АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 2022-2023 ўқув йилида ягона мактаб формаси жорий этилиши юзасидан маълумот берди.
Мактабда ёшларимизга таълим бериш билан бир қаторда, уларни ҳар томонлама тарбия қилиш ҳам бугунги долзарб масалалардан биридир. Зеро, ҳар бир бола мактаб ёшида ҳаракатлари орқали ўз индивидуаллигини намойиш этишга интилади. Лекин мактаб қучоғида ўқувчи ўзлигини фақат билими ва одоби билан кўрсатиши зарур.
Акс ҳолда бошқалардан ажралиб туришга интилиш, кийинишдаги ўзига хослик натижасида ким ўзарга ўтиб кетиши ва бу омил ўқувчининг билим олишига кескин салбий таъсир кўрсатиши олимлар томонидан илмий жиҳатдан исботланган.
Шундан келиб чиқиб, мактаб формаси қатор ривожланган мамлакатларда ҳам жорий этилганини қайд этиш зарур.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги 271-сон қарорига асосан янги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун ягона мактаб формасини жорий этиш белгиланган.
Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, ижтимоий тенгликни таъминлашдан иборат.
Айтиш жоизки, мактаб формаси масаласида бир кунда қарор қабул қилингани йўқ. Бунга узоқ муддатли ўрганиш ва таҳлиллар, хусусан, 2018 йилдан бошлаб кўплаб мактабларда ўтказилган тажриба-синов жараёнлари асос бўлган.
Мактаб формаси дизайни бир неча вариантлар орасидан танланиб, санитария қоидалари ва гигиена нормативларига мослиги бўйича тўқимачилик маҳсулотлари учун белгиланган сифат талабларига мувофиқлиги қатъий назоратга олинган.
Сўнгги кунларда кенг жамоатчилик томонидан мактаб ўқувчилари учун ягона мактаб формасини жорий этилиши муҳокама бўлмоқда ва турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Барчамизга маълумки, инсон қадрини улуғлаш, очиқлик тамойили Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади ҳисобланади. Шу боис ҳурматли ота-оналаримизнинг ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида қуйидагиларни маълум қиламиз.
Биринчидан, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.
Яъни, янги ўқув йили 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди.
Иккинчидан, миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларимизнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди.
Учинчидан, ўқувчи-қизларнинг либослари, яъни юбка ва кофта енгларининг узунлиги борасида ҳам айрим тушунмовчиликлар бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, тасдиқланган ўлчамларда энг минимал узунлик белгиланган. Яъни ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.
Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилади.
Шунингдек, ота-оналаримизга алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим, мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.
Мактаб формаси савдоси август ойидан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳар марказларидаги аҳолига қулай жойлар ҳамда мактаб ярмаркаларида ташкил этилади.
Халқ таълими вазирлиги ота-оналар ва ўқувчиларнинг мактаб формаси дизайни ва сифати бўйича ҳар қандай таклифларини кўриб чиқишга ва биргаликда ягона форма дизайнларини такомиллаштириб боришга тайёр эканлигини маълум қилади.
Шу билан бирга ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда жорий ўқув йилидан бошлаб ўқитувчилар учун ҳам ягона форма жорий этилаётганлиги ҳақида ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқалмоқда.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчилар учун бундай талаб жорий этилмаганлигини, бу оддий “фейк” хабар эканлигини қатъий таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ўз навбатида, Вазирлик томонидан тез орада Матбуот анжумани ташкил этилиши, унда халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар ва янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилиши режалаштирилган ҳамда мазкур тадбирда барча масалалар, хусусан мактаб формаси бўйича атрофлича ахборот берилади.
Изоҳ қолдириш