Ўзбекистон бош вазири лавозимига номзод Абдулла Арипов 2020 йилда Humo Air давлат авиакомпанияси ташкил этилишини маълум қилди.
«Авиация саноатида рақобат муҳитини яратиш учун бу йил Humo Air давлат авиакомпанияси ишга туширилади», деди Абдулла Арипов шанба куни Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Сиёсий Кенгашининг йиғилишида ҳукумат раҳбари сифатида иш режасини тақдим этар экан.
«Мазкур авиакомпания томонидан дастлаб республикамиз ичида, яна қайтариб ўтаман — ичида амалдагидан анча арзон нархларда мунтазам авиарейслар қатновини амалга ошириш масаласини муҳтарам Президентимиз ҳукуматимиз олдига кескин қўйди ва буни мен ўйлайманки, 2020 йилда биз уни, албатта, ташкиллаштириб, бажарамиз», — деди Абдулла Арипов йиғилиш қатнашчилари қарсаклари остида.
Унинг таъкидлашича, ҳукумат, шунингдек, Самарқанд ва Термиз аэропортларини реконструкция қилишни ва амалдаги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг самолётлар паркини янгилашни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш