Олиб борилаётган солиқ-бюджет сиёсати натижасида маҳаллий бюджетларнинг молиявий имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолган маблағлар 21 фоизга ошиб, 2,2 трлн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ҳудудларни қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 1,1 трлн сўм маблағлар ўтказилди.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида 858 млрд сўм, Фарғона вилоятида 243 млрд сўм, Самарқанд вилоятида 210 млрд сўм, Тошкент вилоятида 157 млрд сўм ҳамда Бухоро вилоятида 132 млрд сўм маблағлар маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолди.
Шунингдек, ер майдонларини сотиш ва хусусийлаштириш жараёнлари натижасида маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қўшимча 572 млрд сўм маблағ шаклланди.
Туман даражасида молиявий мустақилликни ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида маҳаллий бюджетлар имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Жумладан, туман маҳаллий бюджетлари ихтиёрида 1,4 трлн сўм маблағ қолди, бу ўтган йилнинг мос давридаги 346 млрд сўмга нисбатан қарийб 4,2 баробарга кўпдир. Хусусан, Олмазор ва Юнусобод туманларида 57 млрд сўмдан, Сергелида 54,3 млрд сўм, Олотда 34,4 млрд сўм, Пскентда 23,3 млрд сўм ҳамда Навоий шаҳрида 22,3 млрд сўм маблағлар шаклланди.
Солиқ тушумлари бўйича ҳам ижобий натижалар қайд этилди. I чоракда Солиқ қўмитаси томонидан бюджетга 63,6 трлн сўм тушум таъминланиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари 15 фоизга ошириб бажарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ёки 12,1 трлн сўмга кўпдир.
Ҳудудлар кесимида солиқ тушумлари 25 фоизга ёки 5,4 трлн сўмга ошди. Хусусан, Навоий вилоятида ўсиш 44 фоизни, Сирдарё вилоятида 39 фоизни, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 28 фоизни ҳамда Самарқанд вилоятида 27 фоизни ташкил этди.
Божхона органлари томонидан ҳам бюджет тушумлари барқарор оширилмоқда. Ҳисобот даврида 19,4 трлн сўм тушум таъминланиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 трлн сўмга ёки 20 фоизга кўпайди.
Қайд этилган натижалар мамлакатда амалга оширилаётган солиқ-бюджет ислоҳотлари самарадорлигини, ҳудудларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш ва иқтисодиётда барқарор ўсишни таъминлаш бўйича изчил сиёсат олиб борилаётганини тасдиқлайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш