Шерзод Сапаров: “Темир дафтар”га киритиш пайтида маҳалла раислари муайян ёрдам олувчиларни эътиборсиз қолдирган

Шерзод Сапаров: “Темир дафтар”га киритиш пайтида маҳалла раислари муайян ёрдам олувчиларни эътиборсиз қолдирган

12 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Халқаро мунозара клуби доирасида “Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусидаги иккинчи учрашувини ташкил этди.

Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги масалаларига ихтисослашган Европанинг етакчи хорижий экспертлари, бир қатор мустақил экспертлар, парламент, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятлари вакиллари коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш жиҳатларини Ўзбекистон ва Германия тажрибасига асосланган ҳолда очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилдилар. Муҳокама чоғида Германия ва дунёнинг бир қатор бошқа мамлакатлари пандемия пайтида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига молиявий кўмак бериш бўйича тажрибаси ўрганилди.

"Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам долзарб масалага айланди. Шундай қийин вазиятда, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги самарали шериклик намоён бўлмоқда, яъни Инқирозга қарши курашиш жамғармаси, фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари бирлашиб, инқирозни енгиб ўтишга ҳаракат қилинмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш мақсадида уларнинг рўйхати, яъни “Темир дафтар” шакллантирилди. Бироқ маҳалла раислари объектив/субъектив сабабларга кўра, муайян ёрдам олувчиларни эътиборсиз қолдирган, одамлар давлат кўмагисиз қолган ҳолатлар ҳам учради. Бундай вазиятда кўпинча инсон омили роль ўйнади, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг фаровонлигини баҳолаш мезони стандартлаштирилмагани ва кўп ҳолларда субъектив мезонларга асослангани кўзга ташланди. Масалан, “темир дафтар”га киритиш пайтида маҳалла ходимлари ва секторлар раҳбарлари бир неча йил давомида тўпланган мол-мулк (транспорт воситалари, кўчмас мулк ва бошқалар) асосида моддий аҳволни баҳолашгани, улар оилаларнинг даромадсиз қолганини инобатга олишмаганини айтиш мумкин. “Ижтимоий ҳимоя”, “реабилитация” каби атамалар моҳияти янада чуқурлашди. Бу ҳаётимиз ҳолатини тўлиқ баҳолаш, аҳоли билан ишлашда бошқарув тамойилларини ўрганиш, ижтимоий ҳимоя учун масъул бўлган давлат идоралари таркибида олий маълумотли ходимларнинг янги иш услубларни ўзлаштиришни тақозо этади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи кадрларни 3 та ОТМ тайёрлайди. Ҳар йили 900 дан ортиқ битирувчи дипломга эга бўлади, аммо аксарият давлат идораларида ижтимоий ходимлар штат бирликлари мавжуд эмас. Ваҳоланки, бу давлат идоралари учун кенг инсон ресурси бўлиши мумкин. Мамлакатда муҳтожларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун ижтимоий ходимлар тизимини яратиш керак. Бунда ижтимоий ҳимоя нафақат моддий ёрдам шаклида, балки инқирозга учраган оилаларга патронаж хизмати, ёлғиз кексаларга, етимларга ёрдам ва меҳнат муҳожирлари оилалари билан ишлаш шаклида ҳам бўлиши мумкин", деди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сапаров.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар