Камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган қатлам билан ишлаш тизими борасида олиб борилган ишлар сарҳисоби

Камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган қатлам билан ишлаш тизими борасида олиб борилган ишлар сарҳисоби

15 октябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган қатлам билан ишлаш тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” доирасида қилинган ишларнинг сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Брифингда 2017-2021 йилларда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг натижадорлиги, 2017-2021 йилларда банк тизимида амалга оширилган асосий ислоҳотлар, Бюджет очиқлиги, Ижтимоий ҳимоя, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” соҳасида амалга оширилаётган ишлар, Бизнесни қўллаб-қувватлаш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида кўрилган асосий чоралар тўғрисида маърузалар тингланди.

Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев аҳолини йиллар давомида қийнаб келган нақд пул муаммоси ечими қандай амалга оширилгани ва қандай натижаларга олиб келгани борасида айтиб ўтди.

Ички валюта бозори ва нақд пул муомаласидаги муаммо ва тўсиқлар йиллар давомида инфляциянинг юқори икки хоналик сон даражасида шаклланишига олиб келиш билан бирга тадбиркорликни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиб келган.

2017 йилда пул-кредит сиёсатини ривожлантиришда инфляцион таргетлаш режимини жорий қилишга қаратилган тайёргарлик ишлари бошланди ҳамда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш Марказий банкнинг асосий вазифаси этиб белгиланиши, пул-кредит сиёсатини ривожлантиришдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Мамлакатда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2020 йилдан пул-кредит сиёсатини инфляцияни таргетлаш режимига ўтказишнинг актив фазаси бошланиб, 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиз, 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадгача (таргетгача) пасайтириш белгиланди.

Бунда, пул-кредит сиёсатини инфляцион тергетлаш режимига мувофиқлаштириш мақсадида замонавий пул-кредит инструментлари тўплами жорий этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида, инфляция даражасини 2017 йил охиридаги йиллик 18,8 фоиздан 2020 йил охирида йиллик 11,1 фоизгача пасайтиришга эришилди”, дейди Беҳзод Ҳамраев.

Ҳудудлардаги асосий ижтимоий-иқтисодий муаммолар бу ишсизлик, даромадларнинг пойтахтга нисбатан пастлиги, камбағаллик. Ушбу муаммоларга ечим албатта тадбиркорликни ривожлантириш. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Адҳам Икрамов 5 йилда бу масалада амалга оширилган ишлар борасида айтиб ўтди.

“Тадбиркорлик фаолиятида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилиниши, валюта сиёсатининг эркинлаштирилиши, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиниши, солиқ юки ва солиқ турларининг қисқартирилиши, лицензия ва рухсатнома беришнинг соддалаштирилиши, ташқи иқтисодий фаолият эркинлаштирилиши, виза режимининг соддалаштирилиши ва қўшни давлатлар билан алоқаларнинг тикланиши – булар бизнесни қўллаб-қувватлаш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида кўрилган асосий чоралар бўлди.

Шу билан бирга тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг кучайтирилди, тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий кўмак дастурлари жорий этилди”, дейди Адҳам Икрамов.

Шунингдек, брифинг иштирокчиларининг “Охирги йилларда камбағаллик тушунчаси, бу мавзу атрофидаги фикрлар бот-бот қайтарилмоқда. Олдинлари бу муаммо ҳақида гапириш ҳаттоки таъқиқланган эди. Бугун эса очиқ айтилишига сабаб нима? Балким камбағаллар сони кўпайиб кетаётганидандир, балким бозор иқтисодиётига ўтиш ва либераллаштириш сиёсати камбағаллар ҳақида алоҳида қайғуриш кераклигини билдирар? – деган саволларига Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаков жавоб берди.

2020-2021 йилларда республикада камбағалликни қисқартириш воситаларининг асосий стратегик йўналишлари амалиётга жорий этилди. Биринчидан, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилиб, камбағалликни қисқартириш масалаларини мувофиқлаштирувчи вазирлик ҳамда ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий марказ ташкил этилди.

Иккинчидан, пандемия шароитида эҳтиёжманд аҳолини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жойлардаги 4 та сектор, маҳалла органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда депутатлар билан биргаликда камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати - “Темир дафтар” тизими ташкил этилди.

Учинчидан, Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида Вазирлар Маҳкамасининг “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди”, – дея таъкидлади Одилбек Исаков.

Ушбу брифингни ўтказишдан мақсад, тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган қатлам билан ишлаш тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” доирасида қилинган ишларнинг сарҳисоб қилишдир.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар