«Ўзбеккўмир» Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилмайдиган бўлди

«Ўзбеккўмир» Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилмайдиган бўлди

«Ўзбеккўмир»нинг 45 фоиз улуши Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилмайдиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 24 октябрь куни бу ҳақдаги тегишли қарорни имзолади.

Қайд этилишича, ҳужжат «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, кўмир қазиб олишни янада кўпайтириш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4234-сон қарорида 1-5-бандлар ҳамда 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади. 6-банддаги «ПрогрессГорТех» МЧЖ (Россия Федерацияси)» сўзлари «ишончли бошқарувчи» сўзлари билан алмаштирилади. 10-банднинг «в» кичик банди иккинчи хатбошиси «божхона расмийлаштируви» сўзларидан олдин «қўшилган қиймат солиғи ва» сўзлари билан тўлдирилади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2019 йил 7 мартдаги «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «ПрогрессГорТех» МЧЖ (Россия Федерацияси) шўъба хўжалик жамияти-ишончли бошқарувчи «Ўзбекистон темир йўллари»АЖнинг «Ўзбеккўмир» АЖ устав капиталидаги 45 фоиз акциялари пакетининг ишончли бошқарувчиси сифатида жалб этилиши белгиланганди.

Шунингдек қарор билан, «Ўзбеккўмир» АЖга истисно тариқасида, акцияларни ишончли бошқарувга топширилишига қадар, «ПрогрессГорТех» МЧЖ билан келишган ҳолда тегишли равишда экспертизадан ўтказилган кон-транспорт ва ёрдамчи техника, технологик ускуналарни тендер савдолари ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилганди.

Маълумотларга кўра, «ПрогрессГорТех» 2018 йил 15 октябрда Николай Геннадьевич Емельянов томонидан ташкил этилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар