"Рақамли иқтисодиёт" бўйича яна бир муҳим ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини ва ҳаёт сифатининг барқарор яхшиланишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди.

Қарорга кўра:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Рақамли Тошкент” комплекс дастури (кейинги ўринларда – Дастур) амалга оширилади.
  2. “Рақамли Тошкент” комплекс дастурининг асосий вазифаси этиб шаҳар хизматларини бошқариш, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш, йўл транспорт ва коммунал инфратузилманинг интеграциялашган ахборот муҳитини яратиш ва кейинчалик муваффақиятли тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида татбиқ этиш белгиланди.
  3. Дастурга асосан 2020 йил 1 майга қадар авиа, темир йўл ва бошқа транспорт хизматларига электрон чипталарни онлайн сотиб олиш ягона ахборот тизимини жорий этилади.

Шунингдек, 1 сентябрга қадар барча умумтаълим мактабларида журнал ва ўқувчиларнинг кундаликларини қоғоз шаклида юритишни бекор қилиниб, уларни электрон тарзда юритишга мўлжалланган ягона ахборот тизимини ишга туширилади.

Жорий йилнинг 1 ноябрига қадар коммунал хизматлар (табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув ва иссиқ сув) бўйича тўловларни онлайн тўлаш ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни таъминловчи “Менинг уйим” ягона ахборот тизимини жорий этилади.

2020 йилнинг 1 декабригача “Ягона электрон тиббий карта” ахборот тизимини жорий этиш ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига 62 та оилавий поликлиника уланади.

  1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида масъулияти чекланган жамияти шаклида Рақамли ривожланиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилиб, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
  • шаҳарнинг географик ахборот-таҳлил тизимини яратиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини, маълумотлар базаларини ва бошқа ахборот манбаларини ягона дастурий платформа орқали Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
  • Дастурнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот тизимларида маълумотларнинг ҳимояси ва сақланишини таъминлаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш;
  • ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни тижоратлаштириш, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг кредитлари ва грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилиш;

Департамент тузилмасида тармоқ Лойиҳа офислари (кейинги ўринларда – Лойиҳа офислари) ташкил этилади ва уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг концепциялари, лойиҳа ва техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тегишли йўналишлардаги ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларга хизмат кўрсатиш;
  • шаҳар хизматларининг рақамли маълумотларини бирхиллаштириш ва уларнинг Дастурга интеграциялашуви, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларида ягона идентификатор ва таснифлагичларни жорий қилиш ҳамда улардан фойдаланиш;

Департамент ҳузурида “Рақамли пойтахт” ахборот-таҳлил маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилади ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • шаҳар хизматларида ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги натижасида олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш;
  • шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришда тизимли муаммоларни аниқлаш, шаҳар хизматлари самарадорлигини ошириш ва умуман, шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Департамент фаолиятини ташкил этсин, уни малакали мутахассислар билан тўлдирсин.
  1. Департамент ходимларига давлат бошқаруви органларининг ходимларига белгиланган иш ҳақи миқдори ҳамда қонунчиликда белгиланган қўшимча ва устамалар қўлланилади.

Тошкент шаҳар ҳокимига Департаментга мутахассисларни бир йиллик меҳнат шартномалари асосида иш ҳақини мустақил белгилаган ҳолда ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов (тендер) савдоларини ўтказмасдан, тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали мустақил консалтинг ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқи берилди.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари Департаментнинг жорий харажатларини молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Департаментнинг жорий харажатларини молиялаштиришни 2020 йилда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан, 2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширади.

  1. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб қуйидаги йиғимлар ва жарималар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади:
  • Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) ҳуқуқи учун ойлик йиғим, ташқи реклама объектлари учун реклама жойлари паспортларини беришдан тушадиган маблағлар ҳамда ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқи учун электрон аукцион якунлари бўйича тўланган маблағлар (аукцион савдоларини ўтказганлик учун савдо ташкилотчисига тўланадиган маблағ чегириб қолинган ҳолда);
  • Тошкент шаҳрида ташкил этилган йўл четида пуллик вақтинча автомобиль тўхтаб туриш жойларида тўхтаб туриш қоидаларини бузилганлиги учун жарималар;
  • Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг 80 фоизи, қолган 20 фоизи эса – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига.
  1. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ижро аппарати тузилмасига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ҳоким ўринбосари – Департамент раҳбари лавозими киритилади.

Вазирликлар ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул бўлган ўринбосарлари Департамент ва Лойиҳа офислари билан самарали ҳамкорлик қилиш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

  1. Дастур доирасида лойиҳаолди ўрганишлар, лойиҳани амалга ошириш бўйича концепция ва техник топшириқларни ишлаб чиқиш Лойиҳа офислари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек:

  • Лойиҳа-техник ҳужжатларининг экспертизаси фақат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан ўтказилади;
  • Aхборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларни ва интеграторларни жалб қилиш, улар билан шартномалар тузиш Департамент томонидан танлов орқали амалга оширилади;
  • Департамент ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар ва интеграторлар билан 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда лойиҳалар бўйича Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари ўртасида танлов ўтказиш йўли билан шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.
  1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
  • ноёб идентификаторлар, каталоглар ва таснифлагичлардан фойдаланилиши бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини тўлиқ хатловдан ўтказилишини;
  • идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талаблари, стандартлари ва шаклларини, шунингдек, Дастурни амалга ошириш доирасида таснифлагич ва маълумотномалар рўйхати тасдиқланишини;
  • амалдаги маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларнинг бошқа ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциясини амалга ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларини интеграция қилиш чоралари ишлаб чиқилишини;
  • Департамент ва Марказга Тошкент шаҳрининг “Хавфсиз шаҳар” интеграциялашган тизимига кириш ҳуқуқи берилади.
  1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети негизида давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари – Дастур ижрочиларининг рақамли технологиялар ва дастурий маҳсулотлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини босқичма-босқич ошириш дастури ишлаб чиқилади.
  2. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар аппарат-дастурий комплексларни яратиш бўйича мавжуд давлат стандартлари ва техник талабларини қайта кўриб чиқилади.
  3. 2020 йил 1 сентябрдан ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишда давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларга мажбурдирлар:
  • Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона технологик ечимлар, таснифлагичлар ва стандартлардан фойдаланиш;
  • дастурий маҳсулотларни жорий этишда асосан лицензиялаш чекловларидан холи ягона очиқ форматдаги электрон ҳужжатлардан фойдаланишни таъминлаш;
  • тасдиқланган тегишли миллий стандартлар ва техник талабларга мувофиқ аппарат-дастурий тизимларни ўрнатиш;

2020 йил 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборотни шакллантириш, сақлаш ва қайта ишлаш фақат қуйидаги ноёб идентификаторлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

  • жисмоний шахслар – жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
  • юридик шахслар – солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
  • кўчмас мулк – кадастр рақами;
  • манзиллар – географик код;
  • транспорт воситалари – транспорт воситасининг идентификация рақами.

Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тегишли йўналишларда махсус ўзига хос идентификаторлар белгиланиши мумкин.

  1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2020 йил 1 майга қадар шаҳар инфратузилмасининг ҳолати, давлат хизматларининг сифати ва аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун “Халқ назорати” портали ва мобил иловасини ишга туширади.
  2. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий географик ахборот тизими фаолияти доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига зарур картография материалларини тақдим этади. Шунингдек, кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрига кириш, кўчмас мулк объектларига географик жойлашишни ҳисобга олган ҳолда объектнинг фазовий маълумотлари тақдим этилади.
  3. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли Тошкент вазиятлар маркази Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, И.Каримов кўчаси, 51-бинода жойлашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудудида қурилади.
  4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда “Ўзбектелеком” АК Ахборотни қайта ишлаш марказининг технологик майдончасида Дастур лойиҳаларини жойлаштириш учун зарур сервер имкониятларини белгиланган тартибда ажратилади.
  5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда комплекс дастур лойиҳалари амалга оширилишининг жамоатчилик назоратини ташкил этиш, лойиҳаларнинг ҳолати, иштирокчилари, молиялаштириш ва зарур ускуналарни етказиб берувчилари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш учун очиқ ахборот порталини ишга туширади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар