Нақдсиз тўловлар соҳасини босқичма-босқич кенгайтириш
Ҳужжатда сўнгги йилларда умумий пул массада нақд пул улуши изчил равишда камайиб бораётгани таъкидланган. Пул массаси ўсиб бораётган бўлса-да, нақд пул айланмасининг ўсиш суръати анча паст бўлиб, бу иқтисодиётда нақдсиз ҳисоб-китобларга барқарор ўтиш жараёнини тасдиқлайди.
2022 йилда пул массаси 189 трлн сўмни, шундан нақд пул айланмаси 42 трлн сўмни ташкил этган. 2023 йилга келиб пул массаси 212 трлн сўмга, нақд пул эса 46 трлн сўмга етган. 2024 йилда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 277 трлн ва 53 трлн сўм бўлиши кутилмоқда. Бу динамика тўлов амалиётларининг тобора рақамлашиб бораётганини кўрсатади.
Банк карталари ва электрон тўлов тизимларидан мажбурий фойдаланиш
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 апрелдан айрим тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Улар қаторига:
- давлат хизматлари учун тўловлар,
- электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувига тўловлар (банк кассаларидан ташқари),
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари хариди,
- АЁҚШ ва электр транспорт воситаларини зарядлаш киради.
Шунингдек, қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари) фақат нақдсиз шаклда амалга оширилади.
Йирик битимларда нақдсиз ҳисоб-китоблар
Ҳужжатга мувофиқ, кўчмас мулк объектлари ва M, N, O тоифали (ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган) автотранспорт воситаларини, шу жумладан махсус техника харидини амалга оширишда тўловлар фақат банк ўтказмалари орқали қабул қилинади.
2024 йилда кўчмас мулк билан боғлиқ савдо операциялари ҳажми 83 трлн сўмга, автотранспорт бўйича операциялар эса 75 трлн сўмга баҳоланмоқда.
Ягона QR-кодни жорий этилади
2026 йил 1 январга қадар барча савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR-кодни жорий этиши шарт қилиб белгиланди.
2026 йил 1 январдан эса юридик шахслар банк томонидан шакллантирилган ягона QR-код орқали тўловларни қабул қилишга мажбур бўлади. Бу ягона тўлов инфратузилмасини шакллантириб, электрон тўлов жараёнларини соддалаштиради ва стандартлаштиради.
Йирик операцияларда нақдсиз айланмани кучайтириш
Кўчмас мулк ва автотранспорт билан боғлиқ барча савдо операцияларининг фақат нақдсиз тўловлар орқали амалга оширилиши молиявий оқимлар шаффофлигини оширади ҳамда яширин айланмаларни камайтиришга хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотар ва ислоҳтлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш