Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар

Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар

Бугунги кунда туризм кўплаб ривожланаётган мамлакатларнинг асосий даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Туризм хизматларини экспорт қилиш иқтисодиётда қўшимча талаб яратиб, аҳолини иш билан таъминлайди ва хорижий валюта тушумини оширади. Шу орқали туризм соҳаси иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида муҳим рол ўйнайди.

Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2018 йилда жаҳон сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажми 4 фоизга ошиб, 1.7 триллион долларни, халқаро сайёҳлик ташрифлари сони эса 5 фоизга ўсиб, 1.4 миллиардни ташкил қилди. Бунга сабаб бўлувчи асосий омиллар сифатида ривожланаётган мамлакатлардаги арзон нархлар ва улар томонидан виза жараёнларини соддалаштирилиши ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳам 2019 йил давомида туризмни ривожлантириш бўйича жадал ишлар давом эттирилди. Шу жумладан, виза расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, ортиқча тўсиқларни бартараф этиш ва соҳанинг инвестиция жозибадорлигини ошириш бўйича қатор чоралар кўрилди. Натижада, 2019 йил якунларига кўра туризм хизматлари экспорти 2018 йилга нисбатан 26.1 фоизга ўсиб, 1.3 миллиард долларни ташкил қилди ва соҳанинг хизматлар экспортидаги улуши 39.3 фоизга етди.

Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги Қонуни 2019 йил 18 июлда қабул қилиниб, унда соҳанинг ҳозирги ривожланиш босқичидан келиб чиққан ҳолда янги тушунчалар киритилди, туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг принциплари ва асосий йўналишлари белгиланди. Шунингдек, туристик фаолият субъектлари тоифаларга ажратилди.

47 та давлат фуқаролари учун виза режими бекор қилинди ва визасиз режимга эга мамлакатлар сони 86 тага етди. Бундан ташқари виза жараёнларини соддалаштириш мақсадида электрон виза олиш имкониятига эга мамлакатлар сони 57 ни ташкил этди. Қўшимча равишда, “Ватандош”, “Талаба”, “Академик”, “Зиёратчи” ва “Тиббиёт” виза турлари жорий этилди. Қилинган ишлар натижаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ўтган давр билан солиштирганда 2019 йилда мамлакатимизга келган сайёҳлар сони 26.2 фоизга кўпайди. Визасиз режим жорий этилган давлатлардан ташриф буюрган сайёҳлар сонида эса 58 фоиз ўсиш кузатилди. Натижада, сайёҳларни жойлаштириш масканларининг юкланиш даражаси 62 фоиздан 84 фоизга кўпайди.

Охирги йилларда туризм соҳасидаги янги тенденцияларга мос ва кенг сегмент талабларига жавоб берадиган хостеллар бозорини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда 2019 йилда мамлакатда кам бюджетли туризм инфратузилмаси ва хостеллар бизнесини янада рағбатлантириш учун хостелларни мажбурий сертификациялаш тартиби бекор қилинди ва бошқа бир қатор талаблар соддалаштирилди. Натижалар узоқ куттирмади. 2019 йилнинг ўзида республикада 161 та янги хостеллар қуриб фойдаланишга топширилди. Улар томонидан бир вақтнинг ўзида 5666 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 433-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан меҳмонхоналар бизнесини ривожлантиришга катта урғу берилди. Унга кўра, янги қурилаётган 3 юлдузли меҳмонхоналарнинг хар бир хонаси учун Давлат бюджетидан 40 миллион сўм, 4 юлдузли меҳмонхоналар учун эса 65 миллион сўм компенсация ажратиш кўзда тутилган. Қилинган ишлар натижасида 2019 йилда мамлакатда умумий ҳисобда 277 та янги меҳмонхона қуриб, ишга туширилди.

Туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг оммага ёритилмоқда. Хусусан, “The Telegraph” ер юзидаги энг саргузаштбоп масканлар рўйхатини эълон қилди ва Ўзбекистон мазкур рўйхатда биринчи ўринни эгаллади. “The Economist” нашри томонидан эса Ўзбекистон йил мамлакати дея тан олинди. Бундан ташқари “Lonely Planet”, “Harpers Bazaar”, “The Spectator” ва бошқа нашрлар томонидан мамлакатнинг сайёҳлик потенциали юксак баҳоланиб, камчиликларни камайтириш ва ривожлантириш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Хасан Мажидов,
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Администрацияси ҳузуридаги
иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
етакчи илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар