Долзарб кун тартиби (2026 йил июнь-июль)

Долзарб кун тартиби (2026 йил июнь-июль)

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга оид жорий масалалар тўғрисида

Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг долзарб масалалари ишчанлик руҳида ҳал этилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишлар чоғида қабул қилинган энг муҳим қарорлар ҳақида.

Наманган вилоятини ривожлантириш

23 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг вазиятлар марказида мутасаддиларнинг ҳудудни ривожлантириш юзасидан ахборотларини тинглади. Наманганда “ақлли” вазиятлар маркази ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади шаҳар ва туманлардаги жараёнларни ягона рақамли тизим орқали таҳлил қилиш, бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишдан иборат. Мазкур марказ орқали 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи 27 минг нафардан ортиқ аҳолига 980 турдаги хизмат маҳалланинг ўзида, “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиши режалаштирилган. Шу ерда Президентимизга Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги устувор йўналишлари юзасидан ахборот берилди.

Сўнгги йилларда Наманганда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,6 трлн. сўмдан 40 трлн. сўмга етгани қайд этилди. Жорий йилда Наманганда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоиз, саноатни 9 фоиз, хизматларни 17 фоиз, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Эндиликда машинасозлик, металлургия, енгил саноат, хизматлар соҳаси ва “янги иқтисодиёт” йўналишларини вилоятнинг асосий драйверларига айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнес инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда Наманган вилоятига бюджетдан 4,5 трлн. сўм ажратилган. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 6,5 трлн. сўм ресурс йўналтирилмоқда. Вилоятда йил якунига қадар 80 минг аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 314 минг нафар фуқаронинг даромадини ошириш, 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилган.

Беш ойда 23,5 минг аҳоли доимий ишли бўлди, 8 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилди. Шу билан бирга, айрим туманларда ишсизлик ва камбағаллик кўрсаткичлари юқорилигича қолаётгани танқид қилинди. Мутасаддиларга бандлик, тадбиркорлик ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар натижадорлигини ошириш топширилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам янги имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Поп туманида адир ерлардан самарали фойдаланиб, саноатлашган органик боғлар ташкил этиш тажрибасини кенгайтириш топширилди. Йил якунигача яна 400 гектар адирда саноатлашган боғ ташкил этиш, бир ой муддатда эса қўшимча 2,8 минг гектар майдонда амалий ишларни бошлаш режалаштирилган.

Инвестиция ва экспорт масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда Наманган вилоятига 5 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,2 млрд. долларга етказиш мақсад қилинган. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят бўйича 3 млрд. долларлик 43 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Жорий йил вилоятда 130 километр ичимлик суви ва 2,5 километр канализация тармоғи тортиш ҳамда 9 та янги сув иншоотини қуриш учун 703 млрд. сўм ажратилган. Бу орқали 34 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 25 минг аҳоли эса канализация тармоғига уланади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги моделини Косонсой ва Уйчи туманларида ҳам жорий этиш белгиланди. Бундан ташқари, инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури октябрь ойидан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида йўлга қўйилади.

Қурилиш материаллари тармоғини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 25 июнь куни қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Сўнгги ўн йилда соҳага 12 млрд. доллар инвестиция киритилиб, 4 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилди. Натижада цемент, ойна, базальт, керамик буюмлар, газоблок, қуруқ қоришмалар каби асосий турдаги 20 дан ортиқ маҳсулотга бўлган ички талабни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди.

Бугунги кунда янги уй-жойлар ва саноат бинолари қурилиши учун зарур материалларнинг 98 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Натижада ўтган даврда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 7 трлн. сўмдан 53 трлн. сўмга ошди, экспорт эса ўтган йили 1,2 млрд. долларни ташкил этди. Энг муҳими, тармоқ импорт ўрнини босишнинг муҳим босқичидан ўтди.

2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини 2 карра ошириб, йилига 280 мингтага етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини 61 тадан 120 тага кўпайтириш режа қилинган. Уй-жой ва тижорат биноларининг ўзи йилига камида 10 млрд. долларлик қурилиш материалларига талаб яратмоқда. Тошкент халқаро инвестиция форумида хорижий ҳамкорларга яна 27 млрд. долларлик инфратузилма лойиҳалари таклиф қилинди. Ушбу барча йирик лойиҳаларда, биринчи навбатда, қурилиш материаллари талаб қилинади. Бундай йирик лойиҳаларда фойдаланиладиган материалларга стандарт, сифат ва сертификат бўйича юқори талаблар қўйилиши табиий. Шу боис, йирик лойиҳаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга йирик ва мегалойиҳаларга импорт ва маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароитни таъминлаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Йиғилишда ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган икки йиллик дастур ижросига ҳам эътибор қаратилди. Дастур доирасида 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан ортиқ жойлаштириш воситаси, жумладан, 200 та меҳмонхона қуриш режа қилинган. Ҳокимлар ҳудудларида барпо этилаётган меҳмонхоналарда маҳаллий материаллар улушини камида 95 фоизга етказиши зарурлиги қайд этилди.

Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янги лойиҳалаш ёндашуви асосида Қамаши туманида 4 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви қурилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида тўлиқ энергия тежамкор маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиб, таннарх 20 фоизга арзон тушади, уйни иситиш ва совитиш харажатлари эса 25-30 фоизга қисқаради. Жорий йилда Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кириладиган 33 та туман ва шаҳарда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши фақат шундай ёндашув асосида амалга оширилиши белгиланди.

Экспорт масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қўшни давлатлар йилига 13 млрд. долларлик қурилиш материалларини импорт қилмоқда. Марказий Осиё давлатларининг ўзига экспортни қўшимча 440 млн. долларга ошириш имконияти борлиги таъкидланди. Озарбайжон, Грузия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларда уй-жой ва тижорат объектлари қуриш бўйича катта дастурлар амалга оширилмоқда. Агар Ўзбекистон уй-жой қуриш бўйича ушбу давлатларнинг ишончли ҳамкорига айланса, бу янги экспорт имкониятларини очади. Шу боис, масъулларга Боку, Тбилиси, Москва, Остона ва Бишкекда 3-4 тадан намунавий, энергия тежамкор уй моделини қуриб, роад-шоу ўтказиш топширилди.

Соҳада энергия самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги ўн йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фойдаланадиган шартли ёқилғи ҳажми 2 карра камайди. Лекин бу ҳали етарли эмаслиги қайд этилди. Вилоят ҳокимларига қурилиш материаллари корхоналарини технологик модернизация қилиш орқали энергия сарфини камайтириш бўйича катта дастурни бошлаш топширилди.

Қурилиш материаллари корхоналарига сертификат олиш билан боғлиқ барча харажатни тўлиқ қоплаб берувчи тизим йўлга қўйилган. Мутасаддиларга маҳаллий ва хорижий сертификати бор қурилиш материалларининг электрон платформасини ишга тушириш, вилоят ҳокимлари билан бирга шу йилнинг ўзида яна камида 50 та қурилиш материаллари корхонасига халқаро сифат сертификати олишда кўмаклашиш топширилди.

Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Сергели туманида катта ўзгаришлар амалга ошганини таъкидлади. Яқин-яқингача Сергели тумани пойтахтнинг чекка ҳудуди ҳисобланган, бугун эса муҳит ва одамларнинг яшаш тарзи тубдан ўзгарди. Сўнгги ўн йилда бу ерда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 млн. квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис объектлари барпо қилинди. Тадбиркорлар сони 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага кўпайди. Туманда шаклланган бюджет тушумлари 382 млрд. сўмдан 2 трлн. 200 млрд. сўмга, яъни 5,5 баравар ошди. Аҳоли учун 5 та йирик дам олиш маскани ва истироҳат боғлари ишга туширилди.

Тошкент вилоятидан ўтган 13 та маҳалла ҳисобидан Сергели тумани ҳудуди 1 минг 800 гектарга кенгайиб, жами 5,6 минг гектарга етди. Мактаб ўринлари 25 мингдан 38,5 мингга, боғча ўринлари 7,5 мингдан 15,5 мингга кўпайди. 50 та давлат ва хусусий клиника очилди. Илгари Сергели тумани аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, хатлов натижасига кўра, ҳудудда аслида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди. (Илгари Сергели тумани аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, хатлов натижасига кўра, ҳудудда аслида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди) Яқин йилларда Сергели аҳолиси 300 минг нафардан ортиши кутилмоқда. Шу боис, раҳбарларда уй-жой, боғча, мактаб, поликлиника ва иш ўринларини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича ҳозирдан аниқ режа ва дастур бўлиши зарурлиги билдирилди.

Бу йил Сергелини ривожлантириш учун бюджетдан 173 млрд. сўм, банклар орқали эса 2 трлн. 200 млрд. сўм ресурс ажратилган. Жорий йилда пойтахт туманлари жами 9 млрд. долларлик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириши белгиланган. Сергелининг ўзига ўтган беш ойда 236 млн. доллар инвестиция киритилди. Йил якунигача 60 та лойиҳани бошлаш ҳисобидан яна 750 млн. доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

Йиғилишда ер устидан ўтган метро йўналиши остида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш тажрибаси ҳам кўриб чиқилди. Бунда давлат ердан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга чиқариб, лойиҳа ва инфратузилмасини тайёрлаб беради, қолган ишни эса тадбиркорлар амалга оширади. Умуман, ер усти метро линиясининг Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 23 километр ҳудудида бундай лойиҳалар амалга оширилса, яна 400 та тадбиркор бизнес бошлаб, 3 мингта иш ўрни яратиши мумкин.

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 млн. хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Лекин пойтахт меҳмонлари ва сайрга чиққан аҳоли учун ҳожатхоналар етишмаслиги қайд этилди. Бир ой муддатда алоҳида дастур ишлаб чиқиб, шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15-20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.

Сергелидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5-2 карра юқори юкламада ишламоқда. Йиғилишда мактабларда ўқувчи ўрнини 2 карра кўпайтириш имконини берадиган янги типдаги мактаблар қуриш лойиҳаси таклиф қилинди. Янги лойиҳага кўра, спорт зали, ошхона ва устахона ертўлада жойлашади, юқори қаватлардан эса синфхоналар сифатида фойдаланилади. Бу йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу ёндашувни жорий этиб, “пойтахт тажрибаси”ни яратиш топширилди.

Пойтахтда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергелида – Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади. Ушбу кўлларни пойтахт иқлимини мўътадил сақлашга, одамлар пиёда сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришига хизмат қиладиган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, “Жўн” каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисмини бетонлаштириш бошлангани қайд этилди. Ушбу туманлар ҳокимларига йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлагини ташкил этиш топширилди.

Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича пойтахт намунасини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Пойтахт туманларига республика раҳбарлари бириктирилгани ўз натижасини бераётгани таъкидланди. Олти ойда 230 та маҳаллада жиноят содир этилмади, 332 та маҳаллада жиноят кескин қисқарди. Криминоген вазияти ташвишли маҳаллалар сони 60 тадан 23 тага тушди. Бу шаҳарда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлар самара бераётганини кўрсатмоқда.

Чўл иқтисодиётини ривожлантириш

Президент Шавкат Мирзиёев 6 июль куни чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, “яшил шаҳар” тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Мамлакатимиз ҳудудининг қарийб 80 фоизи чўл ва ярим чўл майдонларидан иборат. Ерларнинг шўрланиши, қум кўчиши, чанг бўронлари ва гармселлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида жиддий хавф туғдирмоқда.

Орол денгизининг қуриши мазкур жараённи янада кучайтирган. Шу боис, Оролбўйида яшил қопламалар барпо этиш, саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини экиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 2 млн. гектардан ортиқ янги ўрмонзорлар ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакат бўйлаб 1 миллиарддан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди, кўкаламзорлаштириш даражаси 2020 йилдаги 8 фоиздан 2025 йилда 14,3 фоизга етди.

Тақдимотда 2026-2030 йилларда чўлланишга қарши курашиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, 1,27 млн. гектарда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларда 16 минг гектар ҳимоя ўрмонзорлари яратиш режалаштирилган. Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда яшил қопламалар ташкил этиш, Сирдарё вилоятининг чегарадош ҳудудларида 84 километрлик “яшил девор” барпо қилиш, тоғ ва тоғолди ҳудудларида “терраса” усулида дарахт ва буталар экиш, деградацияга учраган ерларда замонавий агротехнологияларни синовдан ўтказиш таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари чўл ҳудудларига фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки янги иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида қараш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда “чўл иқтисодиёти” ёндашувини ривожлантириш, қўриқ ва шўрланган ерларда барқарор даромад манбаларини яратиш, чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатчилигини йўлга қўйиш, галофит ўсимликлар етиштириш, яйловлар маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик, экологик туризм ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Қорақалпоғистонда чўл ўсимликлари кўчатхоналарини ташкил этиш, Оролнинг қуриган тубида илмий экспедициялар ўтказиш, Боботоғ ҳудудида замонавий усуллар асосида писта плантацияларини ривожлантириш, галофит боғлар тармоғини кенгайтириш таклиф этилди. Шунингдек, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва уруғлар бўйича минтақавий банк яратиш, халқаро фондлар ва хусусий инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тақдимотда Марказий Осиё давлатлари билан экологик ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот маркази фаолиятини кенгайтириш, “Яшил қалқон” минтақавий дастури доирасида амалий лойиҳаларни кўпайтириш, 2040 йилгача чўлланишга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуслари илгари сурилди.

Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўлидаги ўрни, халқаро туризм маркази сифатидаги салоҳияти, стратегик географик жойлашуви ҳамда мавжуд сув ва транспорт инфратузилмасини инобатга олган ҳолда уни Марказий Осиёда экологик барқарор, иқлимга мослашган ва замонавий “Яшил шаҳар” намунасига айлантириш назарда тутилмоқда. Шунга мувофиқ, тақдимотда шаҳарлар экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича “Green Samarkand” модели кўриб чиқилди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси иштирокида “Яшил Самарқанд” лойиҳа офиси ташкил этилади. Ушбу офис шаҳарсозлик, экология, транспорт, қурилиш, туризм, саноат ва коммунал хизматлар соҳаларида белгиланган тадбирларни ягона тизимда мувофиқлаштиради.

Иқлим сиёсати йўналишида Самарқанд шаҳри учун 2030 ва 2035 йилларга мўлжалланган углерод чиқиндиларини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари ҳамда “Carbon Neutral Samarkand” “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Шунингдек, яшил ва иқлим лойиҳаларини молиялаштириш учун “Green Samarkand Climate Finance Facility” платформаси, натижаларни очиқ эълон қилиш ва мониторингини юритиш учун “Green Samarkand Dashboard” рақамли платформаси ишга туширилади.

Туризм ва биохилма-хиллик йўналишида “Яшил Самарқанд” бренди, “Green Hotels Samarkand” рейтинг тизими, “Samarkand City Biodiversity Index” методологияси, “Urban Biodiversity Samarkand” пилот лойиҳаси ва “Биохилма-хилликни асраймиз” кўнгиллилар дастури амалга оширилади. Шу орқали Самарқанд шаҳри экологик туризм, яшил инвестициялар ва барқарор шаҳарсозлик ечимлари марказига айлантирилади.

Умуман, лойиҳа доирасида Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” сифатида шакллантириш учун ташкилий, молиявий ва амалий асослар яратилади.

Қора металлургияни янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон металлургия комбинатида қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда металл маҳсулотларига эҳтиёж 3 карра ортиб, 5,5 млн. тоннага етди, 2030 йилгача эса металл маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 1,5 баробар кўпайиб, 8 млн. тоннадан ошади.

Бугунги кунда Бекобод металлургия комбинати металл прокатнинг 40 фоизини иккиламчи металлдан, 60 фоизини импорт ҳисобидан ишлаб чиқармоқда. Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом комбинатга топширилаётган бўлса-да, яна 500 минг тонна металлолом яширин айланмада қолмоқда. Шу боис, қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади. 1 августдан “Е-лом” электрон платформасини ишга тушириб, қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди.

Мамлакатимизда 1,5 млрд. тонна темир руда захираси мавжудлиги қайд этилди. “Сурун-ота” конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган. Шунингдек, “Тебинбулоқ” конини ишга тушириш орқали йилига 1 млн. тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилиши, Тожикистон металлургия комбинатидан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини олиб келиш бўйича шартномани расмийлаштиришни тезлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхона фаолият юритмоқда. Уларни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 млн. доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.

Йиғилишда металл маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш, йирик комбинатлар ва хусусий корхоналар ўртасида кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун ишга туширилган Қуюв-прокатлаш мажмуаси ҳисобига автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари соҳаларида 1,5 млрд. долларлик маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилмоқда.

Бекобод металлургия комбинатидаги 90 гектар майдонда тайёр инфратузилмага эга “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки” ташкил этилади. У ерда қора металлар бўйича R&D илмий-тадқиқот маркази ва халқаро сертификат берадиган замонавий лаборатория ишга туширилади. Шунингдек, Самарқанд, Жиззах, Наманган ва Сирдарёдаги йирик металлургия корхоналари атрофида жами 100 млн. долларлик кооперация лойиҳалари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу ҳудудларда қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш ва янги маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишда металлургия саноатида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Олмалиқ комбинатида сунъий интеллект орқали операцион харажатлар, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича натижалар борлиги қайд этилди.

Металлургия саноатига “ақл маркази” сифатида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази белгиланди. Бундан ташқари, соҳага Навоий ва Олмалиқ комбинатларининг илмий марказлари, Технологик металлар комбинатининг “Ўзбекистон – Корея” илмий-технологик маркази, Тошкент техника университети, Навоий кончилик ва технологиялар университети, Олмалиқ техника институти ҳамда “Москва пўлат ва қоришмалар институти”нинг Олмалиқ филиали бириктирилди.

Ушбу илмий муассасалар ва олийгоҳлар янги турдаги материалларга талабни, уни қоплаш учун қайси ҳудудда қандай лойиҳа қилиш ва қандай технологиядан фойдаланиш зарурлигини, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади. Ҳар бир ҳудуд кесимида бир йиллик, уч йиллик ва беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига металлургия соҳасидаги муаммоларни бир жойга жамлайдиган рақамли платформани ишга тушириш топширилди. Илмий ишланмаларни молиялаштириш ва амалиётга жорий қилиш бўйича венчур фонд ташкил этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар