Тадбиркорлар Президент билан Очиқ мулоқот ҳақида. Янги имкониятлар, режалар ва истиқболлар
Бу бизнинг тармоғимиз учун сезиларли қўллаб-қувватлаш чоралари
Ҳабиба Холиёрова, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Моҳигул Моҳларойим жилоси” оилавий корхонаси раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси.

– Қабул қилинган қарорлар бизнесингиз учун қандай янги имкониятларни очади? Яқин истиқболда қандай ўзгаришларни кутяпсиз?
– Корхонамизнинг асосий фаолият тури қурилиш моллари, яъни блок ғишт ва эшик-ром ишлаб чиқариш ҳисобланади. Бундан ташқари, нон ва нон маҳсулотлари, маиший хизмат кўрсатиш соҳалари билан ҳам шуғулланамиз. Бундан ташқари, гўзаллик салони, дорихона, ресторан, 2 та газ қуйиш шохобчамиз ҳам бор. Жами 100 та иш ўрни яратилган.
Президентимиз 18 август куни алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, охирги йилларда электротехника, фармацевтика, тўқимачилик, мебелсозлик саноатлари қатори қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳам “катта сакраш” амалга оширилди.
Худди шундай юксак ривожланиш бизнинг оилавий корхонамизда ҳам юз берди. Ғузор туманида қурилаётган турар жойлар, мактаблар, болалар боғчалари, соғлиқни сақлаш муассасаларини барпо этишда бизнинг маҳсулотларимиз пудратчи корхоналар томонидан кенг фойдаланилмоқда. 2019 йилда Хитой Халқ Республикасидан енгил конструкцияли блок ғишт ишлаб чиқарувчи замонавий технология ускуналарини олиб келиб ўрнатганмиз. Ҳозирга қадар 4 млн. донага яқин блок ғишт ишлаб чиқардик ва етказиб бердик.
Ушбу мулоқот доирасида эълон қилинган қарорлар бизга янада катта имкониятлар яратади. Жумладан, 2027 йилдан бошлаб қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачилар ўсишини рағбатлантирадиган янги ёндашув жорий этилиши, қурилиш қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир иш соати учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилиши бизга жуда катта ёрдам беради.
Яна бир муҳим имтиёз давлат активини сотиб олишга жорий этиладиган бўлди. Яъни Давлатимиз раҳбари бугунги мулоқотда 10 млрд. сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олишини эълон қилдилар. Шунда тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш етарли ҳисобланадиган тизим жорий этилади. Бу ташаббус натижасида жойларда бекор турган ёки самарасиз ишлатилаётган давлат активлари тезда сотилиб кетиши ва уларда замонавий тадбиркорлик объектлари ишга туширилиши мумкин.
Бу эса, ўз навбатида, бизнинг корхоналаримизга ўхшаган қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик объектларига қўшимча буюртмалар пайдо бўлишига замин яратади.
Бугунги мулоқотдан руҳланиб, Мустақиллик байрами арафасида туманимиз марказидаги шоҳбекатда маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини ишга туширишни ният қилдим.
Яқин истиқболда жуда катта ўзгаришлар бўлишини, корхонамиз янада гуллаб-яшнашини кутяпман.
Ҳар йили ўтказиладиган учрашувлар ўзига хос йил якунларига айланди
Шабон Ҳожиев, Бухоро вилояти, Вобкент тумани “Kumushkent Ipagi” масъулияти чекланган жамият раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

– Президентнинг тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқоти якунлари орасида қайси жиҳатларни бизнес ҳамжамияти учун энг муҳим деб ҳисоблайсиз?
– Президентнинг тадбиркорлар билан ҳар йили ўтказиладиган анъанавий учрашувлари биз учун қилинган ишларнинг ўзига хос сарҳисобига айланиб улгурди. Президентимизнинг бизнес вакиллари билан бу тарзда очиқ мулоқот қилиши, мавжуд муаммоларни дадил кўтариб чиқиши ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни ўша пайтнинг ўзидаёқ белгилаб бериши дунё амалиётида кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади. Шу боис ҳам бу кунни интизорлик билан кутамиз. Бир сўз билан айтганда, мазкур мулоқотга тайёргарлик жараёнида йил давомида бажарган ишларимизнинг натижаларини муҳокама қиламиз ҳамда берилган имтиёз ва енгилликлардан руҳланиб, келгуси режаларимизни тузиб оламиз.
Корхонамиз – “Kumushkent Ipagi” масъулияти чекланган жамияти йилига 40 тонна ипак ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу молиявий кўрсаткичларда йилига 1,2-1,5 млн. долларлик маҳсулот демакдир. Биз, асосан, маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилишга жуда катта эътибор қаратамиз – ишлаб чиқараётган товаримиз 100 фоиз чет давлатларга йўналтирилади. Экспорт географиямиз кенг бўлиб, ўзбек ипагини Жанубий Корея, Вьетнам, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон каби давлатларга етказиб беряпмиз. Ҳамкорларимиз бу хомашёни қайта ишлаб, юқори сифатли гилам ва турли ипак матолар тўқишади. Экспортимиз ҳажми йилдан йилга ўсиб бормоқда ва 2025 йилда унинг миқдори 1 млн. доллардан ошди. Келгусида экспорт ҳажмини камида 20-30 фоизга ошириш устида иш олиб боряпмиз.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Президентимизнинг тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқотида экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича илгари сурган ташаббуслари биз каби корхоналар учун жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Жумладан, ташқи бозорга чиқишнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатадиган “Экспорт навигатор” тизимининг йўлга қўйилиши ҳамда хорижда талаб юқори бўлган 100 та маҳсулот рўйхатининг шакллантирилиши бизни жуда қизиқтирди. Бу бизга ўхшаган корхоналарга экспортбоп янги товарларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда яқиндан кўмак беради.
Яна бир муҳим янгилик – тадбиркорларга хорижий брендмейкер жалб қилиш харажатининг ярми (500 минг долларгача) қоплаб берилиши ҳамда миллий брендни ташқи бозорда тарғиб қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш учун 50 минг долларгача субсидия ажратилиши айни муддао бўлди. Маркетплейсларда омборга жойлаштириш ва сотиш харажатларининг ярми, халқаро тендерлар учун консалтинг харажатининг 80 фоизи компенсация қилиниши ҳам экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги ва самарали шакли бўлади.
Қолаверса, экспортда муддати ўтган қарздорлик муаммоси бўйича ҳам янги енгилликлар берилгани, хусусан, йил якунигача қарзни қоплаш учун банк ҳисобрақамига валюта қўйилса, у экспорт тушуми сифатида қабул қилиниши экспорт салоҳиятимизни оширишда жуда қўл келади.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимизнинг тадбиркорлар билан олтинчи очиқ мулоқоти бизга жуда катта имкониятлар эшигини очди. Яратилган бу шароитлардан самарали фойдаланиб, юртимиз иқтисодиётига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Маҳаллийлаштириш соҳасидаги янги имкониятлар қизиқиш уйғотди
Каллыбек Примбетов, “NUKUS BETON” МЧЖ ва “Nukus Balik” МЧЖ раҳбари, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

– Президент томонидан илгари сурилган қайси ташаббуслар компаниянгиз фаолиятига катта таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?
– Айни пайтда оиламиз иккита ишлаб чиқариш йўналиши билан шуғулланади. Биринчиси – балиқчилик, хусусан, Африка лаққа балиғи ва бошқа маҳаллий балиқ турларини етиштириб, уларни ярим тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш бўлса, иккинчи йўналиш саноат ва фуқаролик объектлари қурилиши учун темир-бетон буюмлари ишлаб чиқаришдан иборат.
Президентимизнинг бу галги очиқ мулоқотида ҳам жуда катта ташаббуслар илгари сурилди. Улар фаолиятимизни янада кенгайтириш ва ривожлантириш учун мустаҳкам иқтисодий асос бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижасида бизнес юритиш осонлашади, инвестиция муҳити янада жозибадор бўлади, ҳудудларга берилаётган имтиёзлар туфайли эса тараққиёт суръати янада тезлашади. Айниқса, қорақалпоғистонлик тадбиркорларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, бу ҳудуд учун тақдим этилаётган преференциялар, солиқ имтиёзлари ҳамда инфратузилмани барпо этишга қаратилган моддий кўмак ўлкамизнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилиши шубҳасиз.
Жумладан, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб, кредит ажратиш имконини яратадиган “контр-кафолат” тизимининг жорий этилиши тадбиркорларга янги уфқларни очмоқда. Биз бундан унумли фойдаланиб, бизнесимизни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш режаларини тузяпмиз. Шунингдек, аукцион орқали ер сотиб олган тадбиркорнинг қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача ҳужжат йиғиб юришига барҳам берилгани, эндиликда ҳокимлар ерни қурилиш рухсатномаси, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан “тайёр пакет” шаклида савдога чиқариши компаниямиз учун айни муддао бўлди. Бу орқали фаолиятимизни кенгайтириш бўйича режаларимизни тезда амалга ошириш имконига эга бўламиз ва бундай ерни олган тадбиркор қурилишни дарҳол бошлай олади. Бундан ташқари, инфратузилма йиғими бўйича аванс миқдорининг 20 фоиздан 5 фоизга туширилиши ҳам катта енгилликдир.
Мулоқот давомида биринчи навбатда маҳаллийлаштириладиган 50 та маҳсулот рўйхати шакллантирилгани маълум қилинди. Демак, ана шу рўйхатдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида жиддий бош қотирсак бўлади. Қолаверса, маҳаллийлаштириш даражаси 30-40 фоиздан ошган тақдирда, маҳсулотни ички бозорга чиқаришда имтиёзли шартларнинг қўлланилиши биз учун жуда муҳим қарор бўлди.
Бизнес иш ва ўсиш учун янада кўпроқ имкониятлар олмоқда
Гулбаҳор Тожимирзаева, “BA ASSOCIATION” раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби.

– Олтинчи Очиқ мулоқот якунлари бўйича Президент томонидан билдирилган қайси қарорлар ёки ташаббуслар сиз учун энг муҳим бўлди?
– Кўп йиллар давомида хорижда таълим олиб, бизнес билан шуғулланиб, Ватанимизга қайтган тадбиркор сифатида шуни айта оламанки, Олтинчи очиқ мулоқотда Президентимиз томонидан билдирилган ташаббуслар орасида мен учун энг муҳими, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарорлар бўлди.
Айниқса, мутасадди идоралар томонидан тадбиркорларнинг муаммоларини йил давомида республикамизнинг барча ҳудудларида бевосита эшитиш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бизнес ташаббусларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилаётгани жуда муҳим.
Бу қарорлар биз тадбиркорлар учун нафақат амалий имконият, балки янги лойиҳаларни бошлаш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига янада катта ҳисса қўшиш учун кучли рағбатдир.
Жумладан, бизнес учун кредитлар портфели 450 трлн. сўмга етказилиши – тадбиркорлар учун жуда катта имконият. Айниқса, ишлаб чиқариш ва янги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш осонлашади. Бу эса янги корхоналар ва кўпроқ иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
“Бизнес старт”, “Бизнес лифт” ва “Бизнес юксалиш” дастурларининг ҳам аҳамияти жуда катта. Негаки бу дастурлар тадбиркорликни энди бошлаётган инсондан тортиб, йириклашиш босқичидаги бизнесгача қўллаб-қувватлаш тизимини яратиб, кўплаб янги тадбиркорларга ўз бизнесини ривожлантириш имконини беради.
Давлат активларини сотиб олишда аванснинг аввалги 30 фоиз ўрнига 15 фоизга туширилиши тадбиркорнинг молиявий юкини анча енгиллаштиради. Айниқса, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорлар учун бу яхши имконият.
“Экспорт навигатор” тизими жорий этилишининг ҳам аҳамияти жуда катта. Чунки экспортда тадбиркор учун энг муҳими – вақт ва аниқ йўл-йўриқ. Экспортнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатилиши маҳаллий маҳсулотларни хорижий бозорларга олиб чиқишни анча енгиллаштиради.
Бугунги очиқ мулоқотда билдирилган ташаббусларнинг энг катта аҳамияти – тадбиркорга ишлаш, ўсиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун янада кўпроқ эркинлик ва ишонч берилаётганида. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, биз ҳам янги инвестициялар киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Олтинчи Очиқ мулоқот режаларимизга янги туртки берди
Баҳодир Абдураимов, “Chortoq Mineral Water” қўшма корхонаси таъсисчиси, “Саломатлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби

– Аввалги очиқ мулоқотларда қабул қилинган қарорлар бизнесингиз учун қандай янги имкониятларни очди? Олтинчи мулоқотдан кейин яқин истиқболда қандай ўзгаришларни кутяпсиз?
– Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларида қабул қилинаётган қарорлар бизнесимиз учун улкан имкониятлар яратиб бермоқда, бизга жуда катта руҳ бағишламоқда. Мен корхонамиз мисолида бу ҳақида қисқача гапириб бермоқчиман.
Жумладан, бизнес учун энг катта имконият – фақат имтиёз ёки маблағ эмас, балки эртанги кунга ишончдир. Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари ана шу ишончни мустаҳкамлаб, хусусий секторни давлатнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорига айлантирмоқда. Қабул қилинаётган қарорларда тадбиркорнинг мурожаати эшитилибгина қолмай, муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ молиявий манба, бажариш муддати ва масъуллар ҳам белгилаб берилмоқда.
Очиқ мулоқотларда қабул қилинган қарорлар ёрдамида Италия, Франция ва Германиянинг илғор технологияларини жорий этдик, ишлаб чиқариш ва омбор инфратузилмасини кенгайтирдик. FSSC 22000, HALAL, KOSHER ва халқаро бозорлар талаб қиладиган бошқа мувофиқлик сертификатларини олдик. Бугун Chortoq маҳсулотлари бир қатор хорижий бозорларга чиқмоқда. АҚШ ва Европа каби талаб юқори бўлган бозорларда ўзбек брендининг пайдо бўлиши биз учун фақат тижорий ютуқ эмас, бу Ўзбекистоннинг саноат маданияти ва сифат салоҳиятига берилган баҳодир.
Сўнгги қарорларда озиқ-овқат саноати каби экспорт салоҳияти юқори тармоқлар учун экспортолди молиялаш ва айланма маблағларни кенгайтириш, “ишончли экспортчи” механизмларини жорий этиш, рақобатбардош миллий маҳсулотларга “Ўзбекистон рамзи” сифат белгисини бериш ва уларни нуфузли ташқи бозорларда тарғиб қилиш белгилангани бизга янги уфқлар очади. Бу имкониятлардан фойдаланиб, экспорт географиясини кенгайтириш, хорижий дистрибьюторлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш ва “Chortoq” сувини Марказий Осиёнинг глобал премиум брендига айлантиришни мақсад қилганмиз.
2026-2027 йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун катта ҳажмдаги молиявий ресурслар ва саноат инфратузилмасига маблағ ажратилиши ҳам ишлаб чиқаришни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Биз яқин истиқболда мавжуд қувватларни янада кенгайтириш, замонавий логистика ва омбор тизимларини барпо этиш, энергия ва сув ресурсларидан тежамкор фойдаланадиган “яшил” технологияларни жорий қилиш устида ишлаяпмиз. Янги лойиҳаларимиз фақат минерал сув билан чекланмайди: табиий шарбатлар, соғлом ичимликлар ва болалар озиқ-овқати каби юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам қамраб олади.
Бизнинг қарашимизча, Chortoq Mineral Water келажакда оддий корхона эмас, балки ишлаб чиқариш, илм-фан, соғломлаштириш ва туризмни бирлаштирган яхлит маскан бўлиши керак. Корхона ҳудудида замонавий ишлаб чиқариш билан бирга сув тарихи ва брендни намоён этадиган музей, ташриф буюрувчилар учун очиқ йўналишлар ҳамда яшил ҳудудлар ташкил этиш режамиз бор.
Хивада бўлиб ўтган олтинчи очиқ мулоқотда Президентимиз бизга янги куч ва ғайрат ато этадиган янги ташаббуслар билан чиқдилар. Шу боис яқин истиқболда биз, энг аввало, учта ўзгаришни кутяпмиз. Экспорт жараёнларининг тезлашиши ва миллий брендларни ташқи бозорда тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги янгиликлар бизга жуда қўл келади. Биз маҳсулотимизни хорижнинг янги бозорларига экспорт қиламиз. Тадбиркорликка оид маъмурий тартибларнинг янада соддалашиши ҳам янги қувватлар, кўпроқ маҳаллийлаштириш, юзлаб янги иш ўрни ва ёш мутахассислар учун замонавий касблар деганидир.
Умуман олганда, кечаги мулоқотдан кейин, ўйлайманки, бизга берилган имкониятнинг жавоби ҳам катта масъулият бўлиши керак. Тадбиркор давлатдан фақат енгиллик кутиб қолмасдан, ҳалол солиқ тўлаши, сифатли иш ўрни яратиши, табиатни асраши ва Ўзбекистон номини муносиб маҳсулот билан дунёга танитиши шарт. Биз “Chortoq Mineral Water” жамоаси билан айнан шу тамойилга амал қиламиз.
Изоҳ қолдириш