Бугунги кунга қадар 650 минг нафардан ортиқ болалар республика бўйича 1-синфга қабул қилинди. Бу кўрсаткич қабул режага нисбатан 92%ни ташкил этади, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, электрон қабул жараёнлари ўтказилаётган ҳудудудларда жами 80 минг нафардан ортиқ болалар my.maktab.uz платформаси орқали мактабларга онлайн тарзда қабул қилинган.
"20 июндан 31 июлга қадар ота-оналар томонидан бириктирилган микроҳудуд бўйича онлайн юборилган 55 049 та аризалар мактаблар томонидан қабул қилинди. Жорий йил 1 августдан бошлаб фарзандларини 1-синфга жойлаштириш учун my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали ота-оналарга микроҳудуддан ташқари бўш ўринлар бўйича қўшимча ариза топшириш бошланди", дейилади вазирлик хабарида.
Ўн беш кунда (1-15 август куни) микроҳудуддан ташқари бўш ўринлар бўйича ота-оналар томонидан 34 206 та аризалар қабул қилинган бўлиб, топширилган аризалар бўйича 31 799 нафар ўқувчилар 1-синфга қабул қилинган ва 2407 нафар ота-оналар онлайн навбат асосида умумтаълим мактабларига боришлари кутилмоқда.
"Микроҳудуддан ташқари қабул учун аризалар юбориш жорий йилнинг 30 августига қадар давом этишини маълум қиламиз", дейилган ХТВ матбуот хизмати ахборотида.
16 августдан бошлаб Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидан ташқари бошқа ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларга микроҳудуддан ташқари қабул учун ариза юбориш жараёни ишга туширилган.
Изоҳ қолдириш