Таълимдаги ислоҳотлар натижаси янги имкониятлар ва юқори кўрсаткичларда намоён бўлмоқда

Таълимдаги ислоҳотлар натижаси янги имкониятлар ва юқори кўрсаткичларда намоён бўлмоқда

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда таълим инфратузилмасини кенгайтириш, таълим мазмунини янгилаш ва педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу даврда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилди. Болалар пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчилар эса таълим жараёнига қайтарилди.

2018 йилдан янги авлод дарсликларини яратиш бошланиб, жараёнга тажрибали мутахассислар, олимлар, педагоглар, муаллифлар ва хусусий компаниялар жалб қилинди. Финляндия ва Сингапур тажрибаси ўрганилди. Жорий йилнинг ўзида 400 нафардан зиёд мутахассис иштирокида 324 та дарслик янгиланди. Янги дарсликларда миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, табиатни асраш, сувни тежаш, рақамли технологиялар, молиявий саводхонлик, келажак касблари, мустақил ва танқидий фикрлашга алоҳида эътибор қаратилди. 2030 йилга қадар 8–11-синфлар дарсликларини янгилаш ишлари ҳам якунланади.

Ислоҳотлар натижаси халқаро баҳолашларда ҳам қайд этилмоқда. “MELQO” тадқиқотида мактабгача таълим тизими юқори баҳоланди. PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчилар табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, дунёда 48-ўринни эгаллади. Жорий йилда ёшлар нуфузли олимпиадаларда 228 та медаль, жумладан, 38 та олтин, 82 та кумуш ва 108 та бронза медални қўлга киритди. Ўзбекистон илк бор мезбонлик қилган халқаро кимё ва информатика олимпиадаларида яна 8 та медаль олинди. Мактабдаёқ хорижий тил ва фан сертификатига эга ўқувчилар сони 100 мингга етди ва 2,5 баробар кўпайди. Қарийб 5 минг битирувчи олийгоҳга киришда энг юқори баллни тўплади.

Педагогларнинг мақоми ва меҳнатини рағбатлантириш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга етди, мактабларда ўқитувчи етишмаслиги уч баробар камайди. PISA таҳлилига кўра, мазкур кўрсаткич Ўзбекистонда 8 фоизни, ўрганилган 91 давлатда ўртача 40 фоизни ташкил этади. Ҳозир 40 минг муаллим 1 минг доллардан, яна 1,5 минг нафари 2 минг доллардан юқори маош олмоқда. “Йил ўқитувчиси” танловининг 208 нафар туман ва шаҳар ғолиби илк бор 616 миллион сўмдан мукофотланди.

Инклюзив таълим қамрови ҳам кенгайди. Икки йилда инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони 729 тадан 3 минг 591 тага етди. Алоҳида эҳтиёжга эга 10 минг бола тенгдошлари билан бир муҳитда таълим олмоқда. Тошкент шаҳрида кўп функцияли инклюзив ресурс мактаби иш бошлади.

Мактабгача таълимда Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларга мос янги дастур ишлаб чиқилди. 180 минг тарбиячи ва педагог янги методика бўйича ўқитилмоқда. Ўйин орқали таълим бериш дастури боғчаларнинг 30 фоизида амал қилмоқда. Тошкентда UNESCO шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш минтақавий маркази ва Италиянинг Режжио Эмилия маркази иш бошлади. Боғча тарбиячиларига ишлаб туриб олий маълумот олиш имкони яратилиб, жорий йилда 7 минг нафари олийгоҳга кирди.

Касбий таълимда сўнгги икки йилда 104 та техникумга Германия, Буюк Британия, Швейцария ва Хитойнинг халқаро дастурлари олиб кирилди. 25 минг корхона билан ҳамкорлик натижасида 100 мингдан зиёд ёш ўқиш билан бирга даромад топиш имконига эга бўлди. Дуал таълимда касб ўрганаётган ёшларга 1 миллион 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда, жорий йилда 9-синфни битирган 220 минг ўқувчи техникумларга жалб қилинди. “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчи қатнашди.

Олий таълим имкониятлари кенгайиши ҳисобига талабалар сони 1 миллион 600 мингга етди. Еттита олийгоҳ 17 та фан бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кирди. Университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилди. Бугун мамлакатда 32 та хорижий олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда.

Таълим сифати замонавий иқтисодиёт талабларига мос бўлиши зарур

Президент учрашувда таълим тизими олдида турган қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожланиши натижасида янги касблар пайдо бўлаётгани, мавжуд касблар учун талаб этиладиган кўникмалар ҳам ўзгараётгани қайд этилди. Шу шароитда мактаб битирувчисининг тил ва касбни эгалламасдан катта ҳаётга кириб бориши жиддий масала сифатида кўрсатилди. Мактаб директорлари ҳар бир ўқувчи қайси тил ва касбни ўрганаётгани, битирганда қандай ҳунарга эга бўлиши ҳақида ўйлаши зарурлиги таъкидланди.

Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун математика, физика, кимё ва биологияни мактабданоқ чуқур ўрганиш зарурати белгиланди. Шу билан бирга, замон ўзгариши билан болаларнинг қизиқиши, дунёқараши ва ахборот олиш хусусиятлари ҳам ўзгараётгани, кеча самара берган дарс усули бугун етарли бўлмаслиги мумкинлиги қайд этилди. Шу сабаб ўқитувчиларнинг мунтазам ўқиши ва ўз устида ишлаши зарур.

Мактабларда ўқувчи ўринларига талаб ҳам ортиб бормоқда. Жорий йил 1-синфга 800 минг бола қабул қилинди, бу ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб, биринчи синфга қабул қилинадиган болалар сони 1 миллионга етиши кутилмоқда. Ҳар йили инвестиция дастурлари орқали 180–200 минг янги ўқувчи ўрни яратилаётган бўлса-да, ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда қўшимча имкониятларга эҳтиёж мавжуд.

Олий таълимда асосий масалалардан бири дарсликлар мазмунининг бугунги кун талабларига мослиги билан боғлиқ. Президент “Олийгоҳдаги дарсликларнинг мазмуни бугунги кун талабига қанчалик мос?” деган саволни қўйиб, ҳозирча унга ижобий жавоб йўқлигини таъкидлади. Муҳандислик йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини яратиш ва илғор хорижий китобларни мослаштириш, тиббиётда трансплантология, робот хирургияси, кам инвазив жарроҳлик ва биомуҳандислик каби тез ривожланаётган соҳалар учун замонавий адабиётлар тайёрлаш зарурлиги кўрсатилди. Олийгоҳларда таълим сифати ва мутахассислар малакасида кескин ўзгариш зарурлиги қайд этилди.

Университетларга берилган мустақиллик таълим сифати, илм-фан ва иш берувчилар билан ҳамкорликда аниқ натижа бериши лозимлиги таъкидланди. Мутахассисликлар ва ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, битирув ишлари ва диссертацияларни иқтисодиёт тармоқларидаги амалий муаммолар ечимига йўналтириш ҳамда хусусий сектор эҳтиёжларига мос илмий ишланмаларни кўпайтириш вазифаси белгиланди.

Таълимнинг барча босқичларида янги рағбат ва ҳамкорлик механизмлари жорий этилади

Президент таълимнинг барча бўғинларини қамраб олувчи янги ташаббусларни илгари сурди. Илғор педагогларни рағбатлантириш учун Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш ва унинг илк соҳибларини келаси йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида тақдирлаш таклиф қилинди. “Йил ўқитувчиси” танлови келаси йилдан 14 та ҳудудда боғча тарбиячилари ва техникум усталари ўртасида ҳам ўтказилади.

Мактаб ўқувчиларини касб ва тилга ўргатиш учун директорларга зарур ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорларга шароит яратилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари узвийлигини таъминлаш бўйича комиссия тузилиб, уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинади.

Математика, физика, кимё ва биология дарсларида синфда 25 нафардан ортиқ ўқувчи бўлса, болалар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади. Миллий сертификатга эга фундаментал фанлар ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади. Ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчилари 30 миллион сўмдан мукофотланади, 1 минг ўқитувчи хорижда стажировка ўтайди. Камида 15 йиллик стажга эга педагогларнинг фарзандларига олийгоҳ контракти учун фоизсиз кредит берилади, хорижий ва миллий сертификат олган муаллимларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланади. Халқаро ва минтақавий олимпиада ғолибларини тайёрлаган педагогларга тўғридан-тўғри олий тоифа берилади. Мазкур ташаббуслар қарийб 100 минг ўқитувчини қамраб олиши кутилмоқда.

Бошланғич синфлар учун фан олимпиадалари йўлга қўйилади. 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичи ғолибларига компьютер берилади, уларнинг устозлари туман босқичи учун 10 миллион, вилоят босқичи учун 50 миллион, республика босқичи учун 100 миллион сўм билан мукофотланади. Янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб этилган ўқитувчилар ва мактабга тайёрлов гуруҳи педагоглари маошига 100 фоиз устама қўшилади.

Ўрта таълимда “сифат индекси” жорий қилиниб, мактаблар педагогик жамоа салоҳияти ҳамда ўқувчиларнинг таълим ва тарбия натижаларига қараб тоифаларга ажратилади. Илғор мактаб бошқа мактабга ўз тажрибасини ўргатиб, уни юқори тоифага олиб чиқса, педагогик жамоасига 30 фоиз устама берилади. Ўқитувчиларнинг бир ойлик мажбурий малака ошириш курси бекор қилиниб, касбий ривожланиш ваучерлари жорий этилади. Муаллим тоифа синовидаги натижасига қараб 18 соатдан 72 соатгача таълим олади ва курс ҳамда малака ошириш жойини ўзи танлайди.

Ўқув юкламаси юқори 52 та туманда хусусий мактаб ташкил этиш учун 7 йиллик 10 фоизли имтиёзли кредит ҳамда очиш ва жиҳозлаш харажатининг 15 фоизигача, кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия берилади. Биносини мактабга ижарага берганлар ер ва мол-мулк солиғидан имтиёз олади. Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаблар учун 10 йилга бепул ижарага берилади, халқаро аккредитация харажатининг ярми қопланади. Хусусий мактабда ўқийдиган фарзанди учун ота-оналарнинг солиқ солинмайдиган даромад чегараси 3 миллиондан 6 миллион сўмга оширилади. Бу оилаларга йилига 6–7 миллион сўм тежаш имконини беради.

Инклюзив ресурс мактаблари йил охиригача Хоразм, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, кейинги икки йилда эса барча ҳудудларда очилади. Мактабгача таълимда ўйин орқали ўқитиш дастури йил якунига қадар 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий қилинади. Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячи хорижда стажировка ўтайди, боғчалар учун 100 та видеоконтент тайёрланади ва давлат боғчалари уч йиллик дастур асосида электрон доска, компьютер ҳамда рангли принтерлар билан жиҳозланади.

Келаси йил 1 январдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули бюджетдан қопланади. Келаси ўқув йилидан тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларида ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқартирилади. Боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам ушбу имкониятдан фойдаланади.

Касбий таълимда халқаро дастурлар барча техникумларга босқичма-босқич жорий қилинади. Халқаро касб сертификатига эга усталарга 50 фоиз устама тўланиб, сертификат харажати тўлиқ қопланади. Ҳар йили 500 нафар техникум устаси Германия, Швейцария, Туркия ва Хитой каби давлатларда стажировка ўтайди. Минтақавий ва халқаро касб танлови ғолибини тайёрлаган устага 100 миллион сўм, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақа ғолибини тайёрлаган устозга 200 миллион сўм мукофот берилади.

Хусусий техникум ташкил этадиган тадбиркорларга солиқ имтиёзи ва ер нархидан чегирма берилади. Келаси ўқув йилидан саноат, сервис ва инфратузилма каби соҳалар учун кадр тайёрлайдиган хусусий техникум ўқувчиларининг 50 фоизига давлат гранти ажратилади. Халқаро дастур ва франшиза олиб келиш харажатининг 75 фоизи қопланади, лаборатория ва жиҳозларни олиб кириш божхона тўловларидан озод қилинади.

Олий таълимда 22 та муҳандислик олийгоҳи муаллифлар жамоаларини тузиб, хорижий ҳамкорлар билан ҳар йили 25–30 та янги ўқув адабиёти яратиши ёки илғор китобларни таржима ва мослаштириши белгиланди. Давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан иборат бўлади. Кенгашлар ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мос равишда қайта кўриб чиқиб, хорижий муаллифлар билан ҳамкорликда ҳар йили камида 50 та дарслик яратади.

Халқаро стандартларга асосланган миллий таълим дастурлари келаси йилдан яна 20 та олийгоҳда жорий этилади. Хорижий стандартларни миллий таълим мазмуни билан уйғунлаштириш ва талабага жаҳонда тан олинадиган тайёргарлик бериш мақсад қилинган.

Олийгоҳларда дуал таълим учун “корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр” тизими келаси йилдан 75 та олий таълим муассасасида, 2028 йилдан эса барча олийгоҳларда ишлайди. Иш берувчи ўзига зарур номзодни ўқитиш бўйича олийгоҳга буюртма беради, номзод тестсиз, суҳбат асосида қабул қилинади. Ишга олинган талабага тўланган маошнинг ярмини давлат қоплайди. Корхона бириктирган устозга қўшимча ҳақ тўланади, зарур ҳолларда ижара харажати қопланади. Ўқиш ва ишда яхши натижа кўрсатган талабалар иккинчи курсдан давлат грантига ўтади.

Энди асосий вазифа сифатида дунёнинг энг кучли 300 университети филиалларини Ўзбекистонга олиб келиш белгиланди. Нуфузли университетлар франшизасини олиб келган хусусий олийгоҳларнинг лаборатория ва жиҳозлар ҳамда бренд учун харажатларининг 50 фоизигача, кампус қуриш харажатининг 30 фоизигача қисми қопланади. Муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ва тиббиёт каби иқтисодиёт учун муҳим йўналишларга устувор аҳамият берилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар