Банк-молия секторини янада модернизация қилиш бўйича амалга оширилган таъсирчан чоралар

Банк-молия секторини янада модернизация қилиш бўйича амалга оширилган таъсирчан чоралар

2019 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалардан бири сифатида банк ва молия тизимида ислоҳотларни жадал давом эттириш, соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш вазифаси белгиланган эди. Ўтган йилда мазкур вазифаларни муваффақиятли бажариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2019 йил 5 ноябрда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ-580-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 2019 йил 11 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ-582-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 ноябрдаги
ПҚ-4540-сонли ““Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” унитар корхонасини акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” унитар корхонаси “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилди.

2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида таъкидланган банк тизимидаги энг асосий муаммоларга эътибор қаратилди. Банк тизими активи ва капиталининг асосий қисми давлатга тегишлилиги ва бу банк секторида соғлом рақобатга, хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилаётганини ҳисобга олиб, Молия вазирлиги тузилмасида Давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Ўтган 2019 йилда банк секторида янги рақобатчи банклар пайдо бўлди. Қозоғистон Халқ банкининг (Halyk Bank) шўъба банки – Tenge bank ҳамда Пойтахт банк таъсис этилди.

Банклар ўртасида рақобатнинг сезиларли даражада кучайиши миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларида ўз аксини топди. Хусусан, 2019 йил декабрь ойида жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахслар муддатли депозитлари учун ушбу кўрсаткич
16,5 фоизгача кўтарилди. Депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлигининг ошиши ҳамда депозит сертификатлари маблағларининг кўпайиши натижасида банк тизимидаги жами депозитлар ҳажми 2019 йил
1 декабрь ҳолатига 91,3 трлн. сўмга етди.

2019 йилда “Mobile-banking”, “Internet-banking” каби масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчи жисмоний шахслар сони 1 863 113 кишига кўпайди. Бугунги кунда замонавий банк хизмат-ларининг оммалашиши мижозларга ўз ҳисобрақамларини юргазиш, тўловларни амалга ошириш ҳамда банк ҳисобрақамлари бўйича ҳисоботларни тузиш имкониятларини бермоқда. Бундан ташқари, банк мижозлари куну-тун уяли алоқа телефонлари орқали ўз маблағларини депозитларга жойлаштиришлари ёки масофадан туриб кредитлар расмийлаштиришлари мумкин.

2019 йилда тўлов тизимида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, муомаладаги банк пластик карталари сони 2,86 млн.га етди, ўрнатилган терминаллар сони 147 448 тага, ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони 2344 тага ошди. Натижада, мазкур йилда тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар 71 трлн. сўмни ташкил этди.

2019 йил 31 октябрдан банклар ўз мижозларига тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида банк хизматлари офисларини ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Банк хизматлари офисларида депозит ҳисобварақлар очиш, омонатлар қабул қилиш, тўловларни ва халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш, валюта айирбошлаш, истеъмол кредити ва микроқарз бериш каби базавий банк хизматлари кўрсатила бошланди.

Шунингдек, ўтган йилда банк соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш асосида тижорат банклари ходимларининг билими ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилди. Хусусан, кадрлар тайёрлашга нисбатан халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага асосланган тизимли ёндашувга ўтилди. Шу билан бирга, тижорат банкларининг бошқарув, ўрта ва қуйи бўғин ходимлари меҳнатига уларнинг малакаси, билими ва аниқ иш натижаларидан (KPI) келиб чиққан ҳолда ҳақ тўлашнинг бонусли тизими жорий этила бошланди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил 25 ноябрда банкларнинг халқаро капитал бозорларига интеграциялашуви бўйича дастлабки қадам ташланди. Ўзбекистон саноат қурилиш банки 300 млн. АҚШ доллари миқдоридаги
5 йиллик халқаро облигацияларини Лондон биржасида 5,75 фоиз купон ставкасида жойлаштирди. Бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси томонидан 1,3 млрд. АҚШ долларига тенг облигацияларнинг халқаро капитал бозорига чиқарилиши юртимиздаги бошқа тижорат банклари ва корхоналари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиб берди.

2019 йил август ойининг сўнгги ўн кунлиги бошида жисмоний шахсларга нақд чет эл валютасини сотиш операцияларининг йўлга қўйилиши аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада оширди. Натижада, ўтган йилда тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шаҳобчалари орқали жисмоний шахслардан сотиб олинган валюта маблағлари миқдори 2018 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 41 фоизга ўсиб, 3,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

2019 йил 1 декабрь ҳолатига банк тизими жами активлари миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 94 трлн. сўмга ошди.

Халилуллоҳ Ҳамидов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар