Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида бир қанча топшириқлар берди

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида бир қанча топшириқлар берди

Бугун, 22 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди. Давлат раҳбари вилоятнинг кластер ва саноат корхоналарида, фермер хўжалиги даласида бўлди, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалардаги ўзгаришлар билан танишди.

Айни вақтда Қарши шаҳрида халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги таҳликали замонда ички имкониятларга таяниш ва уларни самарали ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

Сессияда Қашқадарё вилояти ҳокимини тасдиқлаш масаласи кўрилди.

- Қаерга уддабуррон раҳбар қўйилган бўлса, натижа бўлаяпти. Қашқадарёга, 3 ярим миллиондан кўп аҳолиси бўлган элга раҳбар бўлиш осон эмас. Бундай раҳбар топиш ҳам осон эмас. Қашқадарёнинг ери бой, тупроғи унумдор, одамлари меҳнаткаш. Фақат уларни бирлаштириб, елкадош бўлиб, ҳалол ишлаш керак. Ҳокимни ҳоким қиладиган, уни ишини кўрсатадиган шу халқ. Маҳаллий депутатлар, нуронийлар, умуман, одамлар бефарқ бўлмаса, Қашқадарёнинг қадамлари тезлашади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари 2021 йил ноябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Азимов Муротжон Бердиалиевич номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Долзарб муаммоларни ҳал этиш учун маблағ ажратилади

Бу йил Қашқадарёда ижтимоий соҳа ва инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб муаммоларни ҳал этиш учун республика бюджетидан қўшимча 360 миллиард сўм ажратамиз - Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, халқаро молия институтлари маблағларидан 100 миллион доллар имтиёзли маблағлар йўналтирилади.

Ушбу қўшимча ажратилаётган 360 миллиард сўм ва 100 миллион доллар ҳисобига аҳволи энг оғир бўлган объектларда бажариладиган ишларнинг дастлабки манзилли рўйхати шакллантирилди.

Президент душанба куниёқ Молия вазирлиги 100 миллиард сўм ссуда ҳамда Инвестициялар вазирлиги 100 миллиард сўм маблағни ажратиши бўйича топшириқ берди.

125 миллиард сўм ҳисобидан коэффициенти 2,5 дан юқори бўлган 19 та мактабга қўшимча бино қурилади. 62 миллиард сўм ҳисобидан 4,5 мингта синфхонани 66 мингта парта ва 5 мингта доска билан таъминланади.

Шавкат Мирзиёев берган топшириқлар:

- 337 миллиард сўм ҳисобидан ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш бўйича лойиҳаларни бир ҳафта муддатда бошлаши керак.

- қўшимча ажратилаётган 125 миллиард сўмга Косон, Нишон ва Касби туманларидаги 150 километр яроқсиз лотокларни алмаштириш керак.

- қўшимча ажратилган 354 миллиард сўм эвазига йўллар ва кўприкларни таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириши лозим.

- қўшимча ажратилган 93 миллиард сўм ҳисобидан тиббиёт, спорт объектларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ободонлаштириш ишларини таъминлаши керак.

Китоб туманидаги Ургут эркин иқтисодий зонаси филиали ҳудуди орқали 15 километр темир йўл қуришига бюджетдан 50 миллиард сўм берилиши маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев: куни кеча ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча 300 миллион доллар маблағ ажратиш тўғрисидаги қарорни имзоладим.

Шундан 45 миллион долларни Қашқадарёдаги тадбиркорлар лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирамиз. Гази, cуви, инфратузилмаси бор ерларда яхши лойиҳалар керак. Ишчи жойлар осмондан тушмайди. Агар яна маблағ кўпайтириш керак бўлса, мен яна кўриб чиқишга розиман.

Шавкат Мирзиёев бир ой муддатда Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 25 минг гектар ерларни сув билан таъминлаш учун 365 миллиард сўмлик “Аёқчисой” сел сув омборини қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

Вилоятнинг оғриқли муаммоси – уй-жой қуриш бўйича режалар

Шавкат Мирзиёев: Жорий йилда жами 5 минг 36 квартирали 143 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилади. Косон туманининг “Дўстлик”, Яккабоғ туманининг “Айғиркўл” маҳаллаларида ва Кўкдала туманининг Еттитом шаҳарчасида “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этишни бошладик. Бунда, шу йилнинг ўзида 1 минг 316 квартирали 65 та кўп қаватли уйлар, 3 та боғча, 3 та мактаб, 1 та тиббиёт муассасаси ва кўплаб замонавий хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” томонидан янги ташкил этилган “GTL" заводи ишчиларини уй-жой билан таъминлаш учун Ғузор туманида ҳам “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилади ва жорий йилда 200 хонадонли 10 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади.

Жорий йилда вилоят аҳолисига 730 миллиард сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда 1 минг 795 та эҳтиёжманд оилага 72 миллиард сўм субсидия ажратилиши маълум қилинди.

Шунингдек, бу йил 30 та қишлоқ ва маҳаллалар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари билан қамраб олиниб, бунга 460 миллиард сўм йўналтирилади.

Натижада, 131 минг нафар аҳоли, жумладан “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган 4 минг нафар фуқаронинг яшаш шароити яхшиланади.

Яна 99 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, болалар майдончаларини қуришга 36 миллиард сўм йўналтирилади.

Қашқадарёда ичимлик суви билан таъминлашни тўлиқ 100 фоизга етказиш учун ҳаракатдан тўхтамаймиз, сув бўлмаса, аҳоли соғлиғи яхши бўлмайди- Шавкат Мирзиёев.

Инфратузилма дастури доирасида ва қўшимча ажратилаётган жами 575 миллиард сўм ҳисобидан 1 минг 823 километр ичимлик сув тармоқлари, 74 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.

Натижада, 500 минг нафар аҳоли илк бор сифатли ичимлик сув билан таъминланади, 160 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Марказлашган ичимлик сув таъминоти 43 фоиздан 58 фоизга етказилади.

Электр энергияси, газ муаммоси

Жорий йилда 1 минг 215 километр электр узатиш тармоқлари, 330 дона трансформатор ва 3 та юқори кучланишли подстанция қурилади.

Натижада, 479 та маҳалладаги 270 минг аҳоли ва 5 мингдан зиёд тадбиркорларнинг электр энергия таъминоти яхшиланади.

Давлат раҳбари Китоб, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрининг газ таъминотини яхшилаш учун 1 сентябрга қадар қўшимча 14 километр газ тармоғи тортиб келиш бўйича топшириқ берди.

Бунда, 9 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти қайта тикланади ва 240 та корхонанинг газ таъминоти яхшиланади, 300 та корхона газ тармоғига уланади.

Шавкат Мирзиёевнинг қашқадарёлик хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича берган топшириқлари:

- 8,5 минг нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 83 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилади.

- вилоятда 500 нафар эҳтиёжманд аёлларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар берилади.

- ижарада яшаётган 785 нафар аёлларга компенсация ажратилади, 112 нафар муҳтож ва уй-жойсиз ёлғиз аёллар ижтимоий уйларга жойлаштирилади.

- 4 минг 700 нафар ёлғиз ва муҳтож аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўлови бюджетдан қоплаб берилади.

- янги ўқув йилидан 12 минг 410 нафар талаба қизларга контракт тўлови учун фоизсиз кредитлар беришни бошласин.

- янги ўқув йилидан бошлаб, магистратурада контракт асосида ўқиётган 702 нафар талаба қизларнинг контракт пулларини бюджетдан тўлаб беришни таъминласин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар