Кредитлар ва хорижий валютага бўлган талаб карантиндан олдинги кўрсаткичларга яқинлашди

Кредитлар ва хорижий валютага бўлган талаб карантиндан олдинги кўрсаткичларга яқинлашди

Молиявий ресурсларга, хусусан, кредит ва хорижий валютага бўлган талаб ҳам босқичма-босқич тикланиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилган.

Жорий йил январь-февраль ойларида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 18,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан (18,7 трлн. сўм) бироз ошди.

Мазкур даврда хўжалик субъектлари томонидан ички валюта бозоридан товар ва хизматлар импорти учун хорижий валюта хариди 1,72 млрд. долларни ташкил этиб, қарийб карантиндан олдинги давр кўрсаткичига (2020 йил январь-февраль 1,77 млрд. доллар) тенг бўлди.

Республика товар-хомашё биржасидаги умумий айланма февраль ойида январь ойига нисбатан 26,5 фоизга ва ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 1,6 баробарга кўпайди. Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони ҳам февраль ойида ўтган ойга нисбатан 19,6 фоизга ошди.

Ташқи талабнинг тикланиб бориши шароитида жорий йилнинг январь-февраль ойларида экспорт тушумлари (олтинни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ўсиб, 1,4 млрд. долларга етди. Бунда, февраль ойида экпортдан тушумлар 743 млн. долларни ташкил этиб, январь ойига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича тушумлар жорий йилнинг январь-февраль ойларида 892 млн. долл. ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди.

Ушбу омиллар ички валюта бозорида таклифни қўллаб қувватлашга хизмат қилди ва натижада миллий валюта алмашув курси нисбатан барқарор шаклланиб, 2021 йил 1 март ҳолатига девальвация даражаси йил бошига нисбатан 0,6 фоизни ташкил этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар