Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексининг мўътадил камайиши кузатилди

Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексининг мўътадил камайиши кузатилди

Компонентлар даражасида қуйидаги ўзгаришлар бўлган.

2024 йилнинг сентябр ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан -4,2 фоизга камайиб, 958 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги опреациялар сони -8,2 фоизга камайган;
  • товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги -2,0 фоизга камайган;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 0,1 фоизга ошган;
  • товар белгилари бўйича компонент -18,3 фоизга камайган.

Ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикасида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган.

2024 йил сентябр ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 9 та ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиш кузатилган. Қорақалпоғистон Республикаси (48,2%), Навоий (38,0%), Тошкент (37,9%), Самарқанд (37,7%) ва Қашқадарё (36,9%) вилоятларида сезиларли даражада ўсиш кузатилган (2-расм).

Шу билан бирга, ушбу индекс 5 та ҳудудда камайган бўлиб, бунда Сирдарё (-15,0%) вилоятида энг кўп пасайиши кузатилган.

БАНК ҲИСОБ ВАРАҚАЛАРИ БЎЙИЧА ОПЕРАЦИЯЛАР

2024 йил сентябр ойида банклараро тўлов операциялари сони 5 608,9 минг тани ташкил этди ва 2024 йилнинг август ойига нисбатан 502,8 минг транзакцияга (-8,2%) камайган.

Банклараро тўлов операциялари сони 12 та ҳудудда камайган.

2024 йил сентябр ойида республиканинг 12 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан камайган. Хусусан, Сирдарё (-10,6%), Тошкент шахри (-9,2%), Қашқадарё (-7,8%), Тошкент (-6,4%), Бухоро (-5,1%) вилоятларида сезиларли камайиш кузатилган.

ТОВАР-ХОМ АШЁ БИРЖАСИДАГИ ФАОЛЛИК

2024 йилнинг сентябр ойида ИФИнинг биржа компоненти 0,9795 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 2,0 фоизга камайганлигини англатиб, тузилган битимлар сонининг 7,0 фоизга камайганлиги билан изоҳланади. Шунингдек, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарлар ўртача ҳажмининг 2,9 фоизга ошган.

Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми 2024 йил сентябр ойида 5 166,8 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 8,6 фоизга камайган.

ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪEКТЛАРНИНГ ФАОЛЛИГИ

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2024 йил сентябр ойида 1,0005 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга ошганлигини кўрсатади. Бундан ташқари ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,0 фоизга мўътадил даражада камайган.

2024 йил сентябр ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (488 454 бирлик) нисбатан 4 618 бирликка ортиб, 493 072 бирликни ташкил этган.

Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони 90 тага камайган.

Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 394 712 тадан 399 031 тагача ортган (ўсиш 4 319 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 89 990 тадан 90 379 тагача (389 та) ошган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 662 тани ташкил этиб, 2024 йилнинг август ойига нисбатан 90 тага камайган.

БРEНДЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

2024 йил сентябр ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 0,8172 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг август ойига нисбатан 18,3 фоизга камайган. Жорий йилнинг сентябр ойида юридик шахслар томонидан 514 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Руслан Абдуллаев

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар