Иккинчи жаҳон урушидан сўнг глобал иқтисодий интеграциянинг кенгайиши юзага кела бошлади. Халқаро иқтисодиётнинг чуқурлашуви натижасида турли иқтисодий ташкилотларнинг юзага келиши юз берди.
Жумладан, Бреттон-Вудс валюта тизимининг вужудга келиши асносида Халқаро валюта фондининг ташкил топиши бунга мисол бўлади. Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) 1995 йилда ташкил этилган бўлса-да, унинг тарихи бевосита 1947 йилда тузилган “Савдо ва тарифлар бўйича умумий келишув (General Agreement on Tariffs and Trade, GATT)”нинг эволюцияси натижасида вужудга келган. Мазкур келишувнинг асосий мақсади халқаро савдода тўсиқларни бартараф этиш бўлиб, унга кўра нотариф тўсиқларни камайтириш, импорт квоталарини шакллантириш ва савдони субсидиялаш кабиларни олдини олишдан иборат бўлган.
Ҳозирги кунда ҳам ЖСТ 1986-1994 йилларда Уругвай раундида қабул қилинган қоидалар ва GATT бўйича меъёрларга амал қилган ҳолда савдоларни ташкил этишни кузатиб келади. Шу боисдан, мамлакатлар ўртасидаги умумий савдо келишуви ва протекционизм бўйича ягона ёндошувга эришилмаган ва бу бўйича Доҳа раундида (Қатар) музокаралар давом этмоқда.
Таъкидлаш керак, ривожланаётган мамлакатларга савдо имтиёзларини қўллаш ривожланган мамлакатларга нисбатан кўпроқ амал қилади.
GATTнинг амал қилиши ва ЖСТнинг ташкил топиши натижасида божхона тарифлари ва нотариф тўсиқларнинг бир неча баробар пасайганлигини қайд этиш лозим. Бу эса, мамлакатлар ўртасида халқаро савдони тартибга солиш ва томонларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ва ривожлантиришга қаратилган жараёнларни ўзида акс эттиради.
Ҳозирги кунда кенг жамоатчилик ва баъзи экспертлар томонидан Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиб кириши ортидан ЖСТга аъзо бўла олмаслиги ёхуд жараён қийинлашиши мумкинлиги ҳақида асоссиз фикрлар берилмоқда. Бу борада, ўзбек-америка бизнес форумида ҳам тўхталиб ўтилди. Яъни, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиши ЖСТга қўшилиш жараёнини мураккаблаштириши ва маълум бир даражада Россия томонидан мамлакатимизга сиёсий босимлар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида асоссиз равишда фикрлар билдирилди.
Таъкидлаш лозимки, ЖСТ ва ЕОИИ турли иқтисодий ташкилотлар бўлса-да, улар ўз фаолиятлари натижасида бир-бирларини тўлдириб туришларини унутмаслигимиз керак.
Биринчидан, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, бундай қараш нотўғри. Чунки, Ҳукуматимиз аҳоли фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашга хизмат қиладиган мавжуд барча халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Янги Ўзбекистонни янгича қарашлар, очиқлик ва шу каби муҳим демократик тамойиллар асосида қайта кашф этилаётганлиги – уни жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини кучайтириш йўлидаги зарурий қадамлардан бири сифатида эътироф этиш ўринлидир. Бу жараёнларни сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан ва иқтисодиётни бозор қонунлари асосида ривожлантиришга ҳаракат қилинаётганлигидан кўриш мумкин.
Иккинчидан, ЕОИИнинг иқтисодий ташкилот эканлигини таъкидлаш жоиздир. Бу жиҳат ташкилотга аъзо давлатлар суверенитетига таъсир этмаслиги, давлатларнинг бири томонидан бошқасига иқтисодий тазйиқ ўтказилиши мумкин эмаслиги равшан деб қараш лозим. Бу ташкилотнинг асосий мақсади ўзаро манфаатдорликдан иборат, шубҳасиз, бу ташкилотга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилиш ўринлидир.
Учинчидан, ЕОИИ аъзолари бўлишлигига қарамасдан, 1998 йилдан Қирғизистон, 2003 йилдан Арманистон, 2012 йилдан Россия ва 2015 йилдан Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг аъзолигига қабул қилинган. Табиий савол туғилади: Ўзбекистонннинг ЕОИИга аъзо бўлиш бўлмаслиги ЖСТга аъзо бўлиш бўлмаслигига нима даҳли бор?
Агар бу ташкилотга сиёсий тус беришга уринишлар бўлса, нега ЕОИИ давлатлари билан АҚШ ўртасида икки ёқлама стратегик ҳамкорлик тузилган.
Фикримизча, ЕОИИга аъзолик масаласини таҳлил қилишимиз билан бирга, параллел равишда, бу таҳлилларимизни Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигига қўйилаётган муҳим қадам сифатида баҳолашимиз мумкин. Чунки, миллий товар-маҳсулотларимизни ЕОИИ ҳудуди бўйлаб эркин сота олишимиз имкони пайдо бўлиши ва юртимизга аъзо мамлакатлар маҳсулотларининг эркин кириб келиши рақобатбардошлигимизни оширишга хизмат қилади.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, ЕОИИ ҳудудида маҳсулотларга (маркировка, сифат, санитария нормалари ва бошқалар) нисбатан бўлган алоҳида меъёрлар тизими ишлаб чиқилган. Шу каби талаблар турли маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида турли сифат ўзгаришларини киритишни талаб этади. Мазкур ҳолат монопол деб ҳисобланадиган айрим тармоқларнинг фаолиятини хавф остида қолдириши мумкин. Эҳтимол, бизда ҳам менежмент ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш даври етиб келгандир. Ушбу жараёнлар, ўз-ўзидан Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлишига ҳам хизмат қилишига асос бўлади.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев мамлакат ташқи сиёсатидаги айрим жиҳатларга тўхталиб, жумладан қуйидагиларни таъкидлади: “...изланишдамиз, мана, биз катта-катта интеграцияларга қўшилмоқчимиз. Ҳамма ҳар хил айтаяпти: мустақилликни бериб қўямиз... Ҳеч ким ҳеч қачон мустақилликни, ўзбек миллати, ким бўлишидан қатъий назар энди бермайди. Боболаримиз бошлаб берган кураш ҳозир ҳам давом этади. Лекин жилов ўзимизнинг қўлимизда. Биз бозор иқтисодиётида манфаат нуқтаи назаридан қайси йўл тўғрилигини ҳисоб-китоб қилишимиз керак. Ҳар куни. Албатта, бизнинг энг катта ҳаракатимиз - энг маъқул, энг тўғри иқтисодий манфаат йўлига кирамиз. Ким билан боришимизни халқимизнинг ўзи депутатлар билан маслаҳат қилиб... Депутат дегани - у халқимизнинг овози, халқимизнинг кўзи, халқимизнинг дарди. Халқимиз билан маслаҳатлашиб қиламиз. Йўлимизнинг тўғрилигига ишонсак, қиламиз”.
Демак, Ўзбекистон ЖСТ, ЕОИИ каби иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлса, бу жараён ҳаётимизга катта ўзгаришлар олиб келиши, шубҳасиз. Биз учун асосийси, ушбу ўзгаришларда миллатимиз манфаатини ҳимоя қилиб, ҳалқимиз фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашимиз муҳимдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиши тўғрисида халқаро экспертлар ҳам ўз муносабатини билдириб ўтганлар.
Америкалик консультант, АҚШ Савдо ваколатхонаси (USTR) ва Қўшма Штатларнинг Жаҳон Савдо Ташкилотидаги миссиясида узоқ йиллар масъул лавозимларда ишлаган Марк Линскотт ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун нега кераклигига учта сабабни айтди.
Биринчидан, жаҳонда ЖСТга кирмаган давлатлар жуда кам қолган (164 та давлат аъзо – таҳр.). Марказий Осиёдан фақат Туркманистон ва Ўзбекистон ҳозирча ташкилот аъзоси эмас.
ЖСТга қўшилишга қизиқиш билдирмаётган КХДРни ҳисобга олмаганда, ҳатто урушлардан кейин тикланаётган мамлакатлар – Судан, Жанубий Судан, Ироқ кабилар ҳам ташкилотга кириш томон ҳаракат қилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон хориждан инвестиция жалб этишга, ўз минтақасидан ташқари ҳудудларда ҳам савдо алоқаларини ўстиришга катта эътибор қаратмоқда. ЖСТга аъзолик Ўзбекистонга кираётган инвесторлар ва мамлакатнинг савдо ҳамкорларига кафолатлар ва ошкораликни тақдим этади.
Учинчидан, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистонга бошқа давлатларнинг ўзига алоқадор тижорий қарорлари устидан (масалан, чегара ва божлар масаласида) шикоят қилиш имконини беради. Мисол учун, Антигуа ва Барбуда ЖСТ орқали АҚШнинг савдо чекловларига қарши чиққанди. Ёки Марказий Америка мамлакатлари Европа давлатлари томонидан банан импортига жорий этилган чекловларнинг бекор қилинишига эришишган эди.
Қолаверса, Ўзбекистон ЖСТга қўшилиб, унинг тўлақонли аъзоси сифатида халқаро савдо қоидаларини ишлаб чиқишда қатнашиш имконига эга бўлади. Таъкидлаш лозимки, Жаҳон Савдо Ташкилотига асос солинган 1995 йилдан буён ҳали бирорта давлат ундан чиқиб кетмаган.
Шунингдек, ЕОИИ аъзо бўлгандан сўнг, Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши савол остида қолмайди. Сабаби, 1994 йил 21 декабрда ЖСТга аъзо бўлиш юзасидан ишчи гуруҳ тузилган, лекин 2005 йилга келиб ушбу музокаралар тўхтаб қолган эди. Шундай бўлса-да, 2019 йил бошига келиб, ушбу ишчи гуруҳнинг иши жонлантирилди ва Ўзбекистон ЖСТга аъзо мамлакатлар билан “Ташқи савдо режими” келишувини имзолаши назарда тутилган. Шу кунга қадар мамлакатимиз қатор ЖСТга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокараларни якунига етказмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонни ЖСТ ва ЕОИИ каби халқаро иқтисодий тузилмаларга интеграциялашуви ва аъзо бўлиб кириши мамлакатимизнинг ташқи савдодаги ўрнини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама манфаатга йўналтирилган ҳамкорликни амалга оширишга тўлиқ имкон бериши билан ажралиб туради.
Нодир Жумаев, иқтисод фанлари доктори, профессор
Дилшоджон Рахмонов, иқтисод фанлари доктори
Изоҳ қолдириш