Бухоро вилояти майдони бўйича мамлакатда Навоий вилоятидан кейин иккинчи ўринда туради. Сўнгги йилларда Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари сони сезиларли даражада ошди, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уй-жойлар қурилди.
2017-2025 йиллар давомида Бухоро вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) 17,1 трлн. сўмдан 86,6 трлн сўмга етди ва унинг реал ҳажми 47,4 фоизга ошди. Бу, ўз навбатида, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажмини 10,5 млн.сўмдан 41,4 млн.сўмга кўпайишини таъминлади. Ушбу давр мобайнида вилоят аҳолиси сони 12,6 фоизга кўпайиб, 2,1 млн. нафарга етди.
Вилоятда саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги замонавий ишлаб чиқариш кучларини барпо этиш натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,4 трлн. сўмдан 53,5 трлн.сўмга ёки 36,7 фоизга ошди. Бу эса, ҳудуд иктисодиётини барқарор ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Натижада вилоят ЯҲМнинг таркибида саноат ва қурилиш тармоғининг улиши 21,6 фоиздан 31,1 фоизга ошди.
Замонавий ва маиший хизматларга бўлган талабни тўлиқ қондиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бозор хизматлари ҳажми 8,1 трлн. сўмдан 42,7 трлн.сўмга етди ва 88 фоизга кўпайди.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва қулай агробизнес муҳитини яратиш орқали соҳада ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 32 фоизга ўсган ҳолда 48,3 трлн.сўмни ташкил қилди.
Ташқи савдони эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чоралар натижасида сўнги 9 йил давомида вилоятнинг экспорти ҳажми 414 млн. долларига етди ва 53 фоизга кўпайди.
Ушбу давр мобайнида вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар 20 млрд. доллар инвестициялар ўзлаштириш имконини берди. Натижада, вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 25,1 мингтага етди ва 278 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида охирги 9 йил давомида 7,1 минг км автомобил йўллари, 404,6 км газ ва 2 350 км ичимлик сув қувурлари тармоғи ишга туширилди.
Янги ижтимоий инфратузилма объектларини барпо килишга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятда 10,1 млн квадрат метр уй-жой, шунингдек, 19,1 минг мактабгача таълим муассасалари ўринлари, 42 минг мактаб ўқув ўринлари, 16 минг шифохона ўринлари фойдаланишга топширилди.
Ғолибжон Турсунқулов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш