2024 йилда Қашқадарёда маҳаллийлаштириш лойиҳалари доирасида турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, улар орқали импорт ўрнини босиш таъминланди. Жумладан, трансформатор, светофор ва замонавий бошқарув ускуналари каби 20 турда янги маҳсулотлар ўзлаштирилди.
2025 йилда ҳудудда маҳаллийлаштириш доирасида янги лойиҳаларни амалга ошириб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва 66 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Корхоналарнинг 70 фоизи ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва юқори даражада фойдаланмоқда, 12 фоизи тўлиқ рақамлаштирилган, 78 фоизи эса қисман рақамлаштирилган. Бу эса ҳудудда саноат жараёнлари босқичма-босқич модернизация қилинаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, сўровномада қатнашган корхоналарнинг 30 фоизи кам қувватда ишлаётганини билдирган. Жумладан, 7 та корхона 20-30 фоиз, 20 та корхона эса 40-50 фоиз қувватда ишламоқда. Бунда ишлаб чиқаришни тўлиқ йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринлари яратилиши ва маҳаллий бюджет даромадлари ошиши кутилмоқда.
Импорт ўрнини босиш салоҳияти юқори. Қашқадарёда ҳозирда 96 млн долларлик электротехника, 19 млн долларлик насослар, 6,4 млн долларлик фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий буюмларни маҳаллийлаштириш имконияти мавжуд. Масалан, “Трейд энд сэйлес профессионалс” корхонаси светофор қурилмалари, “Муборакнефтгазтаъмир” ва “Агротехсувмонтаж” насослар ишлаб чиқариши мумкин.
Экспорт кўрсаткичлари ҳам ижобий суръатда ўсмоқда. Вилоятда маҳаллийлаштириш дастурига кирган 7 та корхона (15 фоиз) 4,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилган. Бу эса Қашқадарёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорда рақобатбардош эканини тасдиқлайди.
Қашқадарёда маҳаллий хомашёдан фойдаланиш имкониятлари катта. Жумладан, шиша (4,6 млн тн), кремний (1,6 млн тн), сланец (113 млн тн), бентонит гили (32,5 млн тн) каби қазилмалар маҳаллийлаштириш лойиҳаларида ишлатилиши мумкин. Бу эса ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Янги лойиҳалар динамикаси
2024 йилда Қашқадарёда 48 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси амалга оширилиб, жами 463 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 36 млн долларлик импорт ўрни босилди, 4 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинди ва 308 та янги иш ўрни яратилди.
2025 йилда эса 50 та янги лойиҳа амалга оширилиши, умумий қиймати 1,03 трлн сўмга етказилиши, 80 млн долларлик импортни мақбуллаштириш ва 385 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Йирик инвестиция лойиҳалари
2025 йилда амалга ошириладиган йирик лойиҳалардан:
- Косон туманида металл ускуналар ва буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси (Rapid Rais Texnoprom МЧЖ), қуввати – 3,2 минг тонна, қиймати – 25 млн доллар, 150 та иш ўрни, 4 млн долларлик экспорт ҳажми, бюджетга 10 млрд сўм тушум.
- Қарши шаҳрида полиэтилен ишлаб чиқариш лойиҳаси (Nasaf XCP Techno МЧЖ ҚҚ), қуввати – 35 минг тонна, қиймати – 8 млн доллар, 65 та иш ўрни, 30 млн долларлик импортни мақбуллаштириш, бюджетга 5 млрд сўм тушум.
Хулоса
Таҳлиллар Қашқадарё вилоятида саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича катта салоҳият мавжудлигини кўрсатмоқда. Мутасадди идоралар томонидан ушбу имкониятларни рўёбга чиқариш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ қолдириш