Президент раислигида Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштиришга бағишлаб ўтказилган йиғилишда банк тизимидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, пандемия даврида иқтисодий инқирозни ҳисобга олиб, тадбиркорлик субъектларига бир қатор кредитлар берилгани, лекин йил охирига бориб муаммоли кредитларнинг улуши бир неча баробар ошиб кетиш эҳтимоли юқорилиги, бу банк тизими учун хавф келтириб чиқариши қайд этилди. Бу борада Марказий банк томонидан барча давлат банклари стресс-тестдан ўтказилди. Яъни, мана шундай инқироз ҳолати давом этса ва тегишли чоралар кўрилмаса, йил охиригача муаммоли кредитлар улуши кўпайиб кетиши эҳтимоли борлиги тўғрисида хулоса берилди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Марказий банк, Молия вазирлиги ва тегишли банкларга топшириқлар берилди.
Яна бир муҳим янгиликни айтиб ўтишни хоҳлар эдим. Бугунги кунда давлат банкларининг кузатув кенгашларига жами 14 нафар мустақил чет эллик директорлар жалб қилинган. Яна 11 нафар мутахассис билан музокаралар олиб борилмоқда.
Яқин кунларда давлат банкларида 25 нафар чет эллик мустақил кузатув аъзолари фаолият бошлайди. Йил охиригача давлат банкларида чет эллик мустақил кузатув кенгаши экспертлари улуши 30 фоизга чиқарилади.
Бу бизга нима беради? Айнан мустақил директорлар орқали биз банк раҳбарияти устидан назоратни кучайтирамиз. Давлат банкларида олиб борилаётган ҳар қандай сиёсат ва операциялар кенгаш томонидан тасдиқдан ўтказилади.
Бу тизим орқали мавжуд муаммолар ўз вақтида бартараф этилиб, истиқболли лойиҳаларга пойдевор қўйилади.
Тимур Ишметов,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазири
Изоҳ қолдириш