Сўнгги уч ой давомида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларига оид муҳокамалар ҳам ҳукумат, вазирлик ва идоралар даражасида, ижтимоий тармоқларда ва ҳам кенг жамоатчилик орасида қизғин давом этмоқда.
Ушбу долзарб мавзу бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бир неча маротаба тўхталиб ўтди. Хусусан, Президент Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи давлат мақоми олишини таклиф этди.
Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида “Интеграциялашув ҳақида икки оғиз айтсам. Мустақиллигимизни бериб қўямиз, деган гаплар шунчаки ҳою-ҳавас гаплар. Ким бериб қўяди мустақилликни? Бунақа бўлмайди. Бундан ташқари кузатувчи дегани, аъзо дегани ҳам эмас. Биз кузатувчи мақомида нима яхши, нима ёмонлигини кузатамиз. Асосий ўринда халқ манфаатлари туради” дейилди.
Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторлар парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган таклифларни беришлари кераклиги айтилди.
Ҳукуматга эса тармоқлар кесимида олиб борилган таҳлиллар натижалари асосидаги комплекс баҳолашларни якунлаб унинг натижаларини Олий Мажлис палаталари муҳокамасига тақдим этиш топшириғи берилди.
Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси Қудратулла Рафиқов ЕОИИга аъзо бўлишнинг устунликлари ва камчиликларини таҳлил қилган ҳолда, хозирги шароитда Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлиши бу мантиқий ва мақбул қадам эканлигини таъкидлади. “Кузатувчи мақоми иттифоқнинг “ичидан қараш” имкониятини беради. Фақат шу йўл билан биз юқорида айтиб ўтилган интеграция бирлашмасида иштирок этишдан мамлакатимиз қандай афзалликлар ва салбий оқибатларга олиб келишини синчковлик билан ўрганишимиз мумкин” деди касаба уюшмалари Федерациясининг раиси.
Таъкидлаш жоизки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи дастлаб Божхона иттифоқи кўринишида ташкил топган, унга аъзо давлатлар ўзаро савдо олиб боришда ҳамкорликни кучайтириш, тўсиқларни камайтириш, миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва рақобатбардошлигини ошириш орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор ривожланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган.
Бугунги кунда мазкур ташкилотга Арманистон, Беларусия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия Федерацияси аъзо. Шунингдек, Молдова Республикаси кузатувчи мақомига эга. 2019 йил 29 май куни Молдова Президенти Игорь Додон ушбу мақом олинганига бир йил муносабати билан қилган нутқида: “Албатта биз интеграцион жараёнлар, имкониятлар, Евроосиё иқтисодий иттифоқини ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари хақида қимматли маълумотларга эга бўлдик” деди. Бир йил ичида Молдова ва ЕОИИ орасидаги товар айланмаси
10 фоизга ортди.
Давлатларнинг кузатувчилик мақоми “Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми тўғрисида”ги низоми билан тартибга солинади. Бунда аъзо мамлакатлар томонидан имзоланган мазкур низомга асосан, Иттифоқ билан ҳамкорлик қилиш мақсадида бўлган давлат Иттифоқнинг Олий Кенгаши раиси номига кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги сўровнома юборади ва бу билан ЕОИИ таъсис шартномасининг 109 моддаси доирасида фаолият юритишини кафолатлайди.
Хусусан, кузатувчи давлатнинг ваколатли вакиллари ЕОИИ таклифига биноан, Иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинган қарорлар билан танишиш (махфий ҳужжатлар бундан мустасно) ҳуқуқига эга. Кузатувчи мақоми иттифоқ органларида қарор қабул қилишда иштирок этиш имкониятини бермайди.
Кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги қарор ташкилотнинг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинади. Кузатувчи мақомини олган давлат ЕОИИ таъсис шартномасида кўрсатилган мақсад ва йўналишларга зид, иттифоқ ва унинг аъзо давлатлари манфаатига зарар етказадиган ҳатти-ҳаракатлар йўл қўйилмаслиги шарт.
ЕОИИда кузатувчи мақомини олган давлат ҳукумати, Евроосиё иқтисодий комиссияси ваколатхонасига ўзининг доимий вакилини юборади. Ушбу шахс кузатувчи давлат номидан Комиссия ва унинг органлари билан доимий алоқа ўрнатиш ваколатига эга бўлади.
Ушбу доимий вакил ўзининг давлатидаги Ҳукумат билан Иттифоқ доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, техник, божхона, санитария ва фитосанитария регламентларини тартибга солиш, Комиссия ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашга масъул бўлади. Шунингдек кузатувчи давлат ва аъзо давлатлар учун ўзаро манфаатли соҳаларда икки томонлама ва кўп томонлама мулоқот ўрнатиш
ва ҳамкорлик қилиш масалаларида фаолият кўрсатади.
ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми нима ва у нималарни беради?
Биринчидан, ЕОИИ ташкилоти ҳали ёш ташкилот бўлиб ҳозирда ташкилотнинг шаклланиш жараёнида қатнашиш бизга асосий савдо шерикларимиз тўғрисида муҳим маълумотларга эга бўлиш имкониятини беради. Гравитация моделларига асосланган ҳолда шуни айтишимиз жоизки, юқори эҳтимоллик билан ушбу мамлакатлар келажакда ҳам бизнинг асосий савдо шерикларимиз бўлиб қолади.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши таъсири бир қанча ақлий марказлар томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Ҳозирда интеграция жараёнларини у ёки бу иқтисодий соҳаларга таъсири бўйича аниқ ҳисоб-китоблар мавжуд. Шу билан бирга, айтиш жоизки, бу ҳисоб-китоблар қандайдир фаразлар асосида амалга оширилган. Кузатувчи мақомида ушбу фаразларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлиги қайта кўриб чиқилади. ЕОИИда қарорлар қабул қилиш жараёни мукаммал ўрганилади. Оддий тил билан айтилганда, қарор қилишдан олдин етти марта ўлчаб бир марта кесилади.
Учинчидан, ЕОИИга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари ҳисобланади. Қўшниларимизнинг у ёки бу қарорлари албатта бизнинг иқтисодий ривожланишимизга таъсир қилмай қолмайди. Бундай шароитда, кузатувчи мақоми ЕОИИ Олий Кенгашида турли мавзуларда олиб борилаётган муҳокамаларда иштирок этиш, қабул қилинган қарорлардан ўз вақтида хабардор бўлиш ва унга асосан ўз иқтисодиёт тармоқларимизда тизимли ўзгартиришлар киритиш ва камчиликларни бартараф этиб бориш имкониятини беради.
Тўртинчидан, Ҳар бир интеграция жараёни иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун рақобат муҳитини кескин кучайтиради. Кузатувчи мақомида биз саноатимизнинг локомотив корхоналарини кескин рақобат муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш учун муҳим маълумотларни олиш имкониятига эга бўламиз.
ЕОИИга кузатувчи мақомини олиш, келажакда иттифоққа аъзо бўлиш мажбуриятини юкламайди ва у белгиланган муддат билан чекланмаган.
Хамидулла Нормурадов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш