Марказий Осиёнинг 2026 йил январь–май ойларидаги ўзаро савдоси

Марказий Осиёнинг 2026 йил январь–май ойларидаги ўзаро савдоси

2026 йилнинг январь–май ойлари якунларига кўра, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро савдоси барқарор ўсишни намойиш этишда давом этмоқда. 5 ой давомида ҳажм 26,8 фоизга ошиб, 5,4 млрд долларни ташкил этди.

Минтақа ичидаги савдо кўрсаткичи сифатида ҳар бир мамлакатнинг Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига амалга оширган экспорт етказиб беришлари йиғиндисидан фойдаланилади. Ушбу ёндашув такрорий ҳисобни истисно этади, чунки бир хил операция бир мамлакатнинг экспорти ва бошқа мамлакатнинг импорти сифатида акс этади. Туркманистон бўйича МО мамлакатларининг миллий статистикаларидан олинган кўзгули (зеркальные) маълумотлардан фойдаланилган.

Ўзаро савдонинг ўсиши Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари экспорт етказиб беришларининг кўпайиши ҳисобига таъминланди. Энг юқори суръатларни Туркманистон — 31,8%, Ўзбекистон — 31,5% ва Қозоғистон — 27% кўрсатди. Тожикистоннинг минтақага экспорти 20,6 фоизга, Қирғизистонники эса 5,8 фоизга ошди.

Шу билан бирга, асосий абсолют ўсишни минтақа ичидаги етказиб беришларнинг 83 фоизи тўғри келадиган Қозоғистон ва Ўзбекистон шакллантирди. Ўзаро экспорт таркибида етакчи ўрин Қозоғистонга тегишли. 2026 йилнинг январь–май ойларида унинг Марказий Осиё мамлакатларига етказиб беришлари 3,2 млрд долларни ёки умумий кўрсаткичнинг 59,1 фоизини ташкил этди. Ўзбекистон улушига 1,3 млрд доллар ёки 23,9% тўғри келди. Туркманистоннинг улуши 8,6% (464 млн долл.), Қирғизистонники — 5,8% (312 млн долл.), Тожикистонники — 2,5% (135 млн долл.)ни ташкил этди.

Минтақанинг энг йирик савдо йўналиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳисобланади. Томонлар миллий статистикаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг беш ойи давомида икки томонлама савдо ҳажми 2,3 млрд доллардан ошди.

Йирик йўналишларнинг иккинчи гуруҳини Қозоғистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан савдоси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан алоқалари ташкил этади.

Бунда Қирғизистон ва Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон, шунингдек, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги айирбошлаш ҳажми пастлигича қолмоқда. Бу минтақа ички алоқаларининг диверсификацияси чекланганини ҳамда кичикроқ иқтисодиётларнинг ягона қиймат яратиш занжирларидаги иштироки кучсиз эканини кўрсатади.

Ўзаро савдодаги иштирок хусусиятига кўра, минтақа мамлакатлари шартли равишда икки гуруҳга бўлинади. Қозоғистон ва Туркманистон асосан минтақавий нетто-экспортёрлар сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон нетто-импортёрлар ҳисобланади. Қозоғистоннинг ўзаро савдодаги профицити салкам 2,2 млрд долларни ташкил этди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг манфий сальдоси 1 млрд долларга, Тожикистонники — 683 млн долларга, Қирғизистонники — 588 млн долларга яқинлашди.

Минтақа билан савдонинг мамлакатлар кесимидаги трендлари

2026 йилнинг январь–май ойларида Қозоғистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 28,9 фоизга ошиб, 4,2 млрд долларга етди. Экспорт 27 фоизга ўсиб, 3,2 млрд долларни, импорт эса 36 фоизга ўсиб, 991,4 млн долларни ташкил этди. Бунда экспорт импортдан 3 баравардан кўпроқ ортда қолди.

Қозоғистон ташқи савдо айланмасининг 7,4 фоизи, шу жумладан экспортининг 10,5 фоизи ва импортининг 3,8 фоизи Марказий Осиёга тўғри келди.

Ўзбекистон асосий ҳамкор бўлиб қолмоқда. У билан товар айланмаси Қозоғистоннинг минтақа мамлакатлари билан савдосининг 55,5 фоизини ташкил этди. Ундан кейинги ўринларни Қирғизистон (25%), Тожикистон (28%) ва Туркманистон (8,7%) эгаллайди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 32 фоизга ўсиб, 3,5 млрд долларга етди. Экспорт 32 фоизга ўсиб, 1,3 млрд долларни, импорт эса 34 фоизга ўсиб, 2,3 млрд долларни ташкил этди.

Минтақа давлатларига Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 10,8 фоизи, шу жумладан экспортининг 10,2 фоизи ва импортининг 11,2 фоизи тўғри келди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг минтақа билан савдосининг қарийб 64 фоизини таъминлади. 2026 йилнинг ўзига хос хусусияти бошқа мамлакатлар бўйича савдонинг жадал ўсиши бўлди, хусусан, Қирғизистон билан товар айланмаси 45,5 фоизга, Тожикистон билан 41,4 фоизга, Туркманистон билан 51,1 фоизга ошди. Шу тариқа, Ўзбекистон географик жиҳатдан энг диверсификация қилинган савдо динамикасини намойиш этмоқда.

Шунингдек, сезиларли дефицит савдо позицияларининг ёмонлашганини англатмаслигини таъкидлаш жоиз. Импортнинг бир қисми ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва оралиқ товарлардан иборат.

Қирғизистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 14,2 фоизга ўсиб, 1,2 млрд долларга етди. Импорт 900 млн долларни, экспорт — 312 млн долларни ташкил этди. Қирғизистоннинг Марказий Осиёга экспорти атиги 5,8 фоизга ошди — бу минтақадаги энг паст кўрсаткичдир. Импорт эса тезроқ — 14 фоизга ўсди.

Қирғизистон умумий ташқи савдосининг 19,4 фоизи, импортининг 16,6 фоизи ва экспортининг 36,8 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида миллий экспортда минтақанинг энг юқори улушидир.

Асосий ҳамкор Қозоғистон ҳисобланади — Қирғизистон минтақавий савдосининг 59,5 фоизи. Иккинчи ўринни Ўзбекистон эгаллайди — 36,4%. Шундай қилиб, Қирғизистоннинг деярли бутун минтақавий айирбошлаши Қозоғистон ва Ўзбекистон йўналишларига тўпланган.

Тожикистоннинг МО мамлакатлари билан товар айланмаси 29 фоизга ўсиб, 952 млн долларни ташкил этди. Импорт 818 млн долларга, экспорт — 135 млн долларга етди.

Минтақага Тожикистон умумий ташқи савдосининг 16,5 фоизи, шу жумладан импортининг 18,7 фоизи ва экспортининг атиги 9,6 фоизи тўғри келди. Марказий Осиё мамлакат учун маҳсулот сотиш бозорига қараганда, товарлар манбаи сифатида юқорироқ аҳамиятга эга.

Қозоғистон устунлик мавқеини сақлаб қолмоқда — Тожикистоннинг минтақа билан савдосининг 68,2 фоизи. Ўзбекистоннинг улуши — 36,8%. Қирғизистон ва Туркманистон билан савдо ҳажми кичиклигича қолди.

Туркманистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 31,8 фоизга ўсиб, 464 млн долларни ташкил этди. Асосий йўналиш Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳисобланади. Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо чекланганлигича қолди.

Умуман олганда, 2026 йилнинг январь–май ойлари якунлари минтақа ичидаги савдо Марказий Осиё мамлакатлари ташқи иқтисодий алоқаларининг энг динамик сегментларидан бирига айланаётганини тасдиқлайди. Савдонинг юқори динамикаси минтақа ичида иқтисодий алоқалар янада кенгаяётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, миқдорий ўсиш ҳозирча минтақавий иқтисодий интеграциянинг тегишли даражада чуқурлашуви билан кечмаяпти. Савдо оқимларининг асосий қисми илгаригидек Қозоғистон ва Ўзбекистон атрофида тўпланган, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги бевосита алоқалар эса чекланганлигича қолмоқда.

Ушбу нуқтаи назардан, минтақа мамлакатларининг кооперацияни кенгайтириш, мавжудларини чуқурлаштириш ва янги қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларини янада кучайтириш талаб этилади.

Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар