Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кўчмас мулк бозоридаги тенденциялар бўйича янгиланган таҳлилни тақдим этди.
2025 йил август ойи якунларига кўра, уй-жой олди-сотди шартномалари сони 25 мингтани ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан 4,6 фоизга камайди. Шу билан бирга, йиллик ҳисобда бозор ўсишни намоён этмоқда, ўтган йилнинг августига нисбатан битимлар сони 13 фоизга ошди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп битимлар Сирдарё (34%), Хоразм (29%) ва Сурхондарё (27%) вилоятларида қайд этилди.
Иккилламчи уй-жой бозори
Ўзбекистоннинг иккиламчи уй-жой бозорида нархлар мўътадил динамикани кўрсатди. Июль ойида 1,7%га ошганидан сўнг, август ойида бир квадрат метр учун ўртача бозор нархи яна 1%га кўтарилди. Йиллик ҳисобда эса иккиламчи бозордаги нархлар 4%га ўсди.
Ҳудудлар даражасида ўтган йил август ойидан буён уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Жиззах (14%), Сурхондарё (17%) ва Сирдарё (10%) вилоятларида кузатилди.
Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги вазият
Йиллик ҳисобда август ойида иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархлар 2,3%га пасайди. Шу билан бирга, пойтахтда бирламчи уй-жой нархлари бир йил ичида мўътадил равишда 0,7%га ошди.
Ўтган ойга нисбатан Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида нархлар 0,2%га ошди.
Иккиламчи уй-жой нархларларининг энг сезиларли пасайиши Мирзо-Улуғбек (-6,3%), Яшнобод (-4,4%) ва Чилонзор (-4,6%) туманларида кузатилди. Шу билан бирга, янги қурилган уй-жойлар сегментида энг юқори нарх ўсиши Мирабод (6,6%), Яккасарой (3,6%) ва Олмазор (2,6%) туманларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида уй-жой ижара бозори
Август ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларида барқарорлик кузатилди. Ўртача ижара нархи аввалги ойлар даражасида сақланиб қолди ва бир квадрат метр учун 8 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 долларни ташкил этади.
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи 1,8%га пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Чилонзор ва Бектемир туманларида қайд этилди.
Жалолиддин Усмонов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш