АҚШ Эксимбанки ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси раҳбарияти билан учрашув
16 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида мазкур институтларнинг Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минералларни ўзлаштириш, энергетика, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда рақамлаштириш каби юқори технологияли стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
АҚШ Эксимбанки билан ҳамкорлик йўналишида энергетика тармоғини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан келишувга эришилди. Маҳаллий тадбиркорларнинг устувор соҳалардаги ташаббуслари учун экспорт кредитларини тақдим этишни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. DFC корпорациясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, энергетика тармоғи ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Тошкентда янги халқаро аэропортни қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш, рақамли банкни ишга тушириш, дата-марказлар ва қуруқ портларни барпо қилиш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг амалий босқичига ўтиш зарурлиги таъкидланди. Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув
16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев V Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказди. Учрашувда АҚШ Эксимбанки президенти ва раиси Жон Йованович, Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэк, АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, шунингдек, Air Products, Cove Capital, Templeton Global Investments, Boeing, 77 Construction, Black Rock, FLS, Visa, JP Morgan, Meta, GULF корпорациялари раҳбарлари ва яна бир қатор компаниялар вакиллари иштирок этди. Давлатимиз раҳбари мазкур учрашув охирги йилларда вужудга келган яхши анъананинг давоми, АҚШ ишбилармонларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганининг тасдиғи эканини мамнуният билан қайд этди.
Учрашувда иқтисодий кун тартиби Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири экани алоҳида таъкидланди. Мамлакатимиз етакчиси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор долзарб йўналишларни белгилаб берди. Муҳим минералларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш, энергетика, металлургия, молия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа кўплаб соҳаларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
АҚШнинг йирик компаниялари раҳбарлари инвесторлар самарали фаолият юритишига яратилган қулай шароитлар учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, ўзларининг аниқ таклиф ва режаларини баён этдилар. Давра суҳбати якунида АҚШнинг етакчи компаниялари билан икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Air Products раҳбарияти билан учрашув
16 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Air Products компанияси бош ижрочи директори Эдуардо Менезесни қабул қилди. Мамлакатимизда юқори технологияли саноат корхоналарини барпо этишга фаол инвестиция киритаётган АҚШнинг мазкур компанияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Air Products саноат газларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири бўлиб, унинг бозор капиталлашуви 60 млрд. доллардан ошган. Компания ҳар йили 50 дан ортиқ мамлакатда 200 млн. тонна саноат газларини ишлаб чиқариб, 750 га яқин ишлаб чиқариш объектини ўз ичига олган тармоқни бошқаради.
Айни пайтда компаниянинг юртимизга йўналтирган инвестицияларининг умумий ҳажми 1 млрд. доллардан ошган. “GTL Uzbekistan” заводида саноат газларини қайта ишлаш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида водород ишлаб чиқариш ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида суюқ углерод диоксиди ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ҳамда Тошкент ва Қарши шаҳарларида таълим дастурлари амалга оширилган. Учрашув якунида компания иштирокидаги янги лойиҳаларни амалга оширишни “йўл харитаси” асосида жадаллаштириш юзасидан келишиб олинди.
Россия ҳукумати раиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустинни қабул қилди. Ўзбекистон – Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён унинг ҳажми 20 фоизга ошди. Энергетика, металлургия ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш суръатини сақлаб қолишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш ҳамда саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчиси ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда маданий ва таълим алмашинуви дастурларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Малайзия Бош вазири билан учрашув
16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда тўхтаб ўтган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан учрашув ўтказди. Самимий мулоқотда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, уларни амалий мазмун билан бойитиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Олий даражадаги ўзаро ташрифлар натижасида мамлакатларимиз ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилди. Хусусан, йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсди, қўшма корхоналар сони эса 50 тага етди. Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари айни кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Малайзиянинг Petronas корпорацияси делегацияси билан музокараларнинг аҳамиятига тўхталиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида стратегик лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлигини қайд этди. Жумладан, нефть-кимё, юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа устувор соҳалардаги лойиҳаларни илгари суришга эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ислом молияси, ҳудудлараро алоқалар, зиёрат туризми, тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини ошириш ҳамда маданият алмашинувлари йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди. Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хитойнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молия институтлари делегациясини қабул қилди. Учрашувда China Energy Engineering Corporation, China Datang, Sinoma Energy Conservation, China Southern Power Grid, CAMCE, CNNC, State Nuclear Uranium Resource Development компаниялари раҳбарлари ҳамда The Export-Import Bank of China ва Bank of China вакиллари иштирок этди. Энергетика ва геология соҳаларида ўзаро манфаатли юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш, банк-молия борасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги савдо-иқтисодиёт ва инвестиция йўналишларида жадал суръат билан ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди. Йилнинг ўтган даврида товар айирбошлаш ҳажми 6 млрд. доллардан ошди, Хитойдан 8 млрд. доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди. Мамлакатимизда қарийб 6 мингта қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
“Яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда энергияни сақлаш тизимлари қурилмоқда. Ушбу лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда фотоэлектр станциялар қувватини кенгайтириш, агровольтаикани жорий этиш ва электр узатиш линияларини қуриш каби янги ташаббусларни бошлаш режалари қўллаб-қувватланди.
Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш, дата-марказлар ва бошқа замонавий технологик ечимларни ривожлантириш соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тоғ-кон ва геология соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Бу борада конларда биргаликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва уларни ўзлаштириш, муҳим хомашёни етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Музокараларда Хитойнинг йирик банклари билан молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди. Инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль йўллари ва гидроэлектростанцияларини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Германия Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи
17 июнь куни “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқалар ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти Германия Президентининг ўз мамлакати ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини изчил ривожлантиришга ҳамда ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни илгари суришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Икки томонлама мулоқот жадал тус олиб, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо-инвестиция соҳасидаги ҳамкорликда барқарор ижобий суръат кузатилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 1,4 млрд. доллардан ортиб, жорий йилнинг ўтган даврида яна 5 фоизга кўпайди. Германиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 2025 йилда 2 млрд. долларга етди. Май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Германия иқтисодиёти кунлари ҳамда Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши 10-йиғилишининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбирлар якунида 1 млрд. долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари тўплами имзоланди.
Маданий-гуманитар алоқалар изчил мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 400 мингдан зиёд ёшлар немис тилини ўрганмоқда, 2 мингдан зиёд талабалар Германиянинг етакчи университетларида таҳсил олмоқда. Ўтган йили илк бор икки мамлакат университетларининг форуми бўлиб ўтди. Ўтган ҳафта немис университетлари консорциуми билан Самарқандда Ўзбекистон – Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолангани таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Давлат раҳбарлари саноат, энергетика ва “яшил иқтисодиёт”, транспорт ва логистика, тоғ-кон, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини қайд этдилар. Етакчилар автомобилсозлик, маиший кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида янги қўшма лойиҳа ва дастурлар ишга туширилаётганини олқишладилар. Тошкентда иккинчи Университетлар форуми ҳамда учинчи Ўзбекистон – Германия тиббиёт форумининг ўтказилиши қўллаб-қувватланди.
Томонлар минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама майдонларда, шу жумладан, “Марказий Осиё – Германия” формати доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Германия Федерал Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб бериши ҳамда икки томонлама муносабатларнинг барча жабҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини тасдиқладилар. Икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистонда шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳаларни бажариш учун грант маблағлари ажратиш ва имтиёзли молиялаштиришни назарда тутувчи молиявий ҳамкорлик соҳасидаги келишувлар имзоланди.
Икки мамлакат етакчилари ҳузурида бир қатор қўшма инвестиция ва таълим лойиҳаларига старт берилди. Тошкент шаҳрида “Volkswagen” автомобилларини йирик узелли йиғишни ташкил этиш, Андижон вилоятида логистика марказини барпо этиш, суюқ маиший ювиш воситаларини ишлаб чиқариш, темир йўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳамда замонавий имтиҳон марказларини очиш каби лойиҳалар шулар жумласидан.
ЕТТБ делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. ЕТТБ билан Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу етакчи кўп томонлама молиявий институт билан стратегик шериклик бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада экани катта мамнуният билан қайд этилди. Бугун Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади. Устувор йўналишлардаги лойиҳаларнинг умумий портфели 7 млрд. доллардан ошди. Инвестицияларнинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Экологик транспортни ривожлантириш, темир йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, тадбиркорлик, ипотека бозори ва мамлакат стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш соҳаларида янги келишувлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кўламини кенгайтириш, жумладан, экспортни молиялаштириш, аёллар ва ёшларни бизнес юритишга ўқитиш дастурларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш ҳамда банк-молия секторини трансформация қилиш жараёнларида иштирок этиш ва бошқа йўналишлар устувор этиб белгиланди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш бўйича режалар қўллаб-қувватланди. Лойиҳаларни тайёрлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда уларни амалга ошириш самарадорлигини яхшилаш мақсадида ЕТТБ экспертларини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилди.
Жаҳон банки делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Жаҳон банки таъсисчи давлатларининг “Швейцария гуруҳи” йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича кенг миқёсда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан икки томонлама алоқалар ва конструктив шериклик мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 15 млрд. доллардан ошди. Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Молиялаштиришнинг янги механизмлари самарали жорий этилмоқда. Жорий йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон банки олий раҳбариятининг ташрифлари ва қўшма тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режалари қўллаб-қувватланди. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишда Жаҳон банки гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сув хўжалиги соҳасини молиялаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга кўмаклашиш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Халқаро валюта жамғармаси “Швейцария гуруҳи”нинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган жамғарма бошқарувчи директорининг ўринбосари Бо Лини қабул қилди. Глобал молия бозорларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ушбу нуфузли халқаро институт билан амалий ҳамкорликни, энг аввало, ўтган йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида ХВЖ раҳбари билан ўтказилган учрашувда эришилган келишувлар доирасида янада мустаҳкамлашнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Юртимизда пул-кредит, валюта ва фискал сиёсатни такомиллаштириш каби йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Жамғарма муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Макроиқтисодий сиёсат стратегияси ва рақамли тўловлар тизимини ривожлантириш, капитал ҳаракатини либераллаштириш, миллий статистика методологияси ва давлат даромадларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда эркин валюта айирбошлаш курсини қўллаб-қувватлаш масалаларида экспертлик ва техник кўмакни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатимиз иқтисодий идоралари учун кадрлар тайёрлаш дастурларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Иордания делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман Ҳусайн Сафадий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон билан Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йили Самарқандда олий даражада ўтган сермаҳсул музокаралар икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани мамнуният билан қайд этилди.
Эришилган келишувлар доирасида жорий йилда парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилди, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг илк йиғилиши ўтказилиб, Ишбилармонлар кенгаши таъсис қилинди, шунингдек, ҳаво қатновлари йўлга қўйилди. Келгусида сиёсий мулоқотларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Италиянинг Тоскана вилояти делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 июль куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзбекистон – Италия стратегик шериклигини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча даражаларда икки томонлама мулоқотлар фаоллашгани ва ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 25 фоизга ошди. Ўзбекистонда металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида Италиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Тосканани кўп асрлик тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туриши таъкидланди. Жумладан, Флоренция билан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ўртасида фаол савдо-сотиқ қилинган, флоренциялик савдогар ва дипломатлар эса Амир Темур саройида қабул қилинган.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилда мазкур филиал илк битирувчиларни чиқаради. Прато шаҳрида мамлакатимизнинг тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи ишламоқда. 2024 йилда Флоренциядаги Уффици галереясида юртимизнинг авангард санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
Тоскана вилояти билан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва заргарлик саноати, қурилиш ҳамда таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди. Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида шериклик алоқаларининг ривожланаётгани ҳамда ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани юксак баҳоланди.
Учрашув якунида Тоскана билан мамлакатимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни назарда тутувчи қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш ва қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №7/2026
Изоҳ қолдириш