Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири The Chosun Daily газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажакка қаратилган шериклик» номли мақоласи эълон қилинди.
Унда давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши ва ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида сўз юритди.
Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми беш баробарга ошган, Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари эса 8 млрд доллардан ошган. Айни пайтда мамлакатда Корея капитали иштирокида 700 дан ортиқ қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 млрд доллардан ошади. Мирзиёев, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 500 млрд доллардан ошганини қайд этди.
Президент ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида сунъий интеллект, яримўтказгичлар, робототехника, электр транспорти, биофармацевтика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги ва «ақлли шаҳарлар»ни қайд этди.
Унинг фикрича, икки мамлакат учун алоҳида қўшма лойиҳалардан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни яратишга ўтиш муҳим.
Мирзиёев биринчи «Марказий Осиё — Корея Республикаси» саммитига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон унда сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги механизмларини яратиш бўйича ташаббусларни тақдим этишни режалаштирмоқда.
Президент, шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестиция киритиш, академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Манба: The Chosun Daily газетаси
Изоҳ қолдириш