“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури тасдиқланди

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури тасдиқланди

Бугун 2020 йил 2 март куни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Президенти Фармони имзоланди.

Бу йилги давлат дастури 299та банддан иборат бўлиб, унда умумий қиймати 18,2 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳалар тасдиқланмоқда.

Шулардан:

Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари мақсадли фондлар ҳисобидан – 12,9 трлн. сўм;

Ижрочилар ва банклар маблағлари ҳисобидан – 2 трлн. сўм;

Халқаро молия институтлари маблағлари ва грантлар ҳисобидан 3,3 трлн. сўм ва 10,3 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳалардир.

Эслатиб ўтамиз, Давлат дастури лойиҳаси 2020 йил 11-20 февраль кунлари жамоатчилик муҳокамаси учун 2020.strategy.uz ва regulation.gov.uz веб-порталларига жойлаштирилган эди. Давлат дастури лойиҳаси 320та банддан иборат бўлган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилганди. Унинг доирасида жами қиймати 17,5 трлн сўм ва 9,6 млрд долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

"Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Президенти фармонида келтирилишича, 2020 йил 1 апрелдан Тошкентда доимий пропискасиз уй сотиб олиш мумкин бўлади:

кўчмас мулк харид қилишда Ўзбекистан фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаби ва янги қурилган уйлар бўйича олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинмоқда;

доимий пропискага қўйишда бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси қоидаларига риоя этиш талаби белгиланмоқда (ушбу қоида қариндошларни доимий пропискага қўйишда татбиқ этилмайди);

(ижтимоий норма 1 киши ҳисобига - 16 кв.м.дан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун - 23 кв.м.дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланган.

Давлат дастурига кўра, 2020 йил 1 апрелдан 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён доимий истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда бериш амалиёти жорий қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида Вазирлар Маҳкамасига бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берган эди.

Шунингдек, дастурда 2020 йилда Қонунчилик палатаси ва Сенат фаолиятига:

фуқаролар мурожаатлари асосида Интернет тармоғида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш амалиёти;

сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизимини жорий этиш белгиланмоқда.

2020 йил 1 июлдан бошлаб Қонунчилик палатаси мажлисларида:

давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича;

ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини мунтазам эшитиш тартиби жорий қилинмоқда.

2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашиш буйича мустақил органни тузиш ишлари якунига етказилади.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан:

“Рақамли Ўзбекистон - 2030” дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади;

“Электрон ҳукумат” тизими такомиллаштирилади;

маҳаллий IT-технологиялари бозори салоҳияти оширилади;

давлат маълумотларини бошқариш тизими яратилади.

2020 йил 1 майдан фақат томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати бўлганда прокурорнинг суд қарори қонуний кучга кирган ишларни суддан талаб қилиб олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

2020 йил 1 июлдан бошлаб:

“Mening fikrim" веб-порталининг мобиль иловасини ишга тушириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш;

мурожаатларни депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ОАВда муҳокама қилиш белгиланмоқда.

2020 йил 1 августга қадар Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланмоқда.

2020 йилда пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотларини тақдим этмасдан:

2005-2016 йиллар даври учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

2016-2018 йиллар даври учун Пенсия жамғармасига ўтказилган суғуртa бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

2019 йил учун фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланиш бўйича механизм жорий этилади.

2020 йилдан пахта етиштириш ва мажбурий сотиш ҳажмини, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиётини бекор қилиш, ғалла сотиш параметрларини 25 фоизга камайтириш белгиланмоқда.

2020 йил 1 июнга кадар Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ФҲДЁ органлари фаолиятига:

хизматлардан масофадан туриб ва экстерриториал фойдаланиш;

видеоконференцалоқа, “онлайн” навбат ва почта алоқаси хизматларини амалга ошириш имконини берувчи ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар киритилади.

2020 йилда лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни камида икки баравар қисқартириш назарда тутилмоқда.

2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилган ҳолда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60 фоизга етказилади.

2020/2021 ўқув йилидан ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштирилади ва олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар 2 баравар қисқартирилади.

2020 йил 1 сентябрдан мактабларда болаларни электрон ўқитиш бўйича тажриба тариқасидаги ахборот тизимлари (электрон дарслик ва кундаликлар) қоғоз ҳужжатларни бекор қилган ҳолда жорий этилади.

2020/2021 ўқув йилидан:

олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари босқичма-босқич икки баравар оширилади (22 696 тадан 45 392 тага);

талабаларга ўқув йили давомида тенг улушда камида 4 маротаба ўқиш учун пул тўлаш имконияти тақдим этилади;

Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида масофавий ўқитиш шакли жорий этилади.

2020 йил якунига қадар мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишга тайёргарлик якунига етказилади ва 2021 йилда ушбу тизим тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида ишга туширилади.

2020 йил 1 майга қадар:

Ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари қайта кўриб чиқилади;

мазкур жараёнларни рақамлаштириш, “фрилансинг” (масофадан туриб ишлаш) имкониятларини оммалаштириш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилади.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасида:

2020 йил 1 сентябрга қадар халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда давлат сири деб ҳисобланган маълумотлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда уни махфийликдан чиқариш бўйича чоралар кўрилади;

2020 йил 1 сентябрга қадар киберхавфсизликка дойр миллий стратегия ва қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади;

2020 йил 1 майга кадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистан Республикасининг миллий стратегияси тайёрланади;

2020 йил 1 июнга қадар Ўзбекистан Республикаси ягона ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади;

2020 йил июль ойида - “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги” ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивали ўтказилади;

2020 йил май ойида - Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ташкиллаштирилади.

“Халқаро мунозара клуби”нинг ташкил этилиши назарда тутилмоқда ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида аҳоли ва экспертлар ўртасида сўровлар ҳамда ўрганишлар ўтказиб бориш.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар