Президент Наманган вилоятдаги имкониятларни ишга солиш бўйича вазифаларни белгилаб берди

Президент Наманган вилоятдаги имкониятларни ишга солиш бўйича вазифаларни белгилаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Наманган мамлакатимизнинг энг баракали, серсув ва серҳосил ҳудудларидан бири, меҳнаткаш ва саховатпеша, ғурури баланд, тадбиркорликда энг илғор инсонлар юрти эканини таъкидлади.

Уларнинг меҳнати ва фидойилиги билан Наманганда ҳаёт ўзгармоқда. Ўтган 7 йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етди. 65 триллион сўм инвестиция ҳисобига 600 минг иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, Наманганда мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани учун масъул комплекслар ва вилоятдаги раҳбарлар танқид қилинди.

Вилоят экспортини 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Мингбулоқ ва Косонсойда бир гектардан олинадиган даромад вилоят кўрсаткичидан 2 баробар кам. Аҳолига берилган 16 минг гектардан 3,5 минг гектари бўш ётибди. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст.

Масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Сайхунобод мисолида Уйчи туманидаги 56 та маҳаллада ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди.

Президент вилоятдаги имкониятларни ишга солиш бўйича вазифаларни белгилаб берди

Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллаларда жами 4 мингта хонадонни танлаб олиб, уларнинг даромадини ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади.

Шу тартибда, 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашилади. Бунга етарли миқдорда кредит ажратиш режалаштирилган.

Юртимизда қазиб олинаётган олтинни атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион долларлик экспорт бўлаётгани қайд этилди. Президент кеча танишган заргарлик корхонасини мисол қилиб, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун жуда катта салоҳият борлигини таъкидлади. Шу боис, тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилинади. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади. Мутасаддиларга Туркия тажрибаси асосида Наманганда олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказни ишга тушириш топширилди.

Ангрен шаҳридан Тўрақўрғон туманигача 100 километрлик йўлда автомобиллар оқими кунига 10 мингдан ошади. Бу йўлни икки томони йил давомида жозибали. Лекин бу ерда одамларни 2-3 соат ушлаб қоладиган лойиҳалар камлиги қайд этилди. Йўл бўйи сервиси Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманлари учун драйвер бўлиши, тадбиркорлар 2,5 триллион сўм инвестиция киритиб, 10 минг аҳолини доимий банд қилишга тайёрлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга вилоят ҳокимлиги ҳузурида алоҳида дирекция ташкил қилиб, мастер-режа ишлаб чиқиш ва йўл бўйидаги ерларни аукционга чиқариш топширилди.

Наманган вилояти майдонининг 20 фоизи тоғлардан иборат. Бу – тоғ туризмини ривожлантириш учун катта имконият. Айниқса, бундай лойиҳаларни Поп, Чуст, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқда амалга ошириш мумкин. Германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз тажрибаси асосида бу туманларда тоғ туризмини ривожлантириш мастер-режасини ишлаб чиқиш ва йил якунигача лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги таъкидланди.

Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кескин ўсиши учун транспорт соҳасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди. Транспорт вазирлигига байрам кунлари авиа ва темир йўл рейслари сонини 2 баробар ошириш, Наманган ёки Фарғонага учиш графигини қайта кўриб чиқиб, водийга ҳар куни бўладиган авиа рейсларни кўпайтириш топширилди.

Ички туризмни ривожлантириш мақсадида Наманганни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темир йўл рейслари, “Наманган-Поп-Чодак” йўналишида ҳар куни экспресс йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилади.

Йиғилишда саноат ва инвестиция масалалари кўриб чиқилди

Наманган саноат зоналари бўйича намуна бўлгани – сўнгги йилларда вилоятда 72 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ишга тушгани қайд этилди. Шу билан бирга, Наманган шаҳри, Наманган, Янги Наманган ва Давлатобод туманларидаги 16 та саноат зонасида қўшимча лойиҳа жойлаштириш имконияти бор.

Тадбиркорлар ҳам хорижий ва маҳаллий сармоя киритиш ташаббуси билан чиққан. Бунга қўшимча равишда маҳаллий 7 та йирик лойиҳага Саноат жамғармасидан 37 миллион доллар ажратиш топширилди.

Вилоятда 129 та норуда конидан 29 тасига саноат кириб бормаган. Бу конларда янги лойиҳа қиламан, деган тадбиркор кўп. Жумладан, улар керамогранит ва базальт тола ишлаб чиқармоқчи. Бундан ташқари, Чустдаги “Аличелек” мис конига Хитойлик инвесторлар 200 миллион доллар сармоя киритишга тайёр.

Вилоятдан қўшни давлатларга экспортнинг ҳозирги кўрсаткичлари бор имкониятга мутлақо тўғри келмаслиги кўрсатиб ўтилди. Қўшни давлатларда савдо уйларини очиш бўйича музокара ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Вилоят саноат маҳсулоти ва мева-сабзавоти асосан Тошкент ва Андижон орқали экспорт бўлаётгани таннархнинг ўсишига олиб келаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан мутасаддиларга Наманган халқаро аэропортидаги бўш майдонда юк терминалини ишга тушириш, Наманганни Қамчиқ довонига яқин ҳудудида логистика марказини ташкил этиш, Нанай қишлоғи ҳудудидаги собиқ “Карвон” божхона назорат маскани фаолиятини тиклаш топширилди.

Қирғиз томони билан келишилган ҳолда “Учқўрғон” божхона постини ишга туширишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Чегара пости яқинида Хитойлик ҳамкорлар билан “Учқўрғон-Кенсай” логистика марказини барпо этиш режалаштирилган.

Вилоят Норин ва Сирдарёдан сув олади, 2 та магистрал канал ва 9 та сув омбори мавжуд. Лекин, Наманганнинг гидроэнергетикадаги салоҳияти ишга солинмаган эди. Кеча Норин дарёсида ГЭСлар каскади қурилишига старт берилди. Бу ерда 228 мегаваттли 6 та станция йилига 1 миллиард киловатт электр чиқаради. Келгуси йилда Катта Андижон каналида 51 мегаваттли “Қўғай-1,2”, “Бешқўрғон-1,2” кичик ГЭСлар каскади ҳам ишга тушади.

Шу йили Попда 1 минг мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси барпо қилинади. Бу ҳам 2,2 миллиард киловатт электр, дегани. Натижада вилоят ўз эҳтиёжини тўлиқ қоплаб, йилига 2,5 миллиард киловатт электр экспорт қилади.

Президент қишлоқ хўжалиги тармоқларига алоҳида тўхталди

Наманганда сув манбалари сероб бўлгани билан, сув тежовчи технологияларни биринчи навбатда шу ҳудудда жорий қилиш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Жорий йилда 60 минг гектарда сув тежовчи технологияни жорий қилиш ва 40 минг гектарни лазерли текислаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди. Шунингдек, вилоятдаги каналларни бетонлаш, “Чоркесар”, “Заркент” ва “Испарон” сув омборларини қуриш, “Чуст” ва “М-2” каналини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.

Наманган қулай иқлим шароитига эга, бу ерда азалдан мева-сабзавотчилик ривожланган. Лекин, мева-сабзавот экспорти мавжуд имкониятга мос эмас. Агар иш тўғри ташкил қилинса, экспортни 3-5 баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди. Шу муносабат билан мева-сабзавот экспортини кўпайтириб, экспорт географиясини кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Деҳқонларга берилган 18 минг гектарга карантин инспекторлари боғланиб, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ташкил этилади, 54 минг гектарнинг агрокимёвий харитаси ишлаб чиқилиб, 18 минг гектари “GSP+” талабларига мослаштирилади.

Вилоятда мева-сабзавотнинг атиги 8 фоизи, гўштнинг 28 фоизи ва сутнинг 9,5 фоизи қайта ишланади. Косонсой ва Чортоқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси мавжуд эмас. Мингбулоқ, Норин, Чортоқ ва Попда мева-сабзавот ва сут, Наманган ва Чортоқда гўштни қайта ишлаш қуввати етишмайди.

Йил якунигача мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида 62 та лойиҳани ишга тушириш, Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш, Попда асал ишлаб чиқариш бўйича йирик корхонани ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шаҳар ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинар экан, аҳоли зичлиги катта бўлган Наманган вилоятида уй-жой қуриш ишларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Икки йил олдин 1 минг 203 гектарда 200 минг аҳоли учун “Янги Наманган” шаҳри қурилиши бошланган. Жорий босқичда 20 минг хонадонли турар-жой, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, шунингдек 68 гектарда “Янги Ўзбекистон боғи” қурилиши бошланади. Шунингдек, Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилишига старт берилади.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Заркент, Хожикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрида сув таъминотини яхшилаш лойиҳасини жадаллаштиришга кўрсатма берилди. Шунингдек, Чуст, Поп, Наманган ва Мингбулоқда ичимлик ва оқова сувини яхшилашга 70 миллион доллар жалб қилинади.

Йўлларни қуриш, таъмирлаш ва сақлашга хусусий секторни янада кенг жалб қилиш, бу борада аниқ лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази тарқоқ ҳолда 6 та туман ва шаҳарда жойлашган. Оқибатда беморлар бир шифохонадан иккинчисига сарсон бўлиб, ортиқча пули ва вақтини сарфлаяпти.

Шу боис бу 16 та марказ негизида 3,5 минг ўринга эга 2 та – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилади. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну-кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади.

Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилган. Мамлакатимизда инфаркт ва инсульт асорати оқибатида фаол ҳаёти чекланган аҳолини тиббий ва ижтимоий реабилитация билан тўлиқ қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди. Бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкил қилишга кўрсатма берилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизим яратиш, телевидение, радиода соғлом турмуш, тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Вилоятда 6 та давлат ва 3 та хусусий олийгоҳ бор. Улар ичида етакчи бўлган Наманган университетида ўзгариш қилиш вақти келгани таъкидланди. Университетдаги 71 та таълим йўналиши 56 тага камайтирилиб, янги адабиётлар билан тўлиқ таъминланади. Таълим сифатини ошириш учун ўқув дастурлари янгиланади. Олийгоҳлардаги 65 минг талабадан 32 минги бошқа вилоятдан келиб ўқишини инобатга олиб, олийгоҳлар атрофидаги 43 та маҳаллада уй ётоқхоналарини ташкил этиш топширилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар