Хоразм вилояти ҳудудларини ривожлантириш бўйича илмий асосланган концепциялар ва «йўл хариталари» ишлаб чиқилди

Хоразм вилояти ҳудудларини ривожлантириш бўйича илмий асосланган концепциялар ва «йўл хариталари» ишлаб чиқилди

11 август куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг йигирма бешинчи сессиясида вилоятнинг 13 та шаҳар ва туманини ривожлантириш бўйича Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ишлаб чиқилган илмий асосланган концепциялар ва «йўл хариталари» муҳокама қилинди. Уларда ҳудудларнинг иқтисодий имкониятлари ва ички захиралари аниқланиб, истиқболли ўсиш йўналишлари ҳамда 150 га яқин амалий чора-тадбир белгилаб берилди.

Мазкур ишлар давлат раҳбари раҳбарлигида жорий йилнинг 25 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди. Йиғилишда ҳудудларни ривожлантиришда илмий ёндашувларни кенг қўллаш, иқтисодий имкониятлар ва ички захираларни аниқлаш вазифаси қўйилган эди.

Президент топшириғига мувофиқ, «Ақл маркази – ҳокимлик – Халқ депутатлари Кенгаши» тамойили жорий этилди. Ушбу ёндашув асосида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Хоразм вилоятининг ҳар бир шаҳар ва тумани бўйича алоҳида ривожланиш концепцияси ва «йўл харитаси»ни тайёрлади.

Ҳар бир ҳудуд илмий ёндашув асосида ўрганилди

Тадқиқотларни ташкил этиш учун Марказнинг 13 нафар илмий ходими вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманига доимий асосда бириктирилди. Жойлардаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Хоразм вилояти ҳокимлигида Штаб ташкил этилди.

Марказ мутахассислари ҳар бир ҳудудда тармоқ ва соҳалар ҳолати, табиий хомашё салоҳияти, географик жойлашув ва экологик шароит, инфратузилма имкониятларини ўрганди. Таҳлиллар 20 дан ортиқ илмий услуб ва сўровномалар асосида амалга оширилди.

Ўрганишлар натижасида аниқланган имкониятлар ва истиқболли йўналишлар асосида шаҳар ва туманларни ривожлантиришнинг илмий асосланган концепциялари ҳамда «йўл хариталари» ягона услубий ёндашув асосида ишлаб чиқилди.

Хоразм вилоятининг 13 та ҳудудида белгиланган ривожланиш йўналишлари бўйича 150 га яқин амалий чора-тадбир «йўл хариталари»га киритилди. Шунингдек, йил якунига қадар чуқур ўрганиладиган 10 тадан истиқболли ўсиш йўналиши ҳар бир ҳудуд бўйича шакллантирилди.

Янгиариқда меҳнат унумдорлиги ва маҳаллий ихтисослашув имкониятлари ўрганилади

Янгиариқ туманида кам қувват билан ишлаётган саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарида меҳнат унумдорлигини оширишнинг ички захираларини аниқлаш назарда тутилган.

Шу билан бирга, «One Village One Product» (OVOP) модели асосида маҳалла ва қишлоқларнинг иқтисодий ихтисослашувини ривожлантириш, индустриал кооперация ва маҳаллийлаштириш (Local Supplier Development) тизимини кенгайтириш бўйича ўрганишлар олиб борилади.

Ушбу ёндашув маҳаллий ресурслар ва мавжуд ишлаб чиқариш базасидан самарали фойдаланиш, корхоналар қувватини ошириш ҳамда ҳудудий кооперация имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Гурланда шоличилик ва чорвачилик қиймат занжирлари ривожлантирилади

Гурлан туманида шоличилик ва чорвачилик тармоқларида чуқур қайта ишлаш занжирларини ривожлантириш орқали мавжуд экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятлари ўрганилди.

Туманнинг нисбий устунликларидан келиб чиқиб, чорвачилик ва шоличилик қиймат занжирларини тўлиқлаштириш, хомашёдан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Гурлан–Қораўзак темир йўл тармоғи имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш ва экспорт логистикасини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилади.

Боғотда янги туристик комплекс ташкил этиш имконияти мавжуд

Боғот туманида мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш, туризмни ривожлантириш ҳамда сув, жумладан, коллектор сувлари бўйидаги ерлардан самарали фойдаланиш орқали балиқ етиштириш ҳажмини ошириш имкониятлари аниқланди.

Туманнинг географик жойлашуви ва «Қалъажиқ қалъа» атрофидаги қумли-чўл ландшафти туяда сайр қилиш, квадроциклда саёҳат, балиқ ови ва гастрономик туризмни ягона туристик маҳсулотга бирлаштириш имконини беради.

Ҳозирда ушбу ресурслар ягона маршрутга бирлаштирилмаган. Экологик сафари ва саргузашт туризмини йўлга қўйиш ҳисобига янги туристик комплекс ташкил этиш ва унга йилига 10 минг нафаргача хорижий турист жалб қилиш имконияти мавжуд.

Тупроққалъада автомобилсозлик, логистика ва энергия сиғими юқори саноат лойиҳалари

Хоразм вилояти бой тарихий-маданий мерос билан бирга саноатни ривожлантириш учун ҳам салмоқли имкониятларга эга.

Тупроққалъа туманида Питнак автомобилсозлик базасидан фойдаланиб саноат зоналари самарадорлигини ошириш, дуал таълим тизимини жорий этиш, трансчегаравий логистика ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш чоралари белгиланди.

Шунингдек, халқаро магистрал йўл бўйида хизматларни ташкил этиш, Тўямўйин ГЭС, магистраль электр ва газ тармоқлари имкониятларидан фойдаланиб, энергия сиғими юқори саноат лойиҳаларини жойлаштириш имкониятлари ўрганилди.

«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасининг тумандаги филиали ҳудудидан самарали фойдаланиш ҳам Тупроққалъанинг саноат салоҳиятини ошириш йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

«Йўл хариталари» вилоят иқтисодий ўсишига қўшимча 0,5 фоиз банд қўшиши кутилмоқда

Ҳисоб-китобларга кўра, Хоразм вилоятининг 13 та ҳудуди бўйича ишлаб чиқилган «йўл хариталари»да белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига биргина жорий йилнинг ўзида 400 млрд сўмдан ортиқ қўшимча маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Натижада жорий йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг ўсиш суръатини қўшимча 0,5 фоиз бандга, яъни 8,4 фоиздан 8,9 фоизгача тезлаштириш учун иқтисодий замин яратилади.

Ишлаб чиқилган концепциялар ва «йўл хариталари» ҳудудларнинг мавжуд ресурслари, нисбий устунликлари ва ички захираларини аниқ иқтисодий натижаларга йўналтиришга хизмат қилади. Кейинги босқичда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ҳар бир ҳудуд бўйича шакллантирилган истиқболли ўсиш йўналишларини йил якунига қадар чуқур ўрганиш ишлари давом эттирилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар