминлашимиз мумкин», — таъкидлади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
Кичик ёшдан саводхонлик асосларини ўрганиш келажакда академик ва касбий муваффақиятга эришиш эҳтимолини оширади. Болаларни уйда ва мактабгача таълим дастурлари доирасида эрта ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар умрбод уларни ўқишдаги муваффақиятга тайёрлаши мумкин.
Изоҳ қолдириш